Самарқандда нима бўляпти?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Жаноб Каримов она шаҳри Самарқандни хорижлик меҳмонларга кўз-кўз қилиб келган

Ўзбекистон ҳукуматининг 78 ёшли Президент Ислом Каримовнинг соғлиги билан боғлиқ энг сўнгги маълумотларни жамоатчиликка ошкор этмаётгани аҳоли орасида турли гап-сўзларнинг урчишига сабаб бўлмоқда.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган охирги хабарларга кўра, Президент туғилиб ўсган Самарқандда қандайдир муҳим тадбирга тайёргарликлар бошланган.

Айрим фойдаланувчилар Самарқанд марказининг ёпиб қўйилгани, шаҳарга машиналарнинг киритилмаётгани ҳақида ёзишмоқда.

Би-би-си айни хабарларни тасдиқлаш мақсадида Самарқанд вилоят ҳокимиятига боғланди.

Ўзини ҳоким ёрдамчиси Акмал Ҳайитов деб таништирган ҳокимият вакилининг айтишича, шаҳар ёпилмаган ва одатий ҳаёт давом этмоқда.

У шаҳарда ҳеч қандай шошилинч тадбирлар кўрилмаётгани, одамлар орасида тарқаётган гап-сўзлардан бехабар эканини айтди.

"Бухорий кўчаси тартиб қилиняпти"

Айни пайтда Би-би-сининг бир-биридан мустақил уч манбасининг айтишича, шаҳарнинг марказий кўчаларидан бири бўлган Имом Ал-Бухорий кўчаси ёпиб қўйилган ва унда қандайдир ҳозирликлар бормоқда.

"Бухорий кўчаси тартиб қилиняпти" деб айтди тафсилотлар ҳақида гапиролмаслигини айтган Самарқанддаги республика ҳокимиятига яқин манба.

Имом Бухорий кўчаси Регистон ва Шоҳи Зиндага олиб чиқадиган марказий кўчалардан саналади.

Ҳозирда Самарқандда бўлган Тошкентдаги вазирликлардан бирининг вакилига кўра, пайшанба куни Вазирлар Маҳкамаси аъзолари ва ҳокимликларга "Самарқандга етиб келиш буюрилган".

Унинг айтишича, гўёки Самарқанддаги айрим завод ишчилари "уборкага чақириб олинган".

Ўзбекистон Телерадиокомпаниясидаги манбанинг айтишича, Самарқанднинг марказий майдони Регистон атрофида ҳам қандайдир фавқулодда чоралар кўрилмоқда.

Айрим хабарларга кўра, Бош вазир Шавкат Мирзиёев Самарқандга сафар қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Google
Image caption Имом Бухорий кўчаси Регистон ва Шоҳи Зиндага олиб чиқадиган марказий кўчалардан

Би-би-си ушбу хабарларни расмий манбалардан тасдиқлай олганича йўқ.

Пойтахтнинг ўзида бугун халқ сайли ва мустақилликка бағишланган бошқа оммавий тадбирлар бўлиб ўтмоқда.

Фақат мушакбозликлар қолдирилган, расмийлар мушакбозликларнинг футбол бўйича Ўзбекистон ва Сурия миллий терма жамоалари ўртасида бугун кечроқ ўтадиган беллашув боис қолдирилганини айтишган.

Каримовсиз байрам

Ўзбекистонликлар мамлакат тарихида илк бор мустақиллик кунини Президент Ислом Каримовсиз нишонлашган.

Давлат раҳбарининг шифохонага ётқизилиши байрам дастурига таъсир қилган.

Image caption Ўзбекистонликлар илк бор мустақиллик байрамини Президент Ислом Каримовсиз нишонлашган

Ҳар йили авваллари Мустақиллик майдонида, сўнгги йилларда эса, Алишер Навоий номидаги миллий боғда ўтказиб келинган тантанали маросим ва санъат усталари иштирокидаги концерт қолдирилган.

Унинг ўрнига Президентнинг ўзбекистонликларга расмий табриги давлат телевидениесининг "Ахборот" дастурида ўқиб эшиттирилган.

Табрикда одатдагидек Ўзбекистон мустақиллик йилларида эришган муваффақиятлар бирма-бир санаб ўтилган, Ўзбек модели мақталган ва совет даври қораланган.

Табрик матнида Президентнинг соғлиги ва фавқулоддаликка бирон-бир ишора йўқ.

Бир вақтнинг ўзида ҳукумат порталида Россия Президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистон раҳбарига мустаҳкам соғлик тилаган табрик телеграммаси пайдо бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи UzTV
Image caption Расмий маросимда ҳукумат раҳбарлари қатнашмаган

Куннинг биринчи ярмида Тошкентдаги Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гал қўйиш маросими бўлиб ўтган.

Бу Президент Ислом Каримов шифохонага ётқизилган 28 августдан буён мамлакат раҳбарияти иштирокидаги биринчи расмий маросим бўлган.

Аммо Президент девони ва парламентнинг ҳар икки палатаси раҳбарлари иштирок этган маросимда Ўзбекистон ҳукумати раҳбарлари, хусусан, Бош вазир Шавкат Мирзиёев ва унинг биринчи ўринбосари Рустам Азимовлар қатнашмаган.

Бу икки мулозим узоқ йиллар давомида Президент Каримовнинг эҳтимолий меросхўрлари сифатида кўриб келинган.

Нима учун, хусусан, амалда ҳукумат раҳбари бўлган Мирзиёевнинг энг муҳим сиёсий тадбирда иштирок этмагани борасида ҳеч қандай изоҳ берилмаган.

Мавҳумлик

Охирги 24 соат Президент Ислом Каримовнинг соғлиги атрофидаги вазиятни ойдинлатадиган бирон-бир маълумот олиб келмаган.

Чоршанба куни Президентнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаева "отасининг шифо топаётгани" ҳақида мужда берган эди.

Аммо унинг "отам шифо топмоқда деб ишонаман" деган сўзлари ҳукуматнинг бирон расмий хабари ё-да мустақил манбаълар ёки биронта тиббий далил билан тасдиқланмаган.

Ижтимоий тармоқларда, бир томондан, "Президентимиз соғайиб кетсинлар" деган дуо-ю илтижолар, иккинчи томондан эса, хусусан, мамлакат ташқарисидаги журналистлар ҳамжамияти тарафидан Ўзбекистон ҳукуматига қарата "Президент тирик бўлса, кўрсатинглар, халқ билсин!" деган чақириқлар янграмоқда.

Чоршанба куни мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ Ҳаракати раиси Муҳаммад Солиҳ ҳам ўзбек ҳукуматига бир мурожаат билан чиқиб, Президентнинг ҳақиқий аҳволи борасида халққа маълумот беришга чақирган.

"Агар сизларда халққа озгина ҳурмат бўлса ва жаҳон ҳамжамиятининг фикри билан заррача ҳисоблашсангиз, Президентнинг тириги ё ўлигини кўрсатинг", деб ёзган 1991 йилдаги илк президент сайловларида жаноб Каримовнинг рақиби бўлган шоир Муҳаммад Солиҳ.

Минтақадаги Би-би-си мухбирининг ёзишича, Ўзбекистоннинг ҳозиргача билинган ягона раҳбари ҳануз шифохонада қолар ва ўзбек мухолифати унинг ҳатто ҳаётда бўлмаслиги мумкинлиги ҳақида фаразлар қиларкан, ҳамманинг кўзи Ислом Каримовнинг ворисига қаратилган.

"Ўзбекистонда ҳокимият ўзгариши ими-жимида ва жамоатчилик кўзидан панада юз бериши эҳтимоли катта", деб ёзади минтақадаги мухбиримиз.

Ўзбекистон расмийлари чорак асрдан кўпроқ вақт мобайнида мамлакатни бошқариб келган шахснинг ҳақиқий аҳволи борасида сукут сақларкан, ғарблик журналистлардан бирининг таъбирича, бутун Ўзбекистон вазиятни нафасини ичига ютиб кузатмоқда.