Россиядаги меҳнат муҳожирлари...ишсиз қолишадими?

Image caption Ҳар ишга тайёр муҳожирлар

Россияда давом этаётган иқтисодий инқироз меҳнат бозорининг кескин қисқариб кетишига олиб келмоқда.

Туб аҳоли ўз ишларидан айрилар экан, муҳожирларнинг иш ўринларига кўз тикишяпти.

Бу ҳақда "Независимая газета" нашри ёзди.

"W-City Community Research" тадқиқот маркази текширувлари 2016 йилнинг биринчи кварталида меҳнат бозорида маҳаллий ишчи кучларининг 15 фоизга ортганини кўрсатади.

Россияликлар муҳожирларни савдо-сотиқ, транспорт, қурилиш ва бошқа соҳалардан фаоллик билан четлатиб, уларнинг иш ўринларини эгаллашга ҳаракат қилишмоқда, - дейилади мақолада.

Савдо соҳасида фаолият юритаётган муҳожирлар сони 54 фоизга қисқарганлиги иддао қилинади.

Яна ҳам "қорароқ" ишлар

Ўз иш ўринларини маҳаллий аҳоли вакилларига бўшатиб бераётган муҳожирларнинг аксарияти ўзларини қора ишларга уришган.

Бунинг натижасида муҳожирларнинг қоровуллик, боғбонлик, юк ташувчилик каби энг кам ҳақ тўланадиган ишларга жойлашишлари ҳам қийинлашгани маълум қилинади.

Бу ўзгаришлар Ростов вилоятида меҳнат қилаётган марказий осиёлик муҳожирларнинг кундалик ҳаётига қандай таъсир кўрсатаётганини ўрганишга ҳаракат қилдик.

Маълум бўлишича, бугун муҳожирларнинг турли хил фирмаларга расман ишга жойлашишлари деярли имконсиз.

Кўплари ёлланма ишчи сифатида фаолият кўрсатишади. Бу эса уларнинг келажакда ўз иш ўринларини йўқотишларига сабаб бўлиши мумкин.

"Бугун ҳеч ким биздан ишимизни зўрлаб тортиб олаётгани йўқ, аммо фирмаларга расман ишга жойлаша олмаётганимиз эртага панд бериб қўйиши мумкин,- дейди Ростов шаҳри "Донстрой" фирмасида ёлланма ишчи бўлган Дилшод исмли муҳожир. Биз иш кўпайган пайти ёлланиб ишлаймиз. Россия фуқоролари эса расман ишга киришади. Улар кўпайиб кетишса, ёлланма ишчиларга ҳожат қолмайди. Биз ўз-ўзидан ишсиз қолаверамиз. Ўтган қишни уйида ўтказиб келганларнинг кўпи баҳорда иш топа олмай анча сарсон бўлишди. Ҳозир уёқ-буёқда бир-икки кунлик ишларни топиб қилиб юришибди. Иш жойини йўқотишдан қўрқиб икки -уч йилдан бери ватанига кетмаётганлар ҳам бор",- дейди суҳбатдошимиз.

Уйларни "евро" услубида таъмирловчи уста Владимир муҳожирларни арзон нархда ишлаётганликда айблайди.

"Бир неча марта нақд бўлиб турган ишимни ўзбек ва тожиклар арзонга шартнома тузиб, тортиб олишди. Ишлари сифатли эмас, тез битириб кетишга ҳаракат қилишади. Бир неча жойда кам иш ҳақига ишламай, бир ишни қимматроқ ва сифатлироқ қилишса бўлмайдими? Нега мен ўз уйимда туриб, бегоналар дастидан зарар кўришим керак? Улар халақит беришмаса, биз ўзимиз хоҳлаган нархда шартнома тузамиз. Муҳожирларсиз ҳам эплаймиз. Ҳозир қурилишда ишлайман деганлар кўп. Бизнинг ҳам бир неча бригадаларимиз бекор юришибди",- дея нолийди Владимир.

"Донстрой" фирмаси ишбошқарувчиларидан бири Сергей аксинча марказий осиёлик муҳожирлар билан ҳамкорлик қилишнинг қулай томонлари ҳақида сўзлайди.

"Ўзбек ва тожик йигитлар билан бир неча йилдан бери ҳамкорлик қиламиз. Бунинг фойдали томонлари кўп. Биринчидан, улар нисбатан арзон нархларда ишлашади. Сифат даражаси ҳам фирма талабларига жавоб беради, нолийдиган ери йўқ. Иккинчидан, келишилган ишни ўз вақтида битиришади. Чунки улар ишдан бошқа нарсани ўйлашмайди. Ишхонага ўз вақтида келишади, сабабсиз кетиб қолиш ҳоллари деярли учрамайди. Учинчидан, турли хил талаблар билан бошимизни қотиришмайди... Албатта, иқтисодий инқироз шароитида ҳеч кимга осон бўлаётгани йўқ. Нафақат муҳожирлар, балки кўплаб Россия фуқоролари ҳам ўз иш ўринларини йўқотишмоқда. Маҳаллий ишчи кучлари сони ортиб бориши натижасида, муҳожирлар меҳнатига бўлган талаб сусайиши мумкин. Аммо улар бутунлай ишсиз қолишмайди деб ўйлайман",-дейди у.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02 •ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар