Россияда муҳожирлар устидан назорат кучайтирилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK
Image caption Муҳожирлар

Россия президенти Владимир Путиннинг 2016 йил апрел ойида қабул қилган қарорига мувофиқ, ФМС (Федерал мигратсион хизмати)нинг мустақил фаолияти тугатилиб, унинг такроран МВД (Ички ишлар вазирлиги)га бириктирилиши кўзда тутилгани хабар қилинган эди.

Шунга кўра, жорий йилнинг июн ойидан бошлаб, мамлакатда меҳнат қилаётган муҳожирларни назорат қилиш вазифаси бевосита Ички ишлар вазирлиги ходимлари зиммасига юкланган.

Маҳаллий матбуот ва телевидениенинг хабар қилишича, кейинги ойларда Россиянинг турли минтақаларида меҳнат қилаётган чет эл фуқоролари устидан назорат кучайтирилиб, ноқонуний фаолият юритаётган муҳожирларга қарши кураш қизғин тус олган.

Жумладан, 2016 йилда Вологодск вилоятида ноқонуний фаолият юритаётган 200 нафар муҳожир Россия ҳудудидан чиқариб юборилган. Бу ҳақда Вологодск вилояти УМВД бошлиғи Сергей Жестянников REGNUM ахборот агентлигига хабар қилган.

Шунингдек, Москва, Санкт-Петербург, Саратов, Самара, Мурманск ва бошқа шаҳарларда полициячилар томонидан ўтказилган текширувлар натижасида ишлаш ҳуқуқига эга бўлмаган кўплаб муҳожирлар қўлга олинган. Улар орасида ўзбекистонлик ва тожикистонлик муҳожирлар ҳам борлиги айтилмоқда.

Порахўрлик авж олади

Ростов вилоятида меҳнат қилаётган муҳожирларнинг сўзларига қараганда, политсия ходимлари чекка-чекка қишлоқларда ҳам ўз текширувларини ўтказишмоқда.

"Қаерда муҳожирлар ишлаяпти деб хабар топишса, ўша ерга етиб боришяпти экан. Шу ойда бизнинг иш жойга ҳам икки марта келишди. Ҳужжатларни роса эзиб текширишяпти. "Прописка қилинган жойингда яшамайсанлар", деб, ҳар келганларида ҳаммамиздан 2 минг рублдан йиғиб олишди",-дейди Ростов шаҳрининг "Братство" мавзеида уй қураётган ўзбекистонлик усталардан бири Баҳодир.

2004 йилга қадар Федерал мигратсион хизмати Ички ишлар вазирлиги доирасида хизмат кўрсатган. 2004 йилдан бошлаб, ФМС мустақил ташкилот сифатида МВДнинг мигрантларни назорат қилиш ва уларга хизмат кўрсатиш ишларини юрита бошлаган эди.

Марказий осиёлик муҳожирларнинг айтишига қараганда,шу ўтган бир неча йил давомида улар полициячилар таъқибидан бирмунча халос бўлишган. Эндиликда ФМСнинг МВДга қайтадан бириктирилиши натижасида муҳожирларнинг мамлакатдаги аҳволи анчагина оғирлашган.

"Энди бу бошга битган бало бўлади,-дейди 2000 йилдан бери Россияда аравакашлик қилаётган тожикистонлик Фарҳод ака. Биз янги келган йилларда оддий сержант мелиса ҳам кўчада тутволиб бошингизни қотираверарди. Кейинги йилларда бироз эркин нафас ола бошлагандик. ФМСнинг ҳар-ҳар замондаги рейдига тушиб қолмасангиз бўлди эди. Мелисанинг биз билан иши бўлмай қўйганди. Энди яна ҳаммаси такрорланяпти. Хоҳлаган мардикорнинг ҳужжатлари текширилса, ҳеч бўлмаганда пропискасида чатоғи бор, ўзингиз биласиз".

Дарҳақиқат, бугунги кунда муҳожирларнинг яшаш жойига вақтинчалик рўйхатдан ўтишлари ҳам муаммога айланган. Бир уйга бир неча муҳожирларнинг рўйхатдан ўтишларига қарши қаттиқ чора-тадбирлар кўрилаётгани хабар қилинмоқда.

Ўз уйига чет эл фуқороларини рўйхатдан ўтказишга ҳамма ҳам рози бўлавермайди. Ноқонуний рўйхатдан ўтказиш ҳолатлари юзасидан Россиянинг турли минтақаларида ҳар йили бир қатор жиноий ишлар қўзғатилади.

Қонунга кўра, бу ишда айбдор саналган фуқоро 100 мингдан 500 минг рублгача жарима тўлаши ёки уч йилга қамоқ жазосига ҳукм қилиниши кўзда тутилган. Бу эса ўз навбатида маҳаллий аҳоли вакилларини муҳожирлар билан эҳтиёткорона муомала қилишга ундайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар