'Бемор Ислом Каримов' қачон вафот этди?

Ислом Каримов Фото муаллифлик ҳуқуқи Courtesy

Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов шанба куни ватани Самарқандда тупроққа берилди, аммо унинг ўлими ва мамлакатнинг янги раҳбарияти ҳамда Ўзбекистоннинг қайси йўлдан бориши юзасидан саволлар жавобсиз қолмоқда.

Расмий ва норасмий ўлим

Гарчи Ислом Каримовнинг ўлими ортидан ҳокимият ўзгариши жараёни расман бошланган бўлса ҳам, ҳануз давлат раҳбарининг ўлими билан боғлиқ айрим тафсилотлар қоронғулигича қолмоқда.

Ўлим хабари илк бор президентнинг шифохонага ётқизилгани ҳақида 28 август куни эълон қилинган расмий хабардан кўп ўтмай, пайдо бўлди.

Вазирлар Маҳкамасининг дастлабки хабарида касаллик тафсилотлари берилмади.

29 август куни президентнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаева ўзининг Instagram даги саҳифасида отасининг ўтган дам олиш кунлари мияга қон қуйилиш ташхиси билан шифохонага ётқизилгани ва реанимация бўлимида қолаётганини маълум қилди.

Шу куни кечга бориб мустақил Fergananews агентлиги жаноб Каримовнинг вафот этгани ҳақидаги илк хабарини тарқатди.

Хабарда Каримовнинг Тошкент вақти билан 15.00 билан 16.00 ўртасида ҳаётдан кўз юмгани айтилганди.

Аммо бу хабар президент маъмуриятидаги номи тилга олинмаган манба томонидан рад этилди.

Вазирлар Маҳкамаси 2 сентябр оқшомида давлат раҳбарининг вафотини тасдиқлаган пайт аллақачон айрим хорижий ҳукуматлар раҳбарлари, жумладан, Туркия бош вазири Бинали Йилдирим Ислом Каримовнинг вафот этганини эълон қилган ва Ўзбекистон халқига таъзиясини изҳор қилиб бўлган эди.

'Бемор Ислом Каримов'

Ўзбекистон давлат телевидениеси давлат раҳбарининг ўлими ҳақидаги расмий хабар ортидан батафсил тиббий хулосани ҳам ўқиб эшиттирди.

'Бемор Ислом Каримов' нинг вафоти сабаблари тўғрисидаги тиббий хулоса, айрим таҳлилчиларга кўра,турли тахминлар, жумладан, жаноб Каримовнинг ўз атрофидаги шахслар томонидан ҳокимиятдан четлатилгани эҳтимолини ҳам истисно қилиш мақсадида эълон қилинган бўлиши мумкин.

Расмий тиббий хулоса президентнинг хасталиги билан боғлиқ аввалги, норасмий ташхис ва уни даволашда хорижлик шифокорларнинг иштирок этганини тасдиқлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Аммо расмий хулосада баъзи зид жиҳатлар ҳам бор.

Унда жумладан, ораларида Н.Н.Бурденко номидаги нейрохирургия илмий маркази директори, академик А.А.Потапов ҳам бўлган хорижлик шифокорлар 27 августдан 28 августга ўтар кечаси Тошкентга етиб келгани айтилган.

2 сентябрь куни соат 20.15 да беморнинг юрак фаолияти тўхтагани айтилган тиббий хулосадан унгача шифокорлар Ислом Каримовнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун узлуксиз кураш олиб боргандек таассурот қолдиради.

Аммо Би-би-си Ўзбек хизмати академик Потаповнинг 31 август куни Москвадаги иш кабинетида бўлганини тасдиқлаган.

Тиббий хулосада номи келтирилган иккинчи рус шифокори, профессор Лео Бокерия эса 29 август куниёқ Москвага қайтганди.

Ўтмишда Ислом Каримовни даволаган ва Ўзбекистон раҳбарининг касаллик тарихи билан яқиндан таниш бўлгани айтилган Бокерия журналистлар, жумладан, Би-би-си мухбирлари билан гаплашишдан бош тортган.

Россия расмийлари эса ўзбек томони Ислом Каримовни муолажа қилишда ёрдам сўраб, мурожаат этмаганини айтишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи YLE
Image caption Финландиялик нейрохирург Юка Хернисниемининг айтишича, 27 август тунидаёқ "Каримовнинг мияси ўлиб бўлганди"

Аммо консилиумда иштирок этган финландиялик нейрохирург Юка Хернисниеми шахсий учоқ билан Тошкентга учиб келган 27 август тунидаёқ "бемор амалда ҳаётда бўлмаганини "ни айтган.

"Бу босқичда амалиёт фойда бермасди. Мен муолажани давом эттиришдан маъни кўрмадим. Бемор ўлиб бўлганди, бу миянинг ўлиши эди. Шифокорлар гуруҳи ўзининг хулосасини берди, шундан кейин ҳокимиятдаги ўйинлар бошланди", Юка Хернисниеми сўзларидан иқтибос келтирган Финландиянинг YLE нашри.

Нашрнинг изоҳ беришича, "ўйинлар" ибораси билан шифокор сунъий нафас олдириш жиҳозига улаб қўйилган мамлакат раҳбарининг ўлими ҳақида маълум вақтгача эълон қилмай туришни назарда тутган.

Ҳокимият учун курашлар

Айрим таҳлилчиларга кўра, ўтмишда мустақил қарор қабул қилиб ўрганмаган ўзбек расмийлари давлат раҳбарининг ногаҳоний ўлими қаршисидабир муддат тараддудланиб қолган бўлишлари мумкин.

"Ўзбекистон ҳукумати Президент Каримовнинг вафотини эълон қилолмади, чунки ҳали Президент Каримовдан бундай топшириқ олгани йўқ", дея шарҳ қолдирган ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири.

Каримов маъмурияти собиқ мулозимининг Би-би-сига айтишича, ҳокимият учун курашаётган клан ва гуруҳлар Ислом Каримовнинг ўлганини эълон қилишдан аввал унинг меросхўри ким бўлиши ҳақида аниқ келишувга эришишни исташган.

Ниғматилла Йўлдошев

Ўзбекистон конституциясига биноан, агар президент вафот этса ёки ўз вазифасини бажара олмай қолса, унинг ваколатлари Сенат раисига ўтади ва уч ой муддат ичида президент сайловлари ўтказилиши керак.

Ўзбек расмийлари ҳалигача муваққат президент ва президент сайовларига ҳозирлик жараёнлари ҳақида расман эълон қилишгани йўқ.

Аммо Кремл жаноб Каримовнинг вафоти эълон қилинган 2 сентябр оқшомида Президент Путин "Ўзбекистон Сенати раиси ва президент вазифасини бажарувчи Ниғматилла Йўлдошев" номига таъзия телеграммаси йўллаганини маълум қилди.

Прокуратурадан чиққан ва ўтмишда адлия вазири лавозимини эгаллаган тошкентлик жаноб Йўлдошев доимий қудрат учун даъвогар шахс сифатида кўрилмайди.

У Самарқанддаги дафн маросимида ҳам марказий рол олмади ва хорижий раҳбарларни кутиб олгани йўқ.

Шавкат Мирзиёев

Бош вазир Шавкат Мирзиёев ва унинг биринчи ўринбосари, молия вазири Рустам Азимовлар эса жанозада ёнма-ён туришди ва елкаларида Каримов тобутини кўтариб бордилар.

Уларнинг ҳар иккаласи ҳам Ислом Каримовнинг эҳтимолий меросхўрлари сифатида кўриб келинган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Бош вазир Мирзиёв россиялик ҳамкасби Дмитрий Медведевни олқишлаган

Аммо маросимда фақат Мирзиёев нутқ сўзлади ва россиялик ҳамкасби Дмитрий Медведев билан музокаралар олиб борди.

59 ёшли Мирзиёевнинг қўл остидагиларни "дўппослаши" ҳақида гап-сўзлар юради.

Унинг ўзи бу ҳақидаги иддаоларни рад этган.

Жаноб Мирзиёев асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов билан қудалик ришталарига эга экани айтилади.

У 2007-2011 йилларда Россия бош вазири бўлган Путин билан ҳам яқин алоқалар ўрнатган.

Рустам-Азимов ва Иноятов

Унинг эҳтимолий рақиби сифатида кўриладиган муовини Рустам Азимов эса, нисбатан либерал сиёсат тарафдори, деб ишонилади.

Россия матбуоти Азимов ҳақида "Американинг одами" деб ёзган.

Аммо Ўзбекистон Каримовдан кейинги даврга қадам қўяркан, кўпчилик ҳақиқий ҳокимият МХХ нинг қудратли раҳбари Рустам Иноятов қўлида, деб ишонади.

Америка дипломатларининг Викиликсга сизган 2008 йилдаги номаларида Иноятов "Президент Каримовнинг эшик оғаси" деб таърифланган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Courtesy
Image caption Кўпчилик ҳақиқий ҳокимият Рустам Иноятовнинг қўлида, деб ишонади

71 ёшли Иноятов марҳум президентнинг бир пайтлар қудратли қизи Гулнора Каримованинг қулашида ҳам асосий рол ўйнагани айтилган.

Парда орқасидаги ҳокимият учун курашларда муҳим рол ўйнаши кутилаётган яна бир шахс президент маъмуриятининг раҳбари Зелимхон Ҳайдаровдир.

Тошкентлик мустақил сиёсатшунос Фарҳод Толиповнинг фикрича, ҳозирда Ўзбекистон олдида икки йўл турибди: бири узурпация ёки ҳокимиятни босиб олиш, иккинчиси эса, конституциявий йўлдан бориш.

"Афтидан, учинчи йўл йўқ", деб ёзган у ўзининг Фэйсбукдаги саҳифасида.

Халқаро муносабатлар

Ўзбекистон ҳукумати президент Каримовнинг вафотидан буён ташқи сиёсат борасида бирон муҳим баёнот қилганича йўқ.

Ислом Каримов қудратли давлатлар ўртасида мувозанат сақлашга ҳаракат қилган ва Москванинг Ўзбекистонни ўзининг ҳарбий ва иқтисодий блокларига қўшиш уринишларига қаршилик кўрсатиб келган.

Унинг МДҲдаги аксар ҳамкасблари, жумладан, Путин ва Назарбоев Каримовнинг дафн маросимида иштирок этишмади.

АҚШ ва Хитой эса Самарқандга пастроқ даражадаги ҳайъатларни юбордилар.

Инсон ҳақлари ташкилотларининг танқидларига қарамай, Каримов билан террорга қарши урушда ҳамкорлик қилиб келган Президент Обама ўзбек халқига таъзияномасида "Ўзбекистондаги янги давр" ҳақида гапирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption МДҲ нинг аксар раҳбарлари Каримовнинг жанозасига келишмади

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.