Президентнинг ваколатлари кимга ўтади?

Шавкат Мирзиёев Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Президент Каримов 2003 йилда Самарқанд ҳокими Шавкат Мирзиёевни Владимир Путинга таништирган

Президент Ислом Каримов афтидан, жиддий аҳволда шифохонада қоларкан, унинг ваколатлари вақтинча кимга ўтади ёки сиёсий саҳнадан кетгани тақдирда, Ўзбекистоннинг амалда бир умрлик президенти ўрнини ким эгаллайди, деган савол яна қайтадан кун тартибига чиққан.

78 ёшли Ислом Каримов ҳозиргача ўзининг ўрнини эгаллаши мумкин бўлган биронта сиёсатчининг номини атамаган ёки эҳтимолий меросхўрга ишора қилмаган.

Ўзбекистонда эркин сайловлар ва ҳокимиятнинг бир қўлдан иккинчи қўлга тинч йўл билан ўтиши тажрибаси мавжуд эмас.

2011 йилда мамлакат парламенти "конституциявий ислохотлар" дея тақдим этилган ҳокимиятнинг давомийлиги борасида айрим қонунларни қабул қилган, аммо уларнинг ишлаш механизми амалда синаб кўрилмаган.

Ўзбекистон Конституциясининг 96-моддасида, жумладан, қуйидагилар белгилаб қўйилган:

"Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Президенти ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолатларда унинг вазифа ва ваколатлари вақтинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг зиммасига юклатилади, бунда уч ой муддат ичида, «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонунга тўлиқ мувофиқ ҳолда мамлакат Президенти сайлови ўтказилади".

Конституция бўйича вақтинча Президент вазифасини бажариши керак бўлган шахс, Сенатнинг жорий раиси Ниғматилла Йўлдошев ҳақида жамоатчилик деярли ҳеч нарса билмайди. Сенатнинг расмий сайтида ҳам унинг таржимаи ҳоли ҳақида маълумот берилмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Senat.uz
Image caption Конституция бўйича Президентнинг ваколатлари вақтинчалик Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошевга ўтиши керак

Ўзбекистон Адлия вазирлиги сайтида келтирилган маълумотга кўра, Йўлдошев Ниғматилла Тўлқинович 1962 йил 5 ноябрда Тошкент шаҳрида туғилган. Маълумоти - олий, ҳуқуқшунос.

1985 йилда Тошкент Давлат университетининг юридик факультетини тамомлаган.

1986 йилдан 2011 йилгача прокуратура тизимида ишлаган, 2008-2011 йилларда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

Ўзбекистон тажрибасидан келиб чиқиладиган бўлса, амалда ҳамма нарса Конституцияда ёзиб қўйилганидек бўлмаслиги мумкин.

Таҳлилчилар бу масалада Ўзбекистонни кўпинча қўшни Туркманистонга қиёслайдилар.

2006 йил декабрида Туркманистоннинг умрбод президенти Сапармурод Ниёзов тўсатдан вафот этган пайт унинг ваколатлари Конституцияда ёзилгани каби парламент (Халқ Маслахати) раисига эмас, балки Туркманбошининг унчалик билинмаган шахсий врачи ҳам деб ишонилган соғлиқни сақлаш вазири Гурбангули Беридмуҳаммедов қўлига ўтган эди.

Ўзбекистонда ҳозирга қадар Президент Каримовнинг ўрнига эҳтимолий даъвогар экани айтилган шахслар қуйидагилар:

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy
Image caption Шавкат Мирзиёев қаттиққўллиги ва шафқатсизлиги билан ном чиқарган

Шавкат Мирзиёев, 59 ёш. Ўзбекистоннинг шафқатсизлиги билан танилган ва энг узоқ мансабда ўтирган Бош вазири. У 1998 йилда Би-би-си журналисти билан суҳбатда қўл остидагиларни дўппослагани ҳақидаги гап-сўзларни рад этган. Маҳаллий журналистларнинг айтишларича, Президентнинг ғазабига дучор бўлмаслик учун телекамералардан узоқ туради ва давлат матбуоти раҳбарларига ўзини кўрсатмаслик ҳақида топшириқ берган. Мамлакат пахта саноатини назоарт қилиши айтилади. 2007 йилда асли ўзбекистонлик Россиянинг энг бой одамларидан Алишер Усмоновга қудалик риштаси билан боғлангани хабар қилинган. МХХ раиси Рустам Иноятовнинг дастагига эга экани айтилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy
Image caption Азимов ва Мирзиёев ўртасида зимдан рақобат борлиги айтилади

Рустам Азимов, 57 ёш. Молия вазири ва Ўзбекистон ҳукуматининг ғарбдаги энг таниқли юзи. Обрўли академиклар оиласида туғилиб, вояга етган Рустам Азимов ўзбек-америка қўшма ҳукумат комиссиясига раислик қилади. Россия матбуоти Азимовни Вашингтоннинг Президент Каримов ўрнига номзоди деб таърифлаган. Инглиз тилида яхши гапирадиган Азимов эркинроқ иқтисодий сиёсат тарафдори, деб ишонилади. Айрим таҳлилчилар Мирзиёев ва Азимов ўртасидаги рақобат ва ҳокимият учун зимдан кураш боришини айтадилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy
Image caption МХХ нинг қудратли раҳбари (чапда) Бош вазир Мирзиёвни дастаклаши айтилади

Рустам Иноятов, 71 ёш. Қудратли хавфсизлик хизмати-МХХнинг раиси ва Ўзбекистон сиёсий элитасининг энг узоқ вақт ҳокимиятда қолаётган аъзоларидан бири. АҚШнинг Викиликсга сизган 2008 йилги дипломатик номаларида Президент Каримовнинг "эшик оғаси" деб таърифланган. Иноятов Президент Каримовнинг бир пайтлар қудратли бўлган тўнғич қизи Гулнора Каримованинг қулашида муҳим рол ўйнаган шахсиятлардан бири сифатида кўрилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Lola Karimova
Image caption Лола Каримова-Тиллаева сиёсий интилишлари йўқлигини айтган

Каримов оиласи. Президентнинг тўнғич қизи Гулнора узоқ вақт отасининг эҳтимолий меросхўри сифатида кўрилганди. У йирик бизнес ва медиа империяни бошқарган. Аммо 2013 йилда афтидан, отаси билан ораси очилгач, сиёсий саҳнадан четлатилган ва Би-би-си манбаъларига кўра, камида бир йил уй қамоғида бўлган. Ҳозирги тақдири номаълум. Унинг 2013 йилда Би-би-сига опаси билан гаплашмаслигини айтган синглиси Лола Каримова эса, ўтган вақт мобайнида ўзбек матбуотида бот-бот кўзга ташланган. Аммо у ўзининг сиёсий интилишлари йўқлиги ва бизнес билан шуғулланмаслигини айтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Gulnara Karimova
Image caption Бир пайтлар қудратли Гулнора Каримованинг ҳозирда уй қамоғида экани айтилади

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.