Виртуал қабулхона сайловдан кейин ҳам ишлайдими?

Виртуал қабулхона Фото муаллифлик ҳуқуқи pm.gov.uz

Ўзбекистон ҳукуматининг расмий портали - gov.uz да Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонаси иш бошлаган.

Бундан буён фуқаролар pm.gov.uz манзилига "ҳал этилмаган" муаммолар юзасидан ариза ва шикоятлар билан мурожаат қилишлари мумкин бўлади.

Шанба куни Бош вазирнинг расмий сайтида қуйидаги эълон жойлаштирилди:

"Сизда ҳал этилмаган масалалар/муаммолар, ариза, шикоят ёки таклифлар борми?

У ҳолда мурожаатингизни тўғридан-тўғри Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига 3 хил усулда:

қўнғироқ қилиш, мурожаат юбориш ёки "O'zLiDeP" ҳудудий партия ташкилоти Кенгашига ташриф буюриш орқали юборишингиз мумкин".

Расмий эълонда айтилишича, Бош вазирга ариза, шикоят ва таклифларни 1000 ёки 0-800-210-00-00 рақамларига қўнғироқ қилиш орқали йўллаш мумкин.

Қўнғироқларни стационар телефонлар орқали бепул амалга ошириш мумкинлиги таъкидланган.

Унда шунингдек, вилоятлардаги виртуал қабулхоналарнинг телефон рақамлари ҳам берилган.

Ишонч телефонлари 'жонланди'

Якшанба куни виртуал қабулхонага боғланишга уринган Наманган шаҳри яшовчиларидан бирининг айтишича, у "чақирилаётган абонент вақтинча жавоб бера олмайди" деган автомат жавобни эшитган.

Ҳукумат сайтидаги эълонда виртуал қабул кунлари ва соатлари чекланмаган.

Маҳаллий фаоллар ҳукуматнинг фуқаролар ариза ва шикоятларига ҳозиржавоблик ҳаракатларини сайловолди ҳозирликлари билан боғлашади.

Ўтмишда фуқароларнинг ариза ва шикоятларини тегишли тартибда кўриб чиқмагани учун Бош вазир Шавкат Мирзиёев устидан Олий судга шикоят қилган тошкентлик фаол Шуҳрат Рустамов виртуал қабулхонадан мақсад "бир муддат халқни лақиллатиш" деб ҳисоблайди.

"Сайлов олдидан прокуратуранинг ишонч телефон рақами - 1007 ҳам жонланиб қолди. Каримов вафотигача ишламаётганди. Сайлов ўтгандан кейин бир муддат ишлайди-да, кейин тўхтайди", - дейди Норасмий Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Ҳимоячилари Алянси фаоли.

Шуҳрат Рустамов 2014 йилда Шавкат Мирзиёевга 855 та шикоятни почта орқали юборгани, аммо уларнинг биронтаси ҳам тегишли тартибда кўриб чиқилмаганини айтади.

Ўзбекистон Олий Суди Рустамовнинг фуқаролар аризасига беписандлиги учун Мирзиёев дохил қатор мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш ҳақида 2014 йил августида қилган мурожаатини ҳам жавобсиз қолдирган.

Унинг фикрича, агар муваққат президент одамларнинг муаммолари билан сидқидилдан шуғулланишни истаса, уларни шахсан кўриб чиқиши ва жойлардаги амалдорлар, хусусан, прокурорларга чора кўриши керак.

"Агар Мирзиёев одамларни ишонтираман деса, ҳеч бўлмаганда, ҳар бир вилоятдан биттадан шикоятни кўриб чиқсин ва айбдорларни жазоласин", - дейди Шуҳрат Рустамов.

'Халқ адолатсизликка чидамайди'

Шавкат Мирзиёев муваққат президент этиб тайинланганидан кейинги илк чиқишларидан бирида марҳум президент Ислом Каримовнинг "халқимиз ҳамма нарсага чидайди, лекин адолатсизликка чидамайди", деган сўзларини келтирган.

Маҳаллий фаолларга кўра, фуқаролар энг кўп қонун ижросини таминловчи идоралар-милиция ва прокуратура ходимларининг ўзларига нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатларидан шикоят қилишади.

"Ички ишлар идоралари тўғрисида"ги қонун Мирзиёев вақтинча президент вазифасини бажарувчи этиб тайинланганидан сўнг имзолаган биринчи қонун бўлган.

Аммо бошқа қонунлардан фарқли ўлароқ, у матбуотда эълон қилинган кундан бошлаб эмас, балки 6 ойдан сўнг кучга киради.

Ўзбекистонлик қонун чиқарувчилар милиция ҳақидаги узоқ кутилган қонун ижросининг кечиктирилишига изоҳ беришмаган.

Ўзбекистонда мустақиллик йилларида қарор топган тажрибага мувофиқ, фуқароларнинг ариза ва шикоятлари кўриб чиқиш учун шикоят қилинган идора ёки масъул шахснинг ўзига юборилади.

Бу эса фаолларга кўра, шикоятнинг холис ва адолатли кўриб чиқилиши имконини йўққа чиқаради ва аризачи ҳуқуқларининг янада кўпроқ бузилишига йўл очади.

Президент Ислом Каримов ўз ҳокимиятининг сўнгги ўн йилида биронта аризачи фуқарони шахсан қабул қилгани маълум эмас.

Шавкат Мирзиёевнинг қабулига киришга уринган ҳуқуқ фаоллари бундай қабул, қонунга хилоф равишда Бош вазир томонидан ҳам амалга оширилмай келинганини айтишган.

Улар ҳозирда ҳокимият ўзгариши билан фуқароларнинг ариза ва шикоятларига муносабат тубдан ўзгаришини савол остига оладилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишниистасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.