Суриядаги ўзбек жангарилари Афғонистонга қайтмоқдами?

Сурия Фото муаллифлик ҳуқуқи http://buhoriy.com/
Image caption Ўзбек жангарилари раҳбарининг айтишича, "мусулмон дунёсидаги жиҳоднинг маркази Афғонистондир"

Суриядаги ўзбек жиҳодчилари гуруҳи "Имом ал Бухорий катибаси" амири ўз тарафдорларини Сурияда жанговар тажрибаларни эгаллаб, Афғонистонга қайтишга чақирган.

"Шайх Салоҳиддин" номи билан билинган ўзбек жангарилари раҳбарининг видеомурожаати Суриядаги "Жабҳат Фатҳ ал-Шом" ташкилоти билан алоқаларга эга гуруҳнинг веб саҳифасида эълон қилинган.

"Афғонистон жиҳоди ватанга дарвозадир" деб номланган видеода юзи хиралаштирилган "Шайх Салоҳиддин" ўзбек тилида ўз тарафдорларга хитоб қилади.

Унинг сўзларига кўра, Суриядаги жиҳод шаръан, биринчи навбатда Сурия аҳлига фарздир.

"Хуросон аҳли ўлароқ, Ўрта Осиёдаги жиҳод биринчи бизнинг бўйнимизга тушади, яъни ўша минтақа аҳлининг бўйнига тушади. Шаръан биз масъулмиз ўша ердаги зулмдан, эртага Аллоҳ таоло биздан сўрайди",- дейди "амир".

Унинг айтишича, ўз вақтида Америка Толибон раҳбари Мулла Умардан "муҳожирлар" ёки хорижий жангариларни афғон тупроқларидан чиқаришни талаб қилган, аммо толиблар раҳбари бунга рози бўлмаган.

"Бугунги кунда Иморат (Афғонистон-таҳр.)нинг муҳожирларга эҳтиёжи бор. Шунинг учун биродарларга айтамизки, Шом диёри (Сурия-таҳр.) да қанча жиҳод қилсангиз қилинг, оғир қурол, енгил қурол, медиа ва шаръий соҳада мутахассис бўлиб, Хуросонга етиб боринглар биродарлар", - дея хитоб қилган Суриядаги ўзбек жангарилари раҳбари.

"Шайх Салоҳиддин"га кўра, мусулмон дунёсидаги жиҳоднинг маркази Афғонистондир.

Сурия ва Ироқдаги "Исломий давлат" сафларида бир неча юз ўзбекистонлик жанг қилади, деб ишонилади.

ICSR (Радикаллашиш ва сиёсий зўравонликни тадқиқ этиш халқаро маркази) ва Халқаро инқироз гуруҳи ўтган йилги ҳисоботларида Суриядаги марказий осиёлик жангариларнинг энг кўпи ўзбекистонликлар эканини айтган.

Ўзбекистоннинг ўзида ИД сафларига қўшилган ва қўшилмоқчи бўлган қатор шахслар устидан маҳкама жараёнлари бўлиб ўтган, аммо Сурия ва Ироқдаги ўзбек жангариларининг сони борасида расмий рақамлар мавжуд эмас.

Уларнинг кўпчилиги ўтмишда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати сафларида Афғонистонда жанг қилган ўзбеклар деб ишонилади.

Сўнгги бир неча ой ичида "Исломий давлат" гуруҳи Суриянинг Туркия билан чегарадаги қатор шаҳар ва қишлоқларидан чиқарилган.

Ғарблик таҳлилчиларга кўра, гуруҳнинг кўпгина жангарилари ҳозирда қочувда ва унинг энг сўнгги истеҳкоми Раққа бўладиган.

"Гардиан" рўзномасининг ёзишича, ҳозирда ИД минтақага 2014 йилда Бағдодий халифаликни эълон қилган вақтдагидек таҳдид солаётгани йўқ ва унинг Оврўпога йўллари ҳам ёпилган.

Ўзбек жангарилари раҳбарининг мурожаати ИДнинг Суриядаги мағлубиятлари билан боғлиқ ёки йўқлигини фақат тахмин қилиш мумкин, холос.

Айни пайтда душанбага ўтар кечаси Афғонистон шимолидаги Қундузда Толибон яхши мувофиқлаштирилган ҳужумларни бошлаган.

Ҳозирда шаҳарда оғир жанглар кечаётгани хабар қилинади.

Ўзбекистон Афғонистондаги уруш ва у ерда паноҳ топган жангариларни мамлакат хавфсизлигига асосий таҳдидлардан деб билади.

Марҳум президент Ислом Каримов халқаро кучларнинг Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши нафақат Марказий Осиё, балки ундан ташқарида ҳам хавфсизликка таҳдиднинг кучайишига олиб келишидан огоҳлантирганди.

2014 йилда у Яқин Шарқдаги "янги ва янги террорчи гуруҳлар" Ўзбекистон ва минтақага таҳдид солишини айтган.

Видеолавҳани BBCUZBEK YouTube каналида томоша қилинг

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.