Explainers

Британиядаги террор ҳужумлари

Манчестер шаҳридаги "Манчестер Арена" томошагоҳидаги худкушлик ҳужуми оқибатида 22 инсон ҳалок бўлган ва 59 киши жароҳатланган.

Би-би-си Британияда сўнгги йилларда уюштирилган террорчилик хуружлари тарихига назар ташлади.

2005 йил 7 июлидаги Лондон ҳужумлари

Image copyright PA

Тўрт худкуш ҳужумчи 2005 йилнинг 7 июл куни Лондон транспорт тизимини нишонга олди. Бу кун кўпинча матбуотда 7/7 деб тилга олинади.

Учта қўлбола бомба Лондон метросида бирин-кетин портлатилган: Олдгейт станцияси яқинидаги портлашда олти инсон ҳалок бўлган, Эджвер-Роуддаги портлашда етти киши ҳалок бўлди, Кингс-Кросс ва Рассел-Сквер метро бекатлари ўртасидаги портлаш 27 инсоннинг умрига зомин бўлди.

Тўртинчи портлаш йўловчилар билан тўла бўлган автобусда содир этилган. Тависток-Скверда рўй берган портлашда 14 киши ҳалок бўлган.

Ҳужумчилар Лондон шимолида истиқомат қилган исломий экстремистлар бўлганлар. Уларнинг етакчиси Муҳаммад Сиддиқ Хон бўлган деб хабар қилинган.

Бомбачиларнинг уч нафари Британияда туғилиб ўсганлар, улар Покистондан келган муҳожирларнинг фарзандлари бўлганлар.

Орадан икки ҳафта ўтиб яна Лондоннинг бир неча транспорт тармоғини нишонга олган портлашларни уюштиришга ҳаракат бўлган. Бироқ бу гал ҳужумчининг портловчи моддаси портламай қолган.

2007 йил 30 июн. Глазго аэропортига ҳужум

Image copyright PA

Гордон Браун Бош вазир бўлганидан уч кун ўтиб икки киши Jeep автомобилини Глазго аэропорти терминалига бориб уриб портлатишга уринганлар. Автомобил аланга ичида қолган.

Ҳужумчилардан бири ота-онаси ироқлик, Британияда туғилиб катта бўлган Билол Абдуллоҳ бўлган. У Royal Alexandra Hospital шифохонасида врач бўлиб ишлаган. Билол Абдуллоҳ автомобилдан чиқиб бинодаги инсонларга ҳужум қилишга интилган, бироқ полиция томонидан қўлга олинган.

Автомобил ҳайдовчиси Кафил Аҳмад ёнаётган машинадан чиққан. Бадани қаттиқ куйгани учун кейинроқ ўлган. Бу ҳужумда бошқа қурбон бўлмаган.

Кейинроқ маълум бўлишича, Глазгодаги ҳужум билан Лондон тунги клубида икки кун олдин режалаштирилган, лекин муваффақиятсизликка учраган портлашга уриниш ўртасида боғлиқлик бўлган.

Ли Ригби, 2013 йил 22 майи

Image copyright Metropolitan Police

Икки киши Майкл Адеболажо ва Майкл Адебовале Лондон жануби-шарқидаги Вуличда жойлашган бараги ёнида бораётган пайти Британия аскари Ли Ригбига ҳужум қилганлар.

Ригбининг устига автомобил билан ҳайдаб бориб урганлар. Сўнг аскар чопқи билан ўлдирилган. Ҳужумдан кейин улар полиция келишини кутиб турганлар, ён-атрофдаги инсонларнинг телефонига нега ҳужум қилганлари мақсадини ёзганлар.

Улар Британия қуролли кучлари мусулмонларни ўлдираётганига жавобан қасд олиш учун аскарни ўлдирганларини айтганлар.

Икки ҳужумчи ҳам Британияда туғилиб ўсган, асли нигериялик ота-оналар фарзандлари бўлганлар, насроний сифатида тарбияланганлар, сўнгра Ислом динини қабул қилганлар.

Икки ҳужумчига ҳам бир умрлик қамоқ жазоси тайинланган. Адеболажога умрбод қамоқ жазоси, Адебовалега камида 45 йиллик қамоқ белгиланган.

Жо Кокс, 2016 йилнинг 16 июни

Image copyright BEN STANSALL

Британия парламентининг Лейборист партиядан аъзоси Жо Коксни Томас Мэйр деган одам отиб сўнг пичоқлаб ўлдирган.

Англия шимолининг Вест Йоркширидаги Бирсталл шаҳри кутубхонаси олдида юз берган ҳужум пайти Томас Мэйр "Британия биринчи ўринда" деб бақирган.

Британия Қироллик Прокуратураси ушбу ҳужумни "террорчилик хуружи" деб таърифлаган.

Мэйр Жо Коксни аввал отган, сўнг пичоқлаган, бошқаларга эса бу ердан кетишга буйруқ берган. 77 яшар Бернард Кенни ҳужум олдини олишга интилган пайтида қорнидан пичоқланган.

Ушбу ҳужум Британия Европа Иттифоқидан чиқиш мақсадида референдум кампанияси олиб борилаётган пайтда рўй берган, ҳужум ортидан кампания тўхтатилган.

Жо Коксга ҳужумни судя "сиёсий сабабларга асосланган" деб таърифлаган.

Вестминстер хуружи, 2017 йил 22 марти

Image copyright Kathy Casatelli

Шу куни Лондондаги Парламент биносига яқин Вестминстер кўпригида бораётган пиёдаларни Холид Маъсуд машинаси билан уриб кетган. У Кентда туғилган, асли исми Эдриан Элмс бўлган, кейин Исломни қабул қилган. Ушбу ҳужум исломий экстремистик ҳужум деб кўрилади.

Кўприкдаги пиёдаларни босиб ўтганидан кейин Холид Маъсуд машинасини парламент ҳовлиси панжарасига бориб урган. Машинадан чиқиб парламент дарвозасига қараб чопган, унинг йўлини полицяичи Кийт Палмер тўсган.

Маъсуд полиция зобитини пичоқлаган, сўнг унинг ўзини бошқа полициячилар отиб ўлдирганлар.

Тўрт пиёда ва полиция зобити Палмер ҳалок бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.

More on this story