Ҳужжатларда ўлган одам "тирилди"

Фото муаллифлик ҳуқуқи GUANGZHOU RADIO AND TELEVISION NETWORK
Image caption Чен

Гап шундаки, қоғозбозлиги бир қадар Советларни, яна нари борсангиз Ўзбекистонни ҳам эслатадиган Хитойда бир эркак полицияга бориб, муқаддам судланмагани ҳақида далолатнома олмоқчи бўлади.

Аммо мулозимлар унга...унинг бундан ўн йил аввал ўлганини айтишади.

Бу хитойликнинг номи бошқа бир хитойлик, аммо 10 йил аввал ўлган жиноятчининг номи билан уйқаш экан.

Хитойда бу муаммо шунчалар кенг тарқалган эканки, ҳукумат уйқаш исмларга қарши кураш бошлаган...

45 ёшли Чен янги иш жойи учун муқаддам судланмагани ҳақида далолатнома олмоқчи бўлади, аммо полиция унинг бу талабини рад этади.

Чен ҳақидаги полиция маълумотларида у 2006 йилда одам ўғирлашда айбланиб, ўлимга ҳукм этилгани қайд қилинган экан.

Аммо маҳаллий телевизион тармоқдаги мухбирлар бу жиноятчи аслида умуман бошқа одам эканлигини топишади ва Ченни ҳужжатларда "тирилтиришади".

Ўзини олий жазога ҳукм этишгани ва ҳукм яна ижро этилганидан "бехабар" бўлган Чен эса ўн йилдан бери нормал ҳаёт кечирган.

"Мен хорижга чиқиш учун ариза берганман ва қониқарли жавоб ҳам олганман", деб айтган Чен мухбирларга.

Гуанжо полицияси алал-оқибат бу хатоси учун Чендан кечирим сўради ва унга далолатномани топширди.

Қизиғи, Ченнинг фамилияси марҳум жиноятчиники билан нафақат уйқаш, балки унинг кимлик ҳужжат рақами ҳам бир хил экан.

Хитой ҳукумати эса бу каби "уйқашлик" муаммосига қарши курашни бошлаганини айтади.

Жамоатчилик хавфсизлиги вазирлигига кўра, бугунги кунда кимлик кардларининг уйқаш рақамлари ўндан ортмайди, 2009 йилда эса уларнинг сони 1 миллиондан ортиқ бўлган экан...

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар