Миллиардлар Ўзбек матбуотини ўқимишли қиладими?

Image caption Ўзбек матбуоти

Ўтган ҳафтада Ўзбекистон матбуотида журналистларнинг "таҳлил ва танқидлари" кўпайгани, матбуотга ажратилаётган миллиардлар, оммавий маданиятни тарғиб қилувчи бестселлер ўқиш зарарлари, ажрашишларга сабаб бўлаётган қарзга етакловчи тўй-ҳашамлар, йўл қурилишидаги давлат бюджетининг талон-тарож қилиниши ҳамда ихтирочи Ойбек Умаров ҳақида мақолалар чоп этилди.

"Журналист сўзи: талқин, танқид, таҳлил" (Hurriyat, 27 июль)

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасига қарашли Мониторинг гуруҳи мақоласида жорий йилнинг иккинчи чорагида миллий ОАВда эълон қилинган "таҳлилий-танқидий" материаллар ҳақида сўз боради.

Мақола табиийки, президент Каримов журналистлар куни йўллаган табрикномадан иқтибослар олиш билан бошланади.

Каттагина мақолада, жумладан, "Ўзбекистон" телеканалида намойиш этилган "Хоинлик" кўрсатувида Сурхондарё вилоятида жосуслик тармоғини ташкил этилгани, "Манқуртлар изидан" номли кўрсатувда Интернет орқали экстремистлар таъсирига тушиб қолганлар, "Хиёнат кўчаси" номли кўрсатувда диний экстремистик оқимга қўшилган "бир гуруҳ кимсаларнинг" қилмиши таҳлил қилингани айтилади.

"Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, жорий йилнинг иккинчи чорагида оммавий ахборот воситаларида таҳлилий ва танқидий мақолалар, эшиттириш ва кўрсатувларнинг сони ва сифати ошгани яққол кўзга ташланмоқда," дея хулоса қилинади Мониторинг мақоласида.

"ННТ қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ижтимоий лойиҳалар учун 2 миллиарддан ошиқроқ маблағ ажратади" (Бизнес-вестник Востока, 26 июль)

Юқоридаги хабарга ҳамоҳанг ўлароқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди йиғилиш ўтказиб, жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ривожи учун мўлжалланган 82 лойиҳага 2 миллиард 30 миллион сўм ажратилиши хабар қилинади русийзабон рўзномада.

Мамлакатда фуқаролик жамияти институтларининг молиявий таъминланиши очиқ ва шаффоф бўлиши муҳимлиги урғуланади бу хабарда.

Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Нурия Айтжоновага кўра: "2008 йилдан 2016 йилгача ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари лойиҳаларини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат бюджетидан 58 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилган".

"Яхши асар яхши, ёмони-чи?" (Mahalla, 26 июль)

Нуроний отахоннинг бутун дунёда ёшлар қўлидаги "бестселлер асар" ўқиётган ўзбек қизга мурожаати билан бошланган мақола "келажак эгаларини" мутолаадаги танлов ҳақида огоҳлантиради.

Мисол тариқасида қуйидаги фикрлар келтирилади: "Азалдан Шарқда оилага муқаддас маскан, ота-онага эса улуғ зот сифатида муносабатда бўлишади. Аммо эркинликни чегарасиз дея ҳисоблаган ғарбда бугун ушбу тушунчаларга қараш бирмунча ўзгача. 'Оммавий маданият'га хос яшаш тарзи авж олган ғарб давлатларидаги нотинчликлар, содир этилаётган жиноятларнинг туб илдизи маънавий қашшоқликка бориб тақалади".

"'Бестселлер' асарлар сифатида юртимизга кириб келаётган ёки бизнинг айрим қаламкашлар томонидан ёзилаётган китоблар орасида маънавий жиҳатдан қашшоқлари кўпроқ, назаримизда. Детектив, саргузашт ёки турли маиший мавзуларга бағишланган бундай китобларни ҳам мутолаа қилаётганлар сероб. Улар орасида эса ёшларнинг ҳам кўплигини асарлар тили оддий ва воқеалар ривожи эса шиддатлилиги билан изоҳлаш мумкин, лекин мазмун...," дейди мақола муаллифи М. Отабоева. "Рости, олди-қочди китоблардан кўра шеърият мулкининг султони Навоий асарларидан икки мисрани ёд олиб, унинг мағзини чақишса, анча фойдали бўлади, менимча," дейди адабиёт фани ўқитувчиси Маъсуда Абдураҳимова.

"Тўй-ҳашамлар қадриятларимизга мос бўлса..." (Milliy Tiklanish, 27 июль)

Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партиясининг депутатлари Фарғона вилояти кенгашида сарлавҳадаги масалани кўриб чиқмоқдалар, дейилади Аҳмад Юсупов мақоласида. Партиянинг Фарғонада бўлиб ўтган йиғилишида дабдабали тўйлар қарздорликни келтириб чиқараётгани ҳатто ёш оилаларнинг бузилишига сабаб бўлаётгани айтилади.

"Масалан, Фарғона шаҳридаги тўй-ҳашамларда хизмат кўрсатадиган замонавий хорижий автотранспортларнинг ижара ҳақи бир оиланинг бир неча ойлик даромадига тўғри келаётганига қарамай, ёшлар ўртасида шунга ўхшаш ортиқча ҳашамларга интилиш кузатилмоқда. Оқибатда, айрим оилаларда тўйдан кейин юзага келган қарздорлик туфайли баъзи кўнгилсиз ҳолатлар юз бераётир," дейилади мақолада.

Партия депутатларидан бири Энахон Сиддиқовага кўра, "тўйлар билан боғлиқ маросимлар ихчамлашиш, камайиш ўрнига, аксинча, кўпайиб бораётир". Айрим тўй маросимлари ва оилавий тадбирлар ярим тунгача давом этиб, аҳоли тинчини бузаётгани қўшимча қилинади мақолада.

Йиғилишда турли жамоат фондлари билан биргаликда махсус Жамоатчилик кенгаши тузилиб, "аҳоли ўртасида тўй ва маросимларни ихчам, исрофгарчиликсиз, белгиланган талаблар асосида ўтказиш бўйича тушунтириш ишлари олиб бориш белгиланди", деб қўшимча қилади мақола муаллифи.

"Ғаразгўй йўлсозлар" (Huquq, 28 июль)

Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш (СВОЖЖДЛҚК) департаментининг Олот туман бўлими бошлиғи, Меҳриддин Камолов, амалдорлар томонидан йўл қурилишида содир этилаётган талон-тарож ишларига тўхталиб ўтади.

"Дарҳақиқат, мамлакатимизда иқтисодиёт ривожида алоҳида аҳамиятга молик бўлган автомобиль йўллари қурилишига катта эътибор қаратилиб, ана шу мақсадда ҳар йили двалатнинг неча юз миллиард сўм маблағи сарфланмоқда. Афсуски, жойларда соҳанинг айрим мутасаддилари - йўлсозлик корхоналари раҳбарлари ана шу маблағни ўзлаштиришдан ўзларини тия олишмаяпти," дейди муаллиф.

Камолов 2014 йилда "Самарқанд-Ашхобод-Туркманбоши" автомобиль йўлининг реконструкциясига ажратилган 900 миллион сўмдан ортиқ маблағнинг "растрата йўли билан талон-тарож қилингани" ҳақида тўхталиб ўтади. Бу талон-тарож ишида бир корхона раҳбари ва Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси бўлим мутахассиси ўртасидаги жиноий тил бириктирув сабаб бўлганини очиқланади. Бундан ташқари, яна 300 миллиондан ортиқ сўмлар давлат бюджетидан ушбу йўлдаги таъмирлаш ишларига деб талон-тарож қилингани айтилади. Жиноятчиларга қўлланган "тегишли" жазо тури айтилмасдан мақолага якун ясалади.

"Эътироф изланишга рағбат беради" (Mahalla, 30 июль)

Рўзнома мухбири Садоқат Махсумова Андижон шаҳри "Далварзин" маҳалласидан ихтирочи Ойбек Умаров фаолияти ҳақида ҳикоя қилади. Муаллиф кейинги пайтларда Ойбекнинг ўқиши билан боғлиқ вазиятга ойдинлик киритмайди. Аввалроқ, Ойбек ихтиролари ва истеъдоди ўқишга кириши учун ҳеч қандай имтиёзга сабаб бўлмаётгани хабар қилинган.

"Андижон компьютер технологиялари коллежида ўқиб юрган кезларидаёқ ихтирочи дея ном қозонган қаҳрамонимиз аввалига жажжи трактор, шамол генератори каби ғаройиб механик қурилмаларни ясади. Ўғлидаги техникага қизиқишни кўрган ота-она унга ҳовлисида мўъжаз устахона ташкил этиб беришди. Ёш ихтирочи бўш вақтини баъзи тенгқурлари каби интернет клубларида эмас, шу устахонасида ўтказишни маъқул кўрарди. 'Жигули' автомобили, Хитойнинг 'Скутерь' мопедини ўз ихтиролари билан мукаммаллаштирди. Уй ишларида асқатадиган уч ғилдиракли машина ясагани эса маҳаллада катта шов-шув бўлди. Ҳар бир ишига меҳрини бериб, тинимсиз изланадиган Ойбек чизмалар чизишда ишлатадиган компьютерини ҳам турли қисмлардан йиғди. Ёш механикнинг изланишлари бесамар кетмади. У яратган 'Қалдирғоч' номли электромобиль - 80 кг оғриликка эга машина соатига 45 км. тезликда юра олади. Икки кишига мўлжалланган автомобиль экологик тоза, атроф-муҳитга зарар етказмайди," дейилада мақолада.

"Қуёш панелли автомашина лойиҳасини тайёрлаб қўйганман. Ушбу панеллар қуёш энергиясини электр энергиясига айлантиради, электр двигатель механик кучланиши натижасида машина ҳаракатга келади. Бугун биз, ёшларга кенг имкониятлар эшиги очиб берилган. Бу истиқлол шарофати туфайлидир. Шунинг учун ҳам мустақиллигимизнинг қутлуғ 25 йиллик байрами арафасида лойиҳамни тайёр ҳолга келтирмоқчиман. Келажакда янги инновацион лойиҳа ва техник ишланмаларим билан ўзбек ёшларининг ҳеч кимдан кам эмаслиги ва кам бўлмаслигини яна бир карра исботлашни хоҳлайман. Бунинг учун бор билим ва маҳоратимни ишга соламан," дейди Ойбек Умаров.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.