АҚШ сайловлари: Трамп Клинтонлар оиласига ташланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Дебатларнинг иккинчи давраси шахсий масалалардан бошланган

АҚШ президентлигига номзодлар Ҳиллари Клинтон ва Доналд Трамп ўртасидаги сайловолди мунозараларининг иккинчи давраси шахсий намуна кўрсатиш мавзусидан бошланиб, шу заҳотиёқ 2005 йилдаги видеоёзув муҳокамасига кўчди.

Унда Трамп аёлларга қандай тегажоғлик қилгани, улардан қандай бўса олгани ва "қаерларидан ушлагани"ни гапириб, мақтанади.

Сент-Луис шаҳридаги Вашингтон университетида ўтган теледебат бошловчисининг 2005 йилги видеога тааллуқли саволига жавобан Доналд Трамп бирор аёлни жинсий таҳқирламаганини айтиб, Ҳиллари Клинтоннинг турмуш ўртоғи, собиқ АҚШ президенти Билл Клинтонга ҳужум қилди.

"Сиёсат тарихида аёлларга бунчалар таҳқирли муомала қилган одам бўлмаган", - дея жаноб Клинтонни назарда тутган Доналд Трамп.

Ҳиллари Клинтон Трампнинг ўз турмуш ўртоғи ҳақидаги гапларига муносабат билдиришни истамаган.

"Эълон қилинган видеоёзув Доналд Трампнинг қандай одам эканини намойиш этади",- деб айтган Клинтон хоним.

Икки рақибнинг иккинчи телебаҳсида ҳам Клинтон хонимнинг АҚШ Давлат котибаси лавозимини эгаллаган йилларида хизмат электрон почтасидан эмас, шахсий электрон почтадан фойдалангани мавзуси кўтарилган.

Республикачи номзод Трамп, агар президент этиб сайланса, прокуратурага Клинтон хонимнинг ёзишмаларини текширишга буйруқ беришини айтган.

"Яхшиямки, у мамлакатдаги қонунларни назорат қилмайди", - деб айтган Ҳиллари Клинтон Доналд Трампни назарда тутиб.

Сурия, мусулмонлар ва Россия

Телевизион мунозарада Клинтон хоним ва б Трамп мусулмонлар, Россия ва Суриядаги вазият борасида ўз фикрларини билдирганлар.

Доналд Трампнинг сўзларига кўра, Демократ номзод АҚШ барча қочқинларни қабул қилишини хоҳлайди, бироқ улар орасида террорчилар ҳам бўлиши мумкин.

Мусулмонлар Америка жамиятининг бир бўлаги ва Суриядаги аҳволни инобатга олиб қочқинларни қабул қилиш инсонпарварлик бурчи деб айтган Клинтон хоним.

Ўзининг Давлат котибаси бўлиб ишлаган йилларида Россия билан ядровий қуролсизланиш бўйича битим имзоланишига ҳиссаси қўшганини эслатган Ҳиллари Клинтон Россияни АҚШ президентлик сайловига таъсир ўтказишга ҳаракат қилаётганликда айблаган.

Россиянинг Суриядаги ҳарбий амалиётлари "Исломий Давлат"ни эмас, Президент Башар Асаднинг мухолифларини йўқ қилишга қаратилган, деб айтган Клинтон хоним.

"Биз ҳар куни Россия Ҳалабни мақсадга йўналтирилган ҳолда йўқ қилаётганини кўриб турибмиз. Биз Россияга таъсир кўрсатиш воситаларини ишга солишимиз лозим. Агар Россия билан ҳамкорлик қилолсак, ҳамкорлик қилиш керак", деган у.

"Россия билан Эрон "Исломий Давлат"га қарши, Мен Асадни ёқтирмайман, лекин у "Исломий Давлат"га қарши курашяпти", -деб айтган Доналд Трамп.

"Ҳалаб қулади, деб айтса ҳам бўлади",- деган республикачи номзод.

Бу рақиб демократ ва республикачи номзодларнинг сайловчилар овозини "ютиб олиш" мақсадидаги уч теледебатнинг иккинчиси бўлди.

Телемунозаралардан икки кун олдин Доналд Трамп аёлларга нисбатан ҳақоратли сўзлари учун кечирим сўраганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг