Туркияда ҳарбий тўнтаришга уриниш

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Сўнгги хабарлар мажмуи:

Юнонистон Туркия ҳарбий тикучарида келган саккиз кишини ҳибсга олганини айтмоқда. Тикучар Alexandroupolis шаҳрига қўнган ва саккиз киши мамлакатдан сиёсий бошпана сўраган. Туркия уларни қайтаришни талаб қилмоқда.

Бироз аввал исёнчилар бир нечта тикучарни қўлга олганлари хабар қилинганди. Бир тикучар президент Эрдўғонга тарафдор кучлар томонидан Анқара устида уриб туширилган.

Президент Эрдўғон давлат тўнтаришига уринганлар ўзини ўлдиришни режалаштирганларини айтган.

"Улар бу ишлари учун жуда қиммат тўлайдилар. Бу исён- Худонинг туҳфаси бўлди ва у энди армияни тозалашга имкон беради", деган у.

..................................................................................................................................................................................................................................................

Туркияда давлат тўнтаришига алоқадорликда ҳибсга олишлар давом этмоқда.

Бош вазир Бинали Йилдиримнинг айтишича, ҳозиргача ушланганлар сони 2800 кишига етган.

Назорат тўлиқ ҳукуматнинг қўлида эканини қайд этган бош вазир.

Тўқнашувларда исёнчилар дохил 161 инсон ҳалок бўлган, 1440 таси яраланган.

Жаноб Йилдирим исёнга масъулият армиядаги "параллел тизим" ларда, яъни, муҳожиротдаги диний уламо Фатхулла Гулен тарафдорларида эканини яна бир бор таъкидлаган.

Президент Эрдўғонга мухолиф бўлган Гулен жаноблари олдинроқ исёнга алоқаси борлигини рад қилган эди.

Туркиянинг "Анадолу" агентлигининг номи ошкор этилмаган манбаси исён ташкилотчиси сифатида Бош қўмондонликнинг собиқ маслаҳатчиси полковник Муҳаррам Косейнинг номини тилга олган. У ва яна уч гумонланаётган сафдошининг мақсадлари тўғрисида аниқ маълумотлар йўқ. Исён раҳбарларининг ҳозир аниқ қаердалиги ҳам маълум эмас.

....................................................................................................................................................................................................................................................................................

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Туркиядаги Би-би-си мухбири Кати Ватсоннинг хабар қилишича, 16 июлда ҳам комендантлик соати амал қилмоқда, бироқ унга қаттиқ риоя этилмаётгани кузатилади.

Истанбулда одамлар кўчаларга чиқишмоқда, дўконлар ишлай бошлаган, шаҳарда машина ва таксилар қатнаяпти.

Ҳукумат вазият назорат остида эканлигини таъкидламоқда.

Анқарада навбатдан ташқари парламент мажлиси ўтиши кутилади.

Anadolu агентлиги билдиришича, қарийб 200 қуролсиз аскарлар таслим бўлишган.

...........................................................................................................................................................................................................................................

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Туркиянинг Anadolu ахборот агентлигига кўра, камида 29 полковник ва беш генерал вазифасидан олинган.

Охирги маълумотларга қараганда, ҳукумат давлат тўнтаришига уринишда алоқадорликда жами 1563 ҳарбийни ҳибс қилган.

Камида 90 инсон ҳалок бўлган, уларнинг 17 таси полиция ходимларидир. 1154 киши яраланган.

Президент Ражаб Тойиб Эрдўғон ўз тарафдорларини вазият барқарорлашмагунча кўчалардан тарқамасликларини сўраган.

Шу билан бирга у ҳукумат ўз ўрнида ва вазиятни назорат қилаётганини билдирган.

............................................................................................................................................................................................................................................

Таҳлилчилар фикрича, давлат тўнтаришининг барбод бўлишига сабаб бўлган омиллар:

Исёнда нисбатан кам сонли ҳарбийларнинг қатнашгани,

Олий қўмондонлик уларнинг ҳаракатини кескин қоралагани,

Одамлар норозилик белгиси сифатида кўчаларга чиққани.

.................................................................................................................................................................................................................................................

Президент Эрдўғон Туркия телевизионидан чиқиш қилган, тўнтаришга уринганларнинг анчаси ҳибсга олинганини айтган.

"Биз уларни қуролли террорчи гуруҳлар деб атаган эдик. Улар бизнинг миллатимиз қуроллари билан бизни отишмоқчи", деб айтган.

Эрдўғон Туркия ҳукуматининг халқ томонидан сайлангани ва ўз ишида давом этишини айтган.

Туркия президентига кўра, "тўнтаришга ҳаракат сабабли мамлакат армияси тозаланади".

***********************************************************************************************************************

Президент Эрдўғон Истанбул ҳаво қўналғасида ўз тарафдорлари қаршисига чиққани хабар қилинмоқда.

Айни пайтда Таксим майдонида икки портлаш бўлгани ҳақида хабарлар бор.

Туркия хавфсизлик хизматлари ҳам оммавий ахборот воситаларига ҳарбий тўнтаришга уриниш барбод этилганини айтишган.

Reuters ва AFP хабар агентликлари кўра, президент Эрдўғоннинг учоғи Истанбулга қўнган.

Reuters ахборот агентлигига кўра, аскарлар Истанбулнинг Таксим майдонида ўз қуролларини полицияга топширишган.

Аввалроқ, Истанбулда ҳарбий тўнтаришга қарши бўлган намойишчилар ва ҳарбийлар ўртасида тўқнашув рўй бергани ҳақида Анадолу агентлиги ва NTV хабар тарқатганди. Ҳарбийлар ўт очиши оқибатида икки фуқаро қурбон бўлгани айтилмоқда.

Полиция мулозимларига кўра, ҳарбий тўнтаришга уринишда 104 нафар аскар қатнашган.

Туркия Бош вазирига кўра, "вазият назорат остига олинган".

Айрим кузатувчиларга кўра, ҳарбий тўнтариш режаси қудратли генераллар томонидан дастакланмаган.

Айни пайтда Туркияда президент Эрдўғон тарафдорлар сони танқидчилардан бир неча марта юқори эканлигини ҳам эътироф этилади.

Сўнгги воқеаларда Туркия ҳукуматининг айрим мулозимлари томонидан айбланган Гулен ҳаракати "ҳарбий тўнтаришга уринишни" қоралаб чиққан.

"Биз Туркиянинг ички сиёсатига ҳарбийлар аралашишини қоралаймиз. Эрдўғон тарафдорларидан бизга нисбатан қилинган даъволар масъулиятсизликдир", дейилади баёнотда.

**************************************************************************************************************************

Аввалроқ, давлатга қарашли TRT канали яна ҳаво тўлқинларига қайтган.

Айрим хабарларга кўра, ҳукумат мулозимлари "ҳарбий тўнтариш ҳаракати" амалга ошмагани, ташкилотчилар ва иштирокчиларнинг айримлари ҳибсга олинганини айтишмоқда.

***************************************************************************************************************************

Анадолу агентлигининг хабар беришича, Туркия Буюк Миллат Мажлиси (парламент-таҳр.) биносига бомба улоқтирилган.

Бошқа бир хабарда давлат тўнтаришини амалга оширишга уринган гуруҳнинг парламент биносига қарата ўт очгани айтилмоқда.

Президент Эрдўғон CNN Turk мухбири Ханда Фиратнинг мобил телефонидан қилган видео мурожаатида "миллатимни кўчаларга чиқишга чақираман" деб айтган.

Туркия Миллий хавфсизлик хизмати -МИТ сўзчиси Нуҳ Йилмаз CNN Turk билан суҳбатда "давлат тўнтариши тарқатилди" деб айтди. "У ер-бу ерда баъзи қаршиликлар бўлаяпти, аммо халқ уларнинг устига юрмоқда. Бу ишга қўл урганларнинг ҳаммаси ватанга хиёнатда айбланади", деб айтган.

Оврўпо Иттифоқига раислик қилаётган Словакия Туркиядаги вазиятни муҳокама қилиш учун ОИнинг фавқулодда йиғинини чақирган.

Туркиянинг Конституциявий Маҳкамаси "демократияга қарши ҳар қандай ҳаракатни рад этиши"ни айтган.

Туркия Буюк миллат Мажлиси раиси Исмоил Қаҳрамон шанба куни соат 14.00 да парламентнинг фавқулодда йиғинини чақирган.

****************************************************************************************************************************

Обама: 'Барча партиялар демократик йўлда сайланган ҳукуматни дастаклаши керак"

АҚШ президенти Барак Обама Туркиядаги барча партияларни "демократик йўлда сайланган ҳукуматни дастаклаши кераклигини" айтган.

Обамага кўра, томонлар ҳар қандай зўравонлик ва қон тўкилишига йўл қўймаслиги лозим.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри ҳам Туркия Ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушогли билан телефонда сўзлашган ва "вазият борасида чуқур хавотирда эканини" айтган, дейилади Оқ Уй баёнотида.

***************************************************************************************************************************

Туркия давлат ахборот агентлиги Анодолунинг хабар беришича, армия қирувчи учоқлари Анқара узра парвоз қилишмоқда.

Мақсад тўнтариш ҳаракати ортида бўлган гуруҳнинг тикучарларини уриб туширишлиги айтилган.

Хабар агентлиги шунингдек, бу гуруҳни "Фето" деб атаган.

Туркия ҳукумати назарида Фетҳуллаҳ Гуленга тегишли "Фето" гуруҳи сўнгги воқеалар ортида турибди.

**************************************************************************************************************************

БМТ Бош котиби Пан Ки Мун Туркияни осойишталикка чақирган.

Унинг воизи Фарҳан Ҳақга кўра, Бош котиб Туркияда ҳарбий тўнтариш ҳаракати ҳақидаги хабарлардан огоҳ ва вазиятни яқиндан кузатмоқда.

АҚШ, Буюк Британия ва Оврўпо Иттифоқидан кейин Россия ҳам Туркиядаги вазиятдан "чуқур хавотирда" эканини айтган.

Кремл воизи Дмитрий Песковга кўра, президент Путин Туркиядаги воқеалар ҳақида Ташқи ишлар вазирлиги ва жосуслик хизматлари томонидан мунтазам хабардор қилинмоқда.

**************************************************************************************************************************

Анадўли хабар агентлигига кўра, ҳаво ҳужуми оқибатида 17 нафар полициячи қурбон бўлган.

NTV телевизиони эса тўнтариш ҳаракатида бўлган Сикорский тикучари Туркия армиясининг қирувчи F-16 учоғи томонидан уриб туширилган.

Ҳукумат мулозимига кўра, ҳарбийлар гуруҳи кўчалар устидан назорат ўрнатишга "қийналишмоқда"

Ҳукуматдаги юқори лавозимли мулозимнинг Рейтерс ахборот агентлигига кўра, бир гуруҳ ҳарбийлар қудратни куч билан эгаллаб олишга ҳаракат қилмоқда.

Аммо бир неча танкларни эгаллаб олган бу гуруҳ кўчаларда назорат ўртанишга қодир бўлмаган.

Беқарорлик яна бир суткача давом этиши мумкин деб айтган бу мулозим.

Айни пайтда Истанбулдаги Bloomberg мухбири бомдод намозига азон ҳар қачонгидан ҳам эртароқ ўқилганини Twitter да хабар қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

***************************************************************************************************************************

Истанбул кўчаларида танклар пайдо бўлган.

Доган хабар агентлиги эса Анқарадаги парламент биноси ташқарисига ҳам танклар жойлаштирилганини ёзмоқда.

Ҳарбий тўнтаришга уринишдаги хабарни Президент Эрдўғон Мармарaда дам олишда бўлган пайти эшитган.

У мухбирлар билан Мармарaда суҳбатлашган.

Анадолу хабар агентлигига кўра, тикучарлар Анқарада Президент саройини ўққа тутган.

Айни пайтда Истанбулда ҳам отишма овозлари янграгани хақида хабарлар бор.

Анқарада отишма ва портлашлар тасвирланган суратлар, видеолар тарқаган.

************************************************************************************************************************

AFP хабар агентлигига кўра, Анқарада отишма ва портлаш овозлари янграган.

Истанбулдаги мухбиримиз Кати Ватсонга кўра, аксарият турклар учун бу кутилмаган ҳодиса бўлган.

Ҳамма телевизорлар қаршисида ва том маънода телефонларига "ёпишиб" қолган.

Улар нималар бўлаётганини тушуниб етишни исташади, деб хабар беради мухбиримиз.

Twitter, Facebook, YouTube каби ижтимоий тармоқларга тўсиқ қўйилган.

***************************************************************************************************************************

Президент Эрдўғон CNN Turk билан веб камера орқали суҳбатда тўнтаришга ҳаракат қилганларга муносиб жавоб берилишини айтган.

У туркияликларни кўчаларга чиқишган даъват қилган.

Туркия давлат телевизион канали TRT ҳаво тўлқиниларидан олинган, бу ҳақда Рейтерс хабар бермоқда.

Аввалроқ, аскарлар давлат телевизиони идорасини ишғол қилишгани айтилганди.

Истанбул халқаро аэропортидан барча парвозлар бекор қилинган.

Рейтер ахборот агентлигининг Туркия президенти девонидаги манбадан иқтибос келтиришича, Ражаб Тойиб Эрдўғон "хавфсиз".

Туркия давлат ахборот агентлиги хабарига кўра, мамлакатнинг энг олий генерали ҳарбийларнинг бош қароргоҳида гаровга олинган.

"Генерал Хулуси Акар исёнга ҳаракат қилган ҳарбийларнинг гуруҳи томонидан гаровга олинган" деб айтган агентликнинг "ишончли манбаси".

***************************************************************************************************************************

Туркиядаги ҳарбий гуруҳ мамлакат устидан назоратни қўлга киритганини даъво қилган.

Телевизион баёнотда бу ҳарбий гуруҳ мамлакат бўйлаб "тинчлик кенгаши" қудратга келгани ва ҳарбий ҳолат амалда эканини айтган.

Шаҳардаги полиция ва ҳаво қўналғаси ташқарисида танклар жойлаштирилгани ҳақида хабарлар бор.

Ҳарбийлар NTV телевизиони орқали ўқиб эшиттирилган баёнотда "бутун мамлакат бўйлаб қудратни қўлга олишганларини" айтишган.

Аммо жаноб Йилдирим телефон орқали суҳбатда " айни амаллар тўнтариш эҳтимоли экани, аммо бунга йўл қўйилмаслигини" айтган.

Айрим хабарларга кўра, Туркиянинг Қуролли кучлар Бош штаби бошлиғи гаровга олинган.

Анқара узра ҳарбий учоқлар парвоз қилаётгани ҳақида хабарлар бор.

Босфор бўғози узра кўприкда ҳаракат тўхтатилган.

Анқарада отишмалар ҳақида ҳам хабарлар бор.

Алоқадор мавзулар