Мирзиёев Путинни туғилган куни билан табриклади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Бу Мирзиёевнинг президент вазифасини бажарувчи сифатида Путин билан иккинчи мулоқоти

Жума куни Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Россия Президенти Владимир Путинни туғилган куни билан телефон орқали табриклаган.

Ўзбекистон ҳукумати порталида чоп этилган расмий хабарда айтилишича, жаноб Мирзиёев Путинга "сиҳат-саломатлик ва давлат раҳбари сифатидаги серқирра фаолиятига муваффақиятлар, Россия халқига тинчлик-хотиржамлик ва фаровонлик тилаган".

Телефон мулоқоти чоғида Мирзиёев ва Путин ўзаро ҳамкорликка доир ва айрим халқаро муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашганликлари хабар қилинган.

7 октябр куни 64 ёшга тўлган Владимир Путин 2012 йил майида учинчи муддатга президент этиб сайланган.

Бу Мирзиёевнинг шу йил 8 сентябрида вақтинча президент этиб тайинланганидан буён Россия раҳбари билан иккинчи мулоқотидир.

6 сентябр куни Самарқандга ташриф буюрган Путин марҳум Ислом Каримов қабрига гул қўйган ва Бош вазир Мирзиёев билан мулоқот ўтказганди.

Жаноб Путин президент Каримовнинг вафоти эълон қилинган 2 сентябр куни ўз таъзиясини Олий Мажлис Сенатининг раиси Ниғматилла Йўлдошевга йўллаган.

Россия матбуоти Шавкат Мирзиёевни "россияпараст сиёсатчи" деб таърифлайди.

Мирзиёев 8 сентябр куни Сенатда қилган нутқида Ўзбекистон ташқи сиёсатда Ислом Каримов давридаги кўп қирралиликни сақлаб қолиши ва ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслигини айтган.

Шавкат Мирзиёев бундан аввал Қирғизистон ва Тожикистон президентлари Атамбаев ва Раҳмонлар билан телефон мулоқоти ўтказган.

Жаноб Мирзиёевнинг Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи мақомида хорижга бирон сафари режалангани маълум эмас.

Аввалроқ Бишкекда ўтган МДҲ раҳбарлари саммитида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов иштирок этган.

4 декабрда ўтадиган президент сайловлари 59 ёшли Мирзиёевнинг президентлигини қонунийлаштириши кутилади.

Сайловларда мамлакатдаги сиёсий партиялардан яна 3 номзод иштирок этади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.