Ўзбек шеърияти таржимони Ричард МакКейн оламдан ўтди

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY
Image caption Ричард МакКейн ўнлаб ўзбек шоирларининг асарларини инглиз тилига ўгирган

Лондонда таниқли шоир ва таржимон Ричард МакКейн 69 ёшида оламдан ўтган.

Рус ва турк шеърияти билимдони бўлган Ричард МакКейн ўнлаб ўзбек шоирларининг асарларини инглиз тилига ўгирганди.

У инглиз Пен клубининг фаол аъзоси сифатида қамоқдаги ўзбек журналистлари ва адибларининг озодлиги учун ҳам курашган.

Бу кураш Ричард МакКейнинг сўнгги 10 йилликдаги ижоди, жумладан, шеърларига ҳам кўчган эди.

"...У томонда мен ҳеч қачон бўлмаган Ўзбекистон,

"Психушка"даги мен ҳеч қачон кўрмаган бола...

Ўзимга таскин бериш учун Пушкинни ўқийман..." деб ёзади у бир шеърида.

Ричард МакКейн 2006 йилда интернетда маҳаллий амалдорларни танқид қилувчи мақолалари ортидан руҳий шифохонага ётқизилган ва ҳанузгача тақдири номаълум қолаётган жиззахлик журналист Жамшид Каримовга бағишлаб туркум рубоийлар ёзган.

У қамоқдаги ёзувчилар ҳақида "тинимсиз ўйлаши ва дуо қилиши"ни айтган эди.

"Менинг 40 дафтардан иборат рубоийларим бор. Ижодимнинг энг муҳим маҳсули бўлган ушбу рубоийларни ўзим ижодларини таржима қилиб, илҳомланган Рус шоираси Анна Аҳматованинг "тўртликлари" ва Фазил Ҳусну Даҳларжанинг "Ҳайда"сидан "мерос" қилиб олганман. Яна англиялик шоир ва таржимон Эдуард Фицжеральднинг Умар Хайём рубоийларидан қилган таржималаридан ҳам таъсирланганман. Мен инглиз тилидаги янги шеърий жанрни яратишга муваффақ бўлдим", деган эди Ричард МакКейн 2011 йилда Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатда.

Ричард МакКейн 1947 йилда Австралиянинг Мельбурн шаҳрида туғилган.

Британиянинг нуфузли Оксфорд Университетида таҳсил олган. Талабалик йилларидан бошлаб Рус адабиётига чуқур муҳаббат қўйган.

20 дан ортиқ рус ва турк адабиёти классикларининг асарлари Ричард МакКейн таржимасида инглиз тилида янграган.

Унинг китоблари Лондондан ташқари, Нью Йорк ва Истанбулда ҳам чоп этилган.

Ричард МакКейн Ўзбек-диссидент шоирларининг 2008 йилда нашрдан чиққан "“Озодлик оҳанглари"” шеърий тўпламини ҳам инглиз тилига ўгирган.

Жума куни Лондондаги Сэйнт Брайд черковида ўтган дафн маросимида Ричарднинг оила-аъзолари ва дўстлари унинг жаҳон шеъриятидан қилган таржималаридан намуналар ўқишган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.