Financial Times: 'Минтақа раҳбарлари Каримовни ёмон кўрарди'

Каримов ва Назарбоев Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy
Image caption 'Каримов Марказий Осиёнинг шартсиз ва тан олинган раҳбари бўлишни истарди'

"2 сентябрдаги вафотига қадар Ўзбекистонни сталинчи диктатор сингари бошқарган марҳум президент Ислом Каримов ўзбекларни қашшоқ ва паришон аҳволда ташлаб кетди", деб ёзади Financial Times даги мақоласида минтақа бўйича таҳлилчи Аҳмад Рашид.

Унга кўра, Марказий Осиёнинг кўпгина раҳбарлари Каримовни ёмон кўришарди.

Аҳмад Рашиднинг фикрича, қўшни давлатлар - Қозоғистон ва Қирғизистон президентлари Назарбоев ва Атамбаевларнинг Президент Каримовнинг жанозасига келмаганликларининг сабаби ҳам шунда.

"Каримов учун Марказий Осиё раҳбарларини таҳқирлаш одатий ҳол эди. 1999 йил февралида у собиқ қирғиз президенти Асқар Акаевни исломий экстремистлар таҳдидига қарши жилмайишдан бошқа нарсага ярамагани учун "бечора" деб атаганди.

У қўшни давлатларнинг ишларига бот-бот аралашарди. Масалан, 1999 йилда Қирғизистондан демократик ислоҳотлардан воз кечишни талаб қилган ва акс ҳолда ўзбек газини кесиб қўйиш билан таҳдид этган. Ўша йили Ўзбекистонга қирғизларга икки марта газни тўхтатиб қўйган.

"Иззат-нафси кучли, айёр ва мутлақо шафқатсиз Каримов Марказий Осиёнинг шартсиз ва тан олинган раҳбари бўлишни истар ва қолган тўрт давлат -Қозоғистон, Қирғизистон,Туркмнистон ва Тожикистон раҳбарларининг ўз иродасига тобеъ бўлишларини хоҳларди", дея давом этади ўтмишда Ислом Каримов билан суҳбатлашган асли покистонлик таҳлилчи.

Унга кўра, жаноб Каримов бу мақсадда қўлидаги барча воситалар, жумладан, Ўзбекистоннинг табиий бойликларидан ҳам истифода этган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Courtesy
Image caption Аҳмад Рашид Ислом Каримов билан 1990-йилларда учрашган

Аммо муаллифга кўра, Каримов ушбу мақсадига эриша олмаган ва унинг саъй-ҳаракатлари минтақа иқтисодининг барбод бўлишига ҳисса қўшган.

Марказий Осиёдаги барқарорлик муҳим ва ҳозирда Каримовнинг сиёсий саҳнадан кетиши билан янги имкониятлар пайдо бўлмоқда.

"Минтақа Россия ва Хитой ўртасида қисилиб қолган ва исломий экстремизм ва оммавий ишсизликка юз тутган", дейди муаллиф.

"Совет Иттифоқининг қулашидан сўнг Марказий Осиё катта иқтисодий имкониятларни бой берди ва бунинг такрорланишига дош беролмайди. Ўзбекистоннинг янги раҳбари минтақани бирлаштириш ва яшаш шароитларини яхшилаш билан Каримовнинг ҳалокатли меросига барҳам бериш имконига эга", деб ёзади Аҳмад Рашид.

Унга кўра, бу Афғонистон шимолидаги базаларидан Марказий Осиёга таҳдид солаётган, муаллиф таъбирича, исломий экстремистларга энг яхши жавоб бўлади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.