ЮНЕСКО: 'Тарихий Шаҳрисабз йўқолиш хавфи остида'

Шаҳрисабз, Оқсароййт
Image caption ЮНЕСКО га кўра, Шаҳрисабзнинг қадимий марказини энди қайта тиклаб бўлмайди

Бирлашган Миллатларнинг Фан ва маданият ташкилоти - ЮНЕСКО Шаҳрисабзнинг тарихий марказини "хавф остидаги Жаҳон Мероси" рўйхатига киритган.

Ташкилот ҳузуридаги Жаҳон Мероси Қўмитасининг Истанбулда ўтган 40-анжуманида шаҳарларни қайта қуриш ишлари ва сайёҳлик инфратузилмасининг Ўзбекистондаги тарихий ёдгорликларга таъсиридан хавотир изҳор қилинган.

ЮНЕСКО экспертларига кўра, Шаҳрисабзда сайёҳлик инфратузилмасининг ҳаддан ташқари ривожлантирилиши шаҳарнинг тарихий марказини йўқолиб кетиш хавфи остида қолдирган.

Жаҳон Мероси Қўмитасининг қайд этишича, шаҳар марказидаги Ўрта асрларга оид маҳаллаларнинг бузилиб, замонавий иншоотлар, жумладан, меҳмонхоналарнинг қурилиши Шаҳрисабзнинг тарихий қиёфасини буткул ўзгартириб юборган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг кўпгина шаҳарларида бўлгани каби Шаҳрисабздаги қайта қуриш ишлари натижасида "Жуҳудон" (қадимги яҳудий маҳалласи-таҳр), "Мурдашуй гузар" (ғассоллар маҳалласи-таҳр) каби маҳаллалар буткул, "Кулоллик", "Ҳазрати Шайх" ёки "Тагичинор" сингари баъзи маҳаллалар эса қисман бузиб ташланган.

Қўмитанинг таассуф билан қайд этишича, Шаҳрисабзнинг қадимий марказини энди қайта тиклаб бўлмайди.

ЮНЕСКО Шаҳрисабздаги ёдгорликларга етказилган зарарни баҳолаш ва зарур тузатиш ишларини таклиф этиш учун Ўзбекистонга ўз миссиясини юбормоқчи.

Соҳибқирон Амир Темурнинг ватани бўлган Шаҳрисабзнинг тарихий маркази 15-аср Темурийлар империяси даврида бунёд этилган сарой, масжид, мадраса ва мақбаралардан иборат бўлган.

ЮНЕСКО 2000 йилда Шаҳрисабзнинг тарихий марказига "Жаҳон Мероси" мақомини берган эди.

Бундан аввал ташкилот экспертлари Самарқанддаги таъмирлаш ишлари ҳамда Регистон мажмуасида ўтказилаётган "Шарқ тароналари" мусиқа фестивали доирасидаги тадбирларнинг ёдгорликларга салбий таъсиридан хавотир билдиришган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

•ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

•Instagram - BBC UZBEK

•Twitter - BBC UZBEK

•Odnoklassniki - BBC UZBEK

•Facebook - BBC UZBEK

•Google+BBC UZBEK

•YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

•Skype - uzbekbbclondon

•bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.