Ўзбекистон Сенати милиция тўғрисидаги қонунни маъқуллади

Фото муаллифлик ҳуқуқи caravan.kz
Image caption Ҳозиргача милиция ҳақидаги махсус қонун йўқ эди

Ўзбекистон Сенати парламентнинг чоршанба кунги ялпи мажлисида узоқ кутилган "Ички ишлар органлари тўғрисида"ги қонунни маъқуллаган.

Қонун лойиҳаси шу йил бошида Президент Каримов ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолиятини қаттиқ танқид қилиши ортидан Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайёрланган ва парламентнинг қуйи палатаси-Олий Мажлисга тақдим этилганди.

Қонун ички ишлар органларининг тизим ва тузилмаси, уларнинг ваколат ҳамда мажбуриятлари, ходимларга талаблар, шунингдек, ички ишлар ходимларининг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясини аниқ белгилаб бериши айтилган.

Қонунда милиция номини полицияга ўзгартириш борасида фаразлар айтилганди, аммо афтидан, бундай ўзгариш йўқ.

Қонунсизлик

Сенаторлар қонун фуқаролар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлашган.

Шу тариқа Ўзбекистон собиқ шўро давлатлари орасида милиция ҳақидаги қонунни қабул қилган энг сўнгги давлат бўлган.

Бунга қадар Ўзбекистон милицияси 1990 йилда қабул қилинган Низом асосида ишлаб келаётганди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари мамлакатда инсон ҳақлари энг кўп милиция томонидан поймол этилишини айтиб, йиллар давомида уларнинг ваколат ва мажбуриятларини аниқ белгилаб берувчи махсус қонунни қабул қилишга чақириб келганлар.

Фаолларга кўра, ички ишлар органлари ҳақидаги қонуннинг йўқлиги хизмат ваколатларини суистеъмол қилган ва қийноқ қўллаган ходимларни маҳкамага тортишни қийинлаштириб келган.

Айни пайтда милиция ходимларининг ўзлари ҳам таъбир жоиз бўлса, тизимдаги қонунсизликдан азият чекканликларини айтишган.

"Ички ишлар органлари тўғрисида"ги қонун Президент томонидан тасдиқланганидан 6 ой ўтиб, кучга кириши айтилган.

2013 йилнинг 25 декабрида Ўзбекистонда қийноқларни тақиқловчи "Тезкор қидирув фаолияти тўғрисида"ги қонун кучга кирган, аммо кузатувчиларга кўра, ўтган вақт мобайнида қийноқлар камайгани кузатилмайди.

Маҳаллий инсон ҳақлари фаолларининг айтишларича, ички ишлар органлари тўғрисидаги қонуннинг кучга кириши ҳам амалиётда қонун устиворлигини қанчалик таъминлаши савол остида.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.