Йилдирим: "Борис Жонсонни Оллоҳ ислоҳ қилсин"

Бинали Йилдирим
Image caption Туркия Бош вазири Борис Жонсоннинг сўзларидан таассуф изҳор қилган

Туркия Бош вазири турклар Оврўпога таҳдид эмас, балки елкадош эканини айтган. "Туркия Оврўпога елка тутишга қодир катта давлатдир", деб айтган Бинали Йилдирим Би-би-си билан суҳбатда.

Британиянинг янги Ташқи ишлар вазири этиб тайинланган Борис Жонсон аввалроқ "77 миллион туркларнинг Оврўпо Иттифоқига оқиб келиши эҳтимоли"ни "телбалик" деб атаганди.

52 ёшли Жонсон Британиянинг Оврўпо Иттифоқидан чиқиши учун кампания олиб борган иқтидордаги консерваторлар партиясининг етакчи намояндаларидан бўлган.

Лондоннинг собиқ ҳокими ҳам бўлган Жонсоннинг ўзи туркий шажарага эга.

Унинг катта бобоси турк ва Усмонли давлатида вазир лавозимини эгаллаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи ODD ANDERSEN
Image caption Борис Жонсоннинг бобосининг отаси турк ва Усмонли давлатининг вазири бўлган

"Брексит" кампанияси чоғида Оврўпо Иттифоқи тарафдорлари асли касби журналист бўлган Жонсоннинг 2006 йилда Би-би-си учун ҳозирлаган лавҳасини бот-бот тилга олишган.

Унда Жонсон Туркиянинг Оврўпо Иттифоқига киришини "тарихий фурсат" дея баҳолайди.

"Мен бизнинг авлодимиз Ислом ва Насроний дунёси ўртасида кўприк қуришдек тарихий фурсатга эга, деб ишонаман",- дейди Жонсон Би-би-си фильмида.

"Ёлғончи"

Би-би-сининг HARDtalk дастурига берган интервъюсида Туркия Бош вазири Жонсоннинг баёнотидан "таассуф" изҳор қилган.

Жонсон Ташқи ишлар вазири этиб тайинланишидан аввал гапирган жаноб Йилдирим " "Турклар Оврўпога таҳдид эмас. Туркия Оврўпога елка тутишга қодир катта давлатдир", деб айтган.

Борис Жонсонга нима дейсиз, деган саволга жавоб бераркан, Бинали Йилдирим "Оллоҳ унга ёрдам берсин ва ислоҳ қилсин" деб айтган.

Британиянинг янги Бош вазири Тереза Мэйнинг Жонсонни Ташқи ишлар вазири лавозимига тайинлаш қарори турлича муносабатларни уйғотган.

Ижтимоий тармоқларда кўпчилик ушбу қарор ва Жонсоннинг устидан кулган.

Франция Ташқи ишлар вазири Жан-Марк Эйро Борис Жонсонни "ёлғончи" деб атаган.

"Europe 1" радиоси билан суҳбатда француз вазири Борис Жонсон ОИдан чиқиш учун олиб борган кампанияси чоғида британ халқига ёлғон гапиргани, энди бўлса, унга мамлакатни ҳимоя қилиш вазифаси топширилганини айтган.

Жан-Марк Эйронинг сўзларига кўра, Францияга музокараларда "ишониш мумкин бўлган ҳамкор зарур".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

•ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

•Instagram - BBC UZBEK

•Twitter - BBC UZBEK

•Odnoklassniki - BBC UZBEK

•Facebook - BBC UZBEK

•Google+BBC UZBEK

•YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

•Skype - uzbekbbclondon

•bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.