Москвада қирғизистонлик муҳожир пичоқлаб ўлдирилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Rfi.fr

Москвада 12 август кечаси ҳалок бўлган қирғизистонликнинг жасади якшанба куни ватанига юборилган.

Унинг Ўш вилояти Қорасув тумани яшовчиси экани айтилмоқда.

Ҳодисада арман миллатига мансуб яна бир одам ҳалок бўлган.

Полиция бир кишини қўлга олган.

У жиноят содир этган пайтда маст ҳолатда бўлгани айтилмоқда. Айтилишича, 24 ёшли эркак муқаддам безорилик қилгани учун икки марта судланган.

Қирғизистон фуқароси Рязанский кўчасидаги дўконга бораётганда ҳужумга учраган.

Тасодифан пайдо бўлган жиноятчилар дўкон эгаси ва қирғизистонликни пичоқлаб ўлдиришган. Уларга ёрдам бериш учун келган бир инсонни ҳам ярадор қилганлар.

Ҳозирда полиция воқеани ўрганмоқда.

Аввалроқ Россия ахборот воситалари Рязанский кўчасида миллатчиларнинг қўлидан икки одам нобуд бўлгани, уларнинг бири қирғизистонлик, иккинчиси эса арманистонлик экани ҳақида хабар берган эди.

Қурбонлар рўйхати

Жорий йилнинг 2 майида Москвада маҳаллийлар тарафидан дўппосланиши ортидан қирғизистонлик Ақтан Қасимов ҳалок бўлган эди.

У Москвада сартарош бўлиб ишлаган.

Шунингдек, апрел ойида Москвадаги метро вагонларининг бирида қирғизистонликлар калтакланган. Ушбу ҳолат бўйича тўрт россиялик қўлга олинганини Москва метросидаги ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Алексей Мишляев маълум қилган. Улардан пичоқ, электрошоклар топилган. Гумондорлар сўроқ пайтида жиноятни бўйинларига олган.

"Жабрланганларнинг иккиси ҳам Қирғизистонда туғилган. Қирғиз миллатидагилар. Тезкор изланиш бўлими ҳодимлари уларни дўппослаган деган гумон билан тўрт кишини қўлга олди. Аввал 213 - модданинг 2- бўлими "одамлар гуруҳининг безорлиги" дея жиноят иши очилган. Уларнинг уч нафари вояга етмаганлиги сабаб, иш тергов комитетига ўтказиб берилди", - дейди Мишляев.

Қатор россия ахборот воситалари полициядаги манбаъларига таяниб, метродаги воқеада миллатчилар мигрантларга ҳужум қилганини, телефонларидан миллатчилик рамзи сифатида қўлларини кўтариб тушган суратлар топилганини ёзишган.

Бироқ Мишляев бу каби иддоларни рад этиб, улар футбол ишқибозлари эканини, жиноятга ундаган сабаблар терговда аниқланишини қўшимча қилган.

Россия Миграция бошқармасининг апрел ойидаги маълумотига мувофиқ, ҳозирда Россияда 600 мингга яқин қирғизистонлик ишламоқда.

Жорий йилнинг январ-июн ойлари оралиғида Москва шаҳри ва Москва вилоятидан ўз ажали билан ёки турли бахтсиз ҳодисалар натижасида вафот этган 77 нафар қирғизистонликларнинг жасади келган.

Ўтган йили бу рақам 157 кишини ташкил этган эди.

Айни пайтда Президент Алмазбек Атамбаев Президент Путинга мактуб йўллаб, барча- 119 минг нафар қирғизистонликларни Россия Федерал Миграция Хизматининг "қора рўйхати"дан чиқаришни сўраган.

Бу ҳақда Қирғизистон Давлат миграция қўмитаси раисининг ўринбосари Алмаз Асанбаев Бишкекда ўтган матбуот анжуманида маълум қилган.

Унинг айтишича, қирғиз муҳожирларининг аксари Қирғизистон ҳали Божхона Иттифоқига қўшилишидан олдин "қора рўйхат"та тиркалган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.