"Янги ҳукумат қатъий иқтисодий ислоҳот ўтказиши керак"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Google
Image caption "Асака" акциядорлик тижорат банкининг филиалларидан бири

Ўзбекистон Марказий банки тарқатаётган хабарларга кўра, мамлакатдаги барча тижорат банклари устав капиталининг камида 15 фоизлик улушини хорижий сармоядорларга сотиш мақсадида халқаро молия институтлари билан музокаралар олиб бормоқдалар.

Ўтган йили Ўзбекистон ҳукумати акциядорлик ширкатларидан хорижий инвесторларни жалб қилишни талаб қилган, бу борада бир неча қарор чиқарилган эди. Қарорларда мазкур талабларни бажармаган раҳбарлар лавозимидан бўшатилиши кераклиги таъкидланганди.

Ўзбекистонда 26 тижорат банки фаолият юритади. Уларнинг учтаси давлат тасарруфида бўлиб, ўн биттаси акциядорлик-тижорат, еттитаси хусусий ва бештаси хорижий молия иштирокидаги банклардир. Маҳаллий матбуотда бу амал хусусийлаштириш жараёнининг навбатдаги босқичи деб таърифланмоқда.

Бироқ, баъзи таҳлилчилар, Ўзбекистонда фаолият юритаётган банкларни қанчалар тижорий деб аташ мумкин, деган саволни қўядилар. Иқтисодий шарҳловчи Алишер Таксанов ҳам ана шу таҳлилчилардан биридир.

Алишер Таксанов: Дарҳақиқат, уларни тижорат банклари деб аташ қийин. Чунки бир тарафдан, улар тужжорий вазифаларни бажариб, аҳоли ва муасассалар билан иш олиб бормоқдалар. Улар кредит ажратиш, хорижий валютани сотиш ва алмашиш курсини қўллаб-қувватлаш каби амалиётлар билан банд бўлишлари керак. Бошқа тарафдан, улар мустақил тужжорий сиёсат юргизолмайдилар. Чунки улар ҳукумат ва Марказий банкнинг директиваларига риоя қилишлари лозим. Мисол учун, улар ўз вақтида маошларни одамларга беришмайди, маблағларни нақд пулларга айлантирмайдилар. Одамларнинг маошларини пластик картага ўтказганлари билан банкоматларнинг ишлашларига ёрдам беришмаяпти. Шунинг учун, бу банкларни тижорий маънода тўлиқ мустақил деб атаб бўлмайди.

Image caption "Халқ банк" давлат тижорат банки

Би-би-си: Демак, бу Марказий банкнинг сўнгги йўл-йўриқларини амалга ошириш билан, улар ўз ички тижорий манфаатларидан келиб чиқмаётганларини намоён этадиларми?

Алишер Таксанов: Одатда, ҳар қандай банк хорижий сармоядор капиталини ё-да чет эллик менеджерни ўзида сақлашни истайди. Чунки бу хорижий молия институтлари билан алоқалар қанчалик ривожланганидан далолат бўлиши мумкин. Иккинчидан, устав жамғармасига ташқаридан активларни жалб қилиш ва пул муомаласи билан боғлиқ янги технология ва «ноу-хау»ларни олиб кириш учун ҳам яхши йўлдир. Сўзсиз, тижорат банкларининг қизиқиши ўта кучли бўлиши мумкин. Бироқ, бошқа томондан, мазкур банкларнинг ҳақиқий қиймати нимада? Ҳукуматнинг тўлиқ измида бўлган банк ўзига даромад олиб келувчи вазифалар эмас, балки ҳукумат сиёсатинини дастаклашни афзал кўришга мажбурдир.

Би-би-си: Хорижий инвесторлар-чи? Уларнинг қизиқиши борми?

Алишер Таксанов: Назаримда, чет эллик банклар катта қизиқиш кўрсатмайди, чунки, исталган вақтда ҳукумат уларнинг мол-мулкини тортиб олиб қўйиб, активларини мусодара қилиши мумкин ва хорижий сармоядорлар пул айланмаси устидан тўлиқ назоратни ушлаб туролмайдилар деб ўйлайман. Ҳар холда, Марказий банк бутун амалиётни қаттиқ назорат қилади.

Би-би-си: Эҳтимол, республикада янги раҳбарият ҳокимиятга келиб, анчадан бери кутилаётган конвертация арафасида айнан ушбу амаллар орқали ислоҳотларни йўлга қўймоқчидир, шундай бўлиши мумкинми?

Алишер Таксанов: Бундай бўлиши мумкин. 25 йил мобайнида мамлакатда қаттиқ ва буйруқ билан бошқариладиган иқтисодиёт шаклланиб бўлган. Бундай иқтисодий тизим либерализация ёки бозор иқтисодиётидан узоқда туради. Буни англаб олган йирик ва ўртача инвесторлар аллақачон Ўзбекистонда ишламайдилар. Токи либераллаштириш юз бермагунча, хусусий мол-мулкнинг муҳофазаси тасдиқланмагунча ва ётқизган маблағлар қонунан ҳимояланмагунча, хорижий инвесторлар Ўзбекитсонга қайтиб бормайдилар. Агар мазкур ишлар амалга оширилса, хорижий сармоядорлар янада қизиқишиб, қайтиб келишса конвертация юз бериши мумикн. Хорижий капитални жалб этиш учун янги ҳукумат қатъий иқтисодий ислоҳотлар ўтказиши керак.

Би-би-си: Асосий ислоҳотларни ўтказмасдан нима сабабдан бундай ҳаракатларни олдинга суришяпти? Бундан манфаат нимада?

Алишер Таксанов: Барибир қандайдир ислоҳот амалга оширилади деб ўйлайман. Чунки олдинги сиёсат билан ҳозирда яшаб бўлмайди. Қаттиққўл тизим мамлакатни стагнацияга олиб бориб, аҳоли орасида ижтимоий тангликни кучайтиради. Янги ҳукумат реал аҳволни тушуниши керак ва бозор иқтисодиёти механизмларини йўлга қўйиши лозим. Шунинг учун, балки, директив, яъни йўл -йўриқлар орқали билан бўлса ҳам, банкларга чет эллик шерикларни топишга рухсат берилган.

Би-би-си: Нафақат Ғарб, балки кўпроқ Россия ва Болтиқбўйи ширкатлари ҳам Ўзбекистон бозорида ўзларини чет эллик сармоядорлар дея тақдим этишлари мумкин ва бу ҳолатни сиз қандай шарҳлаган бўлардингиз?

Алишер Таксанов: Назаримда, бундай алоқаларни ўрнатишда коррупцион манфаатларни ҳам инобага олиш керак. Мисол учун Ўзбекистондан капитални чет элга олиб чиқаётган шахсларнинг тор бир даврасига хизмат қилаётган банкларнинг мавжудлиги сир эмас. Ташқаридан келаётган сармоялар ниқоби остида, эҳтимол, Ўзбекистонга музлатилган пулларни ҳам қайтариб беришлари мумкин. Яъни, шу орқали ўзбеклар ўз пуллари билан ўзларини сармоялашлари эҳтимоли йўқ эмас.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.