Қозоғистон террордан огоҳлик муддатини узайтирди

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси мамлакат бўйлаб террордан огоҳликнинг "сариқ" ёки мўтадил даражасининг амал қилиш муддатини 2017 йил 15 январига қадар узайтирган.

Бу ҳақдагм қарорнинг якшанба куни, Президент Нурсултон Назарбоевнинг тегишли фармонига асосан қабул қилингани билдирилган.

Террордан огоҳлик тартиби шу йилнинг июнида Оқтўбедаги зўравонликлар ортидан жорий этилганди.

Қозоқ расмийларига кўра, 5 июн куни Оқтўбедаги қурол-яроғ сотувчи иккита дўкон ва ҳарбий қисмга уюштирилган ҳужумда 7 киши ҳалок бўлган.

Ҳукумат зўравонликларда "диний радикаллар"ни айблаган.

Ҳодисалар ортидан ўтказилган аксилтеррор амалиётларида ҳужумда иштирок этгани айтилган 18 киши ўлдирилган, яна 9 киши қўлга олинган.

Президент Нурсултон Назарбоев Оқтўбедаги ҳужумни террорчилик амали деб атаган ва ҳужумчилар "режани хориждан олганликлари"ни айтган.

"Биз бу ҳаракат салафизм диний оқимининг аъзоларининг иши эканини энди яхши биламиз", деб айтган у Миллий хавфсизлик кенгашининг йиғилишида.

Назарбоев ҳукуматга терроризм ва экстремизмга қарши, қурол-яроғни асраш, савдоси билан шуғулланиш, муҳожирликни, диний бирлашмаларни тартибга солиш бўйича қонун лойиҳалари тайёрлашни топширган.

Айрим таҳлилчилар зўравонликларнинг Қозоғистон сиёсий элитаси орасидаги ҳокимият учун яширин курашлар билан алоқадор бўлиши мумкинлигини айтишган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.