Туркманистонда президент сайловлари куни белгиланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Жаноб Бердимуҳамедовнинг жорий муддати 2017 йил февралида ниҳоясига етади

Туркманистон парламенти навбатдаги президент сайловларини 2017 йил 12 февралида ўтказиш ҳақида қарор қабул қилган.

Давлат хабар агентлигининг маълум қилишича, сайловларда биринчи марта уч партия иштирок этади.

Бу жорий Президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Туркманистон демократик партияси, саноатчилар ва тадбиркорлар партияси, шунингдек, аграр партиядир.

Сайловларда биринчи марта иштирок этиши кутилаётган икки партия номзодларининг кимлар бўлиши ҳозирча нолмаълум.

Ўтган ой Туркманистон парламенти-Мажлис мамлакатнинг янги конституциясини қабул қилган, унга мувофиқ, президентлик муддати 5 йилдан 7 йилга узайтирилганди.

Янги асосий қонунда, шунингдек, президентликка номзоднинг ёшига қўйилган чеклов олиб ташланган.

Таҳлилчиларга кўра, янги конституция амалда жорий Президент Бердимуҳамедовнинг умрбод ҳокимиятда қолишига йўл очади.

Жаноб Бердимуҳамедовнинг жорий муддати 2017 йил февралида ниҳоясига етади.

58 ёшли Гурбангули Бердимуҳамедов Туркманистонни узоқ йиллар бошқарган Сапармурод Ниёзовнинг 2006 йил декабрида тўсатдан вафот этиши ортидан ҳокимиятга келган.

У қудратга келган илк кунларданоқ Сапармурод Ниёзов шахсига сиғинишга барҳам бериш томон айрим қадамларни қўйган.

Бердимуҳамедов шунингдек, таълим ва соғлиқ соҳасида халқаро танқидларга сабаб бўлган чекловларни бекор қилган.

Аммо туркман мухолифати фаоллари жаноб Бердимуҳамедов Туркманбоши шахсига сиғинишни ўз шахси билан алмаштирганини айтишади.

Қуёш ҳаракатланишига қараб айланиб турадиган олтин ҳайкали билан дунёга танилган Туркманистоннинг марҳум президенти Сапармурод Ниёзовнинг сиёсий вориси Гурбангули Бердимуҳамедов икки йил муқаддам Ашхободда ўзига ҳайкал ўрнатиш таклифига қаршилик қилмаган.

От чопиши, қўшиқ айтиши, куй басталаши ва китоб ёзиши билан ном чиқарган жаноб Бердимуҳамедов шу кунларда ўзининг навбатдаги, олтинчи китобини туркманистонликларга тақдим этган.

У китобини "Туркманистон" деб атагани, бу китобда Туркман халқининг мустақилликнинг 25 йили, бироқ асрларга татигулик меҳнати ҳақида ҳикоя қилганини айтган.

Маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари жаноб Бердимуҳамедовнинг қуйидаги сўзларини иқтибос сифатида келтирмоқдалар: "Ўйлайманки, янги китобнинг тақдимотини ташкил қилиб, бутун дунёни биз мустақиллик йилларида эришган зафарлар билан таништирсак, тўғри бўлади".

Ўзбекистоннинг умрбод президентлик қилган марҳум раҳбари Ислом Каримовнинг шу йил 2 сентябрида эълон қилинган вафоти ортидан ғарбдаги аксар таҳлилчилар мамлакатдаги ҳокимият ўзгариши Туркманистондагига ўхшаш бўлишини башорат қилишган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.