'Ўзбекистонда бизнес яқинда очиқликка чиқади'
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

'Ўзбекистонда бизнес яқинда очиқликка чиқади'

Қозоғистоннинг собиқ молия вазири ва таниқли ишбилармон Зейнулла Какимжанов ўзбек иқтисодига доир қатор умидбахш башоратлар қилган.

Унинг 365info.kz нашри билан суҳбатда айтишича, бугунги кунда Марказий Осиё давлатлари орасида айнан Ўзбекистон иқтисодий тараққиётнинг янги босқичига кўтарилиш учун энг яхши имкониятларга эга.

Қозоғистон ҳукумати собиқ мулозимининг сўзларига кўра, "агар янги раҳбарият барча механизмларни тўғри ишга туширса, иқтисодий тараққиёт жуда ҳам тез суръатларда юз беради".

Жаноб Кекимжановнинг айтишича, муваққат президент Шавкат Мирзиёевнинг хусусий тадбиркорликни ҳимоя қилишга қаратилган қадамлари ортидан тез орада мамлакат аҳолиси орасида тадбиркорлик фаолиятининг кўтарилишини кутиш мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи forbes.kz
Image caption Какимжановга кўра, Мирзиёевнинг илк қадамлари "сайловолди тадбирлари" эмас.

"Ўзбеклар, - деб айтган у, -жуда ҳам меҳнаткаш ва тадбиркор халқ. Аммо хусусий тадбиркорлик Ўзбекистонда ҳозиргача яхши ҳимояланмаган эди".

Қозоғистонлик иқтисодчининг фикрича, яқин келажакда Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатишнинг барча турлари, сайёҳлик, уй-жой қурилиши, ҳунармандчилик ва енгил саноат қўшни давлатдаги иқтисодий ўсишнинг устувор йўналишларига айланади.

"Мамлакатнинг соя иқтисодиёти очиқликка чиқади ва одамлар ўз даромадларини кўрсатишдан қўрқмайдиган бўладилар", - деб айтган Қозоғистон ҳукуматининг собиқ аъзоси.

У иқтисодий жиҳатдан қудратли Ўзбекистон Қозоғистон ва минтақа учун фойдали бўлишини таъкидлаган.

Сайловолди тадбирларими?

Ўзбекистоннинг ўзида ҳам президент Ислом Каримовнинг вафоти ортидан иқтисодий ўсиш суръатларининг жадаллашиши, тадбиркорликка кенг йўл очилиши ва қўшни давлатлар билан савдо-сотиқнинг ривожланишига доир умидлар кучайган.

Бунга президент вазифасини бажарувчи Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг илк қадамлари, жумладан, мева-сабзавот савдосидан мажбурий валюта тушумини 50 фоиздан 25 фоизга тушириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка давлат органларининг аралашувини тубдан қисқартишни кўзда тутувчи фармонлари, шунингдек, мамлакатда етиштирилаётган пахтанинг 70 фоизини туманларда қайта ишлашга доир баёнотлари сабаб бўлган.

Қозоғистоннинг собиқ молия вазирига кўра, Мирзиёевнинг ушбу қадамлари "сайловолди тадбирлари" эмас.

Жаноб Какимжановнинг айтишича, ҳозирда асосий муаммо ўзбек сўмининг конвертацияси.

"Мен маълум вақт (икки йил) ичида миллий валютани барқарорлаштириш ва конвертациянинг қора бозорига барҳам беришда ҳеч қандай муаммо кўрмаяпман", -деган қозоғистонлик иқтисодчи.

Коррупция

Аксарият таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистон иқтисодиётидаги ҳар қандай жиддий ислоҳотлар мамлакатдаги коррупция ва порахўрлик даражасини пасайтиришдан бошланиши керак.

Аммо жаноб Мирзиёев ҳозиргача қадар коррупцияга қарши кураш борасида бирон дастурни эълон қилганича йўқ.

Қайтага у марҳум президент Ислом Каримов даврида коррупция айбловлари билан ҳукуматдан четлатилган қатор мулозимларни лавозимга тиклаган.

Ўзбекистон молия вазирлигининг собиқ мулозими, Остонадаги Овросиё Университети доценти Сапарбой Жубаевнинг айтишича, ҳукумат таркибидаги илк ўзгаришлар коррупцияга қарши курашнинг йўқлигини кўрсатади.

"Коррупция фақат Ўзбекистон эмас, балки бутун минтақага хос муаммо. Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш бошланадими, дегандик, афсус, умидимиз бироз сўнгандек бўлди", - дейди Сапарбой Жубаев.

Унинг айтишича, Мирзиёев бошлаган ислоҳотларнинг қанчалик жиддийлиги ҳақида президент сайловларидан кейин хулоса чиқариш мумкин бўлади.

Би-би-си Сапарбой Жубаев билан суҳбатлашган ва аввалига Қозоғистон собиқ молия вазирининг Ўзбекистон иқтисодига доир умидбахш башоратлари учун асослар борми, деб сўраган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг