Тошкентда расмий Мустақиллик тантаналари бекор қилинди

Ислом Каримов Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Би-би-си манбасининг билдиришича, 31 август куни Тошкентда ўтиши режаланган расмий мустақиллик тантаналари бекор қилинган.

Бу ҳақда маълум қилган Би-би-си манбаси расман байрамнинг қолдирилишига ҳеч қандай сабаб келтирилмаганини айтди.

Расмий тантаналарнинг қолдирилиши ўтган дам олиш кунлари мияга қон қуйилиши ташхиси билан шифохонага ётқизилган 78 ёшли Ислом Каримовнинг аҳволи янада ёмонлашганини англатадими, йўқми, Би-би-сига маълум эмас.

Президент Каримовнинг миясига қон қуйилган

Ишончли манбанинг билдиришича, 1 сентябр кунги халқ сайли тадбирларининг режага мувофиқ ўтказилиши кутилмоқда.

Тадбирлар учун масъул Тошкент шаҳар ҳокимияти ва Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳозирча бу борада расмий хабар тарқатгани йўқ.

Пойтахтнинг Алишер Навоий номидаги Миллий боғида ўтадиган Мустақилликнинг 25 йиллигига бағишланган тадбирлар ҳар йилгидан ҳам дабдабалироқ ўтиши кутилаётганди.

Аммо афтидан, Президент Ислом Каримовнинг шифохонага ётқизилиши расмий байрам тадбирларига таъсир кўрсатган.

Давлат раҳбарининг соғлиги ҳақидаги маълумотлар сир сақланадиган Ўзбекистонда жамоатчилик Президентнинг соғлиги ва аҳволи руҳияси ҳақида унинг Мустақиллик ва Наврўз тантаналаридаги чиқишларига қараб, хулоса чиқаради.

Президент Каримов расмий томошалар сўнгида рақсга тушиш ва саҳнага чиқиб, санъаткорларни олқишлашни одат қилган.

Душанба куни давлат раҳбарининг касаллиги тафсилотларини ошкор этган унинг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаева отасининг аҳволи барқарор эканини билдирганди.

Ўзбекистон Президенти девонидаги манба Ислом Каримовнинг оламдан ўтгани ҳақидаги матбуот хабарларини рад этган.

Би-би-си манбаси: Каримов ҳануз реанимацияда қолмоқда

Сўнгги кунларда бирин-кетин вилоят марказларида Мустақиллик тадбирлари бўлиб ўтаётгани ҳақида хабарлар олинган.

Ўзбекистон ҳукумати давлат раҳбари реанимация бўлимида қолаётган охирги икки кун мобайнида унинг аҳволига доир ҳеч қандай расмий маълумот тарқатгани йўқ.

Россия Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Ўзбекистон раҳбарининг вафот этгани ҳақидаги хабарлар тасдиқланмаганини айтган.

"Ҳозирда бу борада қўлимизда ҳеч қандай янги маълумот йўқ", деб айтган жаноб Песков сешанба куни Москвадаги матбуот анжуманида.

Бир кун аввал Кремл Ўзбекистон раҳбарининг бетобланганидан ташвиш изҳор қилган ва унга тезроқ тузалиб кетишини тилаганди.

АҚШ Давлат котиби ёрдамчисининг ўринбосари Дэниэл Розенблюм Ўзбекистон Президентининг аҳволи борасида фақат расмий маълумотга эга эканликларини айтиб, бу борада тахминлар қуришни истамасликларини таъкидлаган.

"Биз президентнинг тезроқ соғайиб кетишини тилаймиз ва бунга умид қиламиз", деб айтган АҚШ мулозими.

Унга кўра, "ҳар қандай вазиятда ҳам Вашингтон ва Тошкент алоқалари ўзгармайди".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ