Мирзиёев Навоий ва Бухоро вилоятларига сафар қилди

Шавкат Мирзиёев Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев шанба куни Навоий ва Бухоро вилоятларига сафар қилган.

Расмий хабарда айтилишича, сафар чоғида у ҳар икки вилоятдаги йирик лойиҳаларнинг ижроси билан танишган.

Жумладан, Навоийда "Навоиазот" корхонаси томонидан бунёд этилаётган янги поливинилхлорид, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш мажмуаси ҳамда аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш корхонаси қурилишини кўздан кечирган.

Янги корхонада 1000 дан ортиқ иш ўрни яратилиши кутилади.

У шунингдек, Кармана туманида пахта йиғим-теримининг бориши билан танишган ва маҳаллий фермерлар билан учрашган.

Бухоро вилоятида эса жаноб Мирзиёев Қандим газни қайта ишлаш заводи қурилиш майдончасида бўлиб, 2,6 млрд долларлик лойиҳанинг амалга оширилиш жараёни билан танишган.

Бу ерда у лойиҳа сармоядорларидан Россиянинг "ЛУКОЙЛ" нефт-газ ширкати раҳбари Вагит Алекперов билан учрашгани хабар қилинади.

Ҳокимият вертикали

Бу Шавкат Мирзиёев Сенат томонидан вақтинча президент вазифасини бажарувчи этиб тайинланганидан буён вилоятларга тўртинчи сафаридир.

Ушбу сафарлар 4 декабрда ўтадиган президент сайловларида асосий номзод бўлган жаноб Мирзиёевнинг сайловолди тарғиботларининг бир қисми сифатида кўрилмоқда.

Аввалроқ у Жиззах шаҳрида бўлиб, Жиззах шаҳар ҳокими ва қатор туманлар ҳокимлари, шунингдек, прокурорларни алмаштирганди.

Навоий ва Бухорода кадрлар ўзгариши юз бергани ҳақида хабар қилинмаган.

Айни пайтда uznews.uz нашрининг хабар беришича, жаноб Мирзиёев Адлия вазирининг уч нафар янги ўринбосарларини тайинлаган.

Ўзбекистонлик фаоллардан бирининг айтишича, жаноб Мирзиёев маҳаллий раҳбарларни алмаштириш орқали "битта ўқ билан бир нечта қуённи уришга ҳаракат қилмоқда".

"Бир томондан, ўзига ёқмаган амалдорлардан қутулиб, иккинчи тарафдан, одамларда юзаки бўлса ҳам, ўзгаришларга ишонч пайдо қилаяпти", - дейди номи сир қолишини истаган фаол.

Муваққат президентнинг кадрлар соҳасидаги тезкор ўзгаришлари Россия матбуотининг ҳам эътиборини тортган.

"Независимая газета"нинг ёзишича, бу билан жаноб Мирзиёев сайловларга қадар ҳокимият вертикалини мустаҳкамлаб олишни мақсад қилган.

"Шубҳа йўқки, асосий қудрат марказлари билан мувозанат август охири-сентябр бошларида кечган махфий музокаралар жараёнида ўрнатилган. Мирзиёев мисолида бу қудратнинг жамланишини англатади", дея сиёсий таҳлилчи Зураб Тодуанинг сўзларини келтирган "Независимая газета".

Унинг айтишича, 13 йил мобайнида Ислом Каримовнинг яқин доирасига кирган Мирзиёев бу вақт ичида унинг ишончини қозонган ва мамлакатдаги энг катта таъсирга эга сиёсатчилардан бирига айланган.

59 ёшли Бош вазир Шавкат Мирзиёев 8 сентябр куни Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида вақтинча президент вазифасини бажарувчи этиб тайинланганди.

Конституцияга мувофиқ муваққат президент вазифасига тайинланиши керак бўлган Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев ўзининг тажрибасизлигини рўкач қилиб, президент ваколатларини ўз зиммасига олишдан воз кечган.

Ижтимоий тармоқлардаги норозиликлар ортидан ҳукуматнинг бош ҳуқуқшуноси Акмал Саидов Сенат қарорининг қонунийлигини изоҳлашга мажбур бўлган.

Танқидчилар ушбу масала Конституцион Судга оширилиши кераклигини айтишган.

4 декабрга белгиланган президент сайловлари амалда фақат жаноб Мирзиёевнинг президентлигини расмийлаштириши кутилади.

Сайловларда ундан ташқари расмий рўйхатдан ўтган сиёсий партияларнинг яна уч номзоди қатнашади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишниистасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.