Ҳарбий хизматсиз хорижга чиқиш қийинлашади

Image caption Қирғизистон аскарлари

Давлат хавфсизлик қўмитаси армияга бормай юрган ҳарбий ёшдаги фуқароларнинг хорижга чиқишига чеклов киритиш ташаббуси билан чиққан.

Тайёрланаётган лойиҳада армияга бормай юрганларнинг рўйхати чегара хизматига берилади ва шу орқали ҳарбий хизматдан яшириниб, чет давлатда юрган фуқаролар назоратга олинади.

Жамоатчиликда бу лойиҳа юзасидан конституциявий ҳуқуқ ва мажбуриятларга боғлиқ турли фикрлар пайдо бўлган.

Давлат ҳавфсизлик қўмитасининг ҳарбий ишлар бўйича мутахассиси, полковник Намисбек Аманалиевнинг сўзларига кўра, аскарликка лойиқ йигитларнинг чегарадан чиқармаслик бўйича лойиҳа "Ташқи миграция тўғрисидаги" қонун асосида ишлаб чиқилган.

"Мазкур лойиҳа "Ташқи миграция тўғрисидаги" қонунини амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқилди. Бу қонун 2000 йили 17 июлда чиққан. Айни қонун бўйича 2016 йилнинг 4 июлида хавфсизлик қўмитаси махсус қарор қабул қилган. Бунда ҳарбийга лойиқ фуқароларнинг давлатдан ташқарига чиқиш ҳуқуқини вақтинчалик чеклаш керак экани назарда тутилган. Мен алоҳида урғуламоқчиман - бу вақтинчалик чеклов. Қарор ташқи миграция ишлари бўйича Бош қонун ва бошқа шу каби ҳуқуқий актларга асосланган", дейди Намисбек Аманалиев.

Полковник Аманалиев лойиҳа амалга ошган тақдирда ҳар йили баҳорги ва кузги чақирувлардан кейин аскарлик мажбуриятини бажармасдан кетган фуқаролар рўйхати чегара хизматига берилиши ва мазкур хизмат бу борада иш олиб боришини қўшимча қилади.

Ҳарбий мутахасислар хавфсизлик қўмитаси бу қарорни ноиложликдан қабул қилаётгани айтадилар. Генерал-майор Тўқўн Мамитов Қирғизистонда ҳар йили 70 минг йигитлар ҳарбийликка чақирув ёшида бўлишини, бироқ Қирғиз армиясига уч минг аскар қабул қилиниши, баъзида шу рақамни ҳам тўлдириш мушкул эканини айтади.

"Ҳарбий комиссарият кўчада юрган ёки оғриб қолган болаларни аскарликка чақириб, режани тўлдиришга мажбур бўлади. Соғлиги яхши, психологик ҳар тарафлама тайёр, бақувват йигитларни чақирайлик деб боришса, улар чет давлатларга кетган бўлади. Шунинг учун ҳарбий хизмат мутасаддилари бу қарорни қабул қилишмоқчи. Жамоатчилик буни тўғри тушиниш керак", дея изоҳлайди мутахассис.

Инсон ҳақлари фаоли Азиза Абдирасулова эса ҳарбий хизматни ўташга бошқа йўллар билан ҳам жалб қилинса бўлади, деган фикрда.

"Чет давлатга чиқишга чеклов қонун билан дастакланиши керак. Бу аслида инсон ҳуқуқини чеклашдир. Иккинчи тарафдан, йигитлар аскарликка 18 ёшдан 25 ёшгача боришга мажбур. Агар 19 ёшида хорижга кетса, бу уни армиядан қочиб кетди дегани эмас. У 21-22 ёшида келиб ҳам армияга бораверади", дейди ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдирасулова.

Ҳарбий хизматга умуман боришни истамайдиганлар ҳам оз эмас.

"Ҳозир мен 27 ёшдаман, бироқ ҳарбий хизматга борган эмасман. Сабаби армияга борган танишларимнинг аксарияти, у ерда уставдан ташқари ноқонуний ҳаракатлар бўлишини айтади. Мазах қилиш, пул талаб қилиш, дўппослашлар кўп бўлишини айтадилар. Шунинг учун ўзимни ўйлаб, армияга бормасликка қарор қилдим", дейди исми сир тутилишини истаган қирғизистонлик йигитлардан бири.

Ҳуқуқ ҳимоячилари давлат ҳарбий хизмат ёки муқобил хизматни бажаришга мажбурлашдан аввал, армиядаги шароитларни яхшилаши кераклигини айтишади.

Қирғизистонда мажбурий ҳарбий хизмат бир йил. Бундан ташқари йигитлар муқобил хизмат билан ҳам ўзининг ҳарбий мажбуриятини адо этса бўлади. Унинг учун 25 минг сом тўлаши керак, бироқ улар келажакда ҳуқуқ -тартибот идораларида ишлай олмайди.

Шунингдек, иккинчи категория бўйича хизмат ўташ учун 50 минг сўм тўлаб, бир ой армияга борадилар ва келажакда куч идораларида ишлаш имкониятига эга бўладилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар