Мосулни ИШИДдан қайтариб олиш учун жанг бошланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Мосул 2014 йилда ИШИД қўлига ўтган

Бугун душанба саҳарданоқ Мосул атрофини тинимсиз отишма садолари тутди.

Ироқ ҳукумати кучлари, Курд пешмерга жангарилари ва бошқа иттифоқчилар шаҳарни қайтариб олиш учун ҳужум бошлаганлар.

Ироқнинг нефтга бой бу шаҳри икки йил олдин ИШИД назоратига ўтганди. Гуруҳ раҳбарияти Сурия ва Ироқнинг бир неча вилоятларини ўз ичига олган "халифат тузишганини" ҳам айнан Мосулда эълон қилган.

Кимнинг қўли баланд?

Шоҳидларга кўра, шаҳарга ҳозир танклар киритилаётир. Курдлар эса, аллақачон, шаҳар яқинидаги бир неча қишлоқни қўлга олишганини айтишмоқда.

АҚШ бошчилигидаги иттифоқ кучлари ҳам ИШИДга қарши кўкдан ҳужум бошлаганлар. Америкалик махсус мутахассислар эса қўшинларга маслаҳат беришмоқда.

Амалиётлар ўта мураккаб бўлиб, таҳлилчиларга кўра, ҳужумлар бир неча ҳафта давом этиши мумкин.

"Иншоллоҳ, Мосулни ИШИДдан қутқарамиз ва байрам қиламиз!" - деди ҳарбий амалиёт олдидан телемурожаат билан чиққан Ироқ Бош вазири Ҳайдар Ибодий.

Мосулда 8 мингга яқин ИШИД жангариси борлиги тахмин этилади. Ўлимга тайёр қуролли жангариларига қарши амалиётлар осон кечмаслиги мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Empics
Image caption ИШИД қўллаган ўта кескин чекловлар суннийларни ҳам норози қилган.

Тез орада Ироқ аксилтеррор кучлари ҳам айни амалиётларга қўшилишади. Ҳозир Қаййара ҳаво базасида логистик марказ очиб, Ироқ кучларини жойлаштириш режаланган.

Кейин Мосул атрофи ИШИДдан тозаланади. Режага мувофиқ, бир кун 13-14 чақирим масофа қўлга киритилади. Иккинчи куни эса мазкур ҳудудни сақлаб қолиш ҳамда тозалаш учун жанг қилинади. Бу орада қўшинларга керакли қурол-аслаҳа ҳамда озиқ-овқат етказилади.

Шу асно келаси ноябр ва декабр ойларида асосий жанглар бўлиб ўтиши кутилаяпти.

Аҳоли ҳимояси

Ироқ кучлари ҳам, иттифоқчилар ҳам аҳолини қандай муҳофаза қилиш мумкинлиги устида бош қотиришмоқда.

Мосул ҳозир ИШИД назоратида қолаётган энг йирик шаҳар. Бу ерда камида 1.5 миллион одам яшайди.

Шу боис БМТ ИШИДга қарши амалиётларда тинч аҳоли ҳам жабрланиши мумкин, дея хавотирда.

Мосулда сунний араблар, курдлар, туркманлар ва қатор бошқа диний озчиликлар истиқомат қиладилар.

Ушбу нуқтаи назардан олганда, ҳар қандай йирик амалиёт бошқа бир миллий ё мазҳабий низони бошлаб юбориши мумкинлигини назардан соқит қилиб бўлмайди.

Мосуллик сунний араблар Саддамдан кейинги шиалар бошқалар ҳукуматдан норозилар ва шу боис улар аввалига ИШИДни хуш қаршилашганди.

Тўғри, кейинроқ суннийлар орасида ҳам ИШИДга қарши кайфиятлар кучайган.

Лекин ҳозирги ҳужумларда шиа жангарилари иштироқ этаётгани кўпчиликни хавотирга солаяпти.

Чунки шиалар илгари ИШИД қўлидан қайтариб олинган шаҳарларда суннийларга қарши ноинсоний муносабатлар ва зўравонликларни амалга оширишда айбланишган.

Ҳозир 1 миллион киши, яъни шаҳар аҳлининг учдан икки қисми ўз уй-жойини ташлаб қочган.

Айни пайтда, Мосул ИШИДдан тозаланса ҳам, Ироқ шимолининг катта қисмлари ҳамон бу гуруҳ қўлида қолмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.