'Ислом ака Ўзбекистонни гўрга орқалаб кетмади'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Кўп эски замонлардан бери ўзбекэлда шундай гап юради: "Бир кун жанжал бўлган уйда, қирқ кун барака кўтарилади".

Ўзбекюрт ҳам ўзбекэл учун бир уй. Бу улкан уйда бир кун жанжал бўлса, неча кун барака кўтарилади.

"Бир йил" десам янглишмайманми?

Тотувлик бўлмаган ерда:

Тинчлик,

Қут,

Файз,

Меҳр- оқибат,

Ўсув бўлмайди. Аксинча:

Адоқсиз тортишув,

Адоқсиз ғийбат,

Хиёнат,

Бузуқилик,

Ур - йиқит,

Қама - қама авж олади.

Оқибат салтанат инқирозга юз тутади. Юртда:

Ишсизлик,

Қашшоқлик,

Тала - тўп,

ўғирлик,

Ғарлик кенг томир ёяди

Оқибат давлат бўлакланади.

Оқибат уни қони ёт босиб олади. Элни:

Қарам,

Қул этади,

Талайди,

Ғорат қилади.

Буни биз машъум рус босқинида кўрдик. 130 йил бўғовда бўлдик. Миллионлар ўлдирилди. Элим, юртим деб курашганлар :

Осилди,

Отилди.

Ўзлик,

Тарих,

Эрк,

Онг,

Ақл,

Фикр,

Тўғри сўз кишанланди.

Ёлғон,

Туҳмат,

Бўҳтон,

Иғво,

Зулм,

Сохта мақтов қанот ёзди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy
Image caption Мамадали Маҳмудовнинг асарлари Ўзбекистонда чоп этилмайди

Пахта, ипак, қоракўл, мева, кумуш, олтин... Москвага оқди. Дарё янглиғ. 130 йил. Еганни қусари бор. Уларни қайтариб олиш вақти етди. Ҳеч бўлмаса олтинларни, ўрисни қудратга киритган вагон-вагон олтинларни. Худди шундай Қўқон, Бухоро, Хива хонларидан тортиб олинган хазиналарни ҳам. Бунга Тошкент - Москва аро оқил мулоқот лозим.

Изчил мулоқот,

Изчил талаб,

Ғурурга тегмай,

Дипломатия йўли билан.

Экспертлар билан,

Адвокатлар билан,

Инкору рад қилиб бўлмас далил, асослар билан.

Қайтармаса Оврўпа, Америка, БМТ, Халқаро суд бор...

Шу билан бирга Туркистонни ҳалокатга йўлиқтирган, Туркистон элларини аёвсиз қирғинбарот гмасаласини ҳам кун тартибига қўйиш лозим. Товон тўламасалар Оврўпа, Америка, БМТ, Халқаро Суд бор...

Янги ҳукуматдан шуни умид қиламан. Бирдан қийин. Секин - секин, вақти-соати билан.

Ўй сўраб ўтирмайди. Кутилмаганда келади. Истамасанг ҳам. Тангрининг "иши"га тушуниш қийин. Ҳали, менимча, бунинг тагига фан ҳам етмаган. Сирли. Очуннинг яралишидай. Ўрис босқини фожеалари кўнглимдан ўтаётганигами, ҳозир мени ўй қуршади. Тумандек. Туйқис. Борлиғим титради. Тийиқсиз сўзлар юрагимдан оқди. Қандай оқди:

"Аҳил бўлганимизда бундоқ кўргуликларни, бундоқ муаммо, ташвишларни бошимиздан кечирмасдик. Ҳозирга қадар унинг жабрини тортмасдик. Ҳамма фожеаларга ўзимиз сабабчимиз. Ўзимиз!.. Ўзаро тотувликни бой бердик.

Бир - биримиздан баланд келишни истадик.

Бир - биримизни куниладик.

Бир - биримизнинг кўзимизга чўп суқдик.

Бир - биримизни чалдик...

Қорани оқ дедик.

Аҳмоқни оқил дедик.

Ёлғонни чин дедик.

Тўғрини ўғри дедик.

Бузуқни тузук дедик.

Қотилни ботир дедик.

Хиёнатни диёнат дедик.

Зулмни эрк дедик...

Ўзимизни ерга урдик.

Каззобдан пайғамбар ясадик.

Хоиндан Худо...

Бундан Яратганнинг ғазаби келди.

Бошимизга бало ёғдирди...

Очунолар Темур салтанати қани?

Куч - қудратда беқиёс салтанат?

Бу тенгсиз империя бошига ким етди? Ўзимиз. Ўз ичимиздан чиққанлар. Яъни:

Темурнинг уруғлари,

Темурни ялаганлар...

Тож - тахт талашдилар,

Бир - бирини қирдилар,

Бир - бирини едилар,

Бурнидан нарини кўрмадилар,

Нафсини тиймадилар.

Халқни ўйламадилар,

Халқни назар-писанд қилмадилар.

Оқибат:

Давлат парчаланди,

Бўстон чўл бўлди.

Эл қулликка юз тутди.

Тўнғиз қўпганлардан бизга:

Саҳро қолди,

Тўзон қолди,

Кишан қолди,

Хиёнат қолди...

Ўзлари тупроқ бўлдилар.

Бир тутам кафан билан.

Фақат бир тутам...

Нега биз ҳанузгача бу машъум, бу даҳшатли хато, кўрлик, бошбошдоқлик, йиртқичлик ва хиёнатлардан ўзимизга тегишли хулоса чиқармаяпмиз? Нега? Борар еримиз оқибат бир қарич ер-ку! Яъни:

Илон-чаёнлар макони.

Мангу зулмат,

Мангу йўқлик...

Олиб кетаримиз ҳам маълум:

Олтин эмас,

Шойи эмас,

Бир сиқим бўз.

Фақат бир сиқим...

Кеча, ҳа, куни кеча Ислом Карим шоҳ эди.

Эл - юрт қўлида эди.

Олтин - кумуш... илкида эди.

Яхши - ёмон, тўғри - эгри, ҳамма унинг оғзига қарарди.

Ҳар бир сўзини қонун деб биларди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи TACC
Image caption 'Ҳали Ислом аканинг жони узилиб- узилмасдан ўқув юртларидан унинг суратлари йиғиштириб олинди'

Ялтоқ, ялоқлар теграсида парвона бўлардилар, етти букилардилар, думларини ликиллатардилар. У ўл деса ўлардилар, тирил деса тирилардилар. Айни шулар уни:

"Буюгимиз",

"Йўлбошчимиз",

"Доҳийимиз",

"Тинчлик посбонимиз" дердилар. Ва ҳатто беқиёс:

Темурга менгзардилар.

Оддий ўзбек сўзи билан айтсам: "Ислом ака Ўзбекистонни гўрга орқалаб кетмади".

Бир қулоч ерга кетди.

Бир қулоч бўз билан...

Бироқ?..

Ҳали Ислом аканинг жони узилиб- узилмасдан ўқув юртларидан унинг суратлари йиғиштириб олинди. Қуйидаги буйруқ билан:

"Комиссия келади..."

Ҳеч бўлмаса:

Еттиси ўтса бўларди,

Қирқи ўтса бўларди.

Аммо?..

Ҳали Ислом Карим кўмилмасдан байрам қилдилар:

Соясига сиғинганлар,

Хориждагилар.

Сиғинганлар яширинча,

Хориждагилар очиқча.

Оддий халқ мотам тутди.

Нурга,

Газга,

Сувга,

Эркга,

Ҳақга,

Рўшноликка илҳақ халқ.

Балки, бу 27 йиллик пропаганда... кучидир?

Қайдам?

Оддий халқ йиғлади.

"Оч яшасак ҳам, тинч яшадик" деб йиғлади.

Сталин ўлганда ҳам оддий халқ йиғлаган.

"Қуёшимиз" дейилган Сталинга,

"Худомиз" дейилган Сталинга,

Миллионларни ўлдирган Сталинга.

Айрим ойдинлар: "Сталин олдида Каримов фаришта эди" дейишади.

Хориждагиларнинг ҳаммаси қувонди десам, янглишарман. Балки, бир қисмидир? Яъни:

Уй-жой, мол-мулкидан айрилгани,

Туҳматга йўлиққани,

Мардикори,

Ишсизи,

Ҳақ сўз, ҳур фикри учун қамалгани,

Қамалганнинг бола чақаси, уруғ аймоғи...

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy
Image caption Стив Свердлов: ' Ўзбекистонда тахминан 10 минг сиёсий маҳбус бор'

Бунинг учун, менимча тўғридан-тўғри Каримовни айбситиш унча тўғри бўлмас. Менимча, биринчи навбатда ялтоқларни айблаш керак. Яхши кўриниш ва мартабага эришиш учун об- ҳаво туғдирган ялтоқларни...

... Каримовнинг тобутини кўтариб бораётган Шахсга шиғир битди. Шиғир юракдан бўлса, гап йўқ эди. Шиғир ҳиссиз эди, тобут мисол. Унда тулки тилини чиқариб турарди, "Қуйруқ..." илинжида. Дунё сезган ва масхаралаган бу шиғир қаътидаги таъмани Шахс сезмайди деб ўйласизми? Янглишасиз. Шахсда сезги қуввати кучли. Мен буни билмасам айтмасдим. Қилни қирқ ёрадиган ойдинлар: "Олтин курсиларидан айрилиб қолмасликлари учун ҳар қачонгидан ҳам кўп думларини ликиллатаётган ялоқларининг энди кунлари битди" дейишаяпти. Бир даврида ялтоқлар ҳақида гап кетганда, Одил Ёқуб шундай деган эди: "Шайтон ҳам ўз оёғидан тузоққа илинади". Шунда мен кичик, беярашиқ ва тиришиқ ияги сўлқиллох лаб-лунжи

"соя" сида янада "кичрайиб" қолган ёзғучининг ранг -қути ўчганини сезганман. Ўзбекда: "Гап ўз эгасини топади" деган нақл бор...

Ёмонлик ёмонлик бўлиб қайтади.Ёзғучи бекорга ичидан зил кетмади. У КГБ нинг оёғи бўлган. Ёзарлар орасида бу гап кўпдан юради. Ўзини омон сақлаш ва яйраб яшаши учун бегуноҳ одамларга кўрсатмалар берган. Жумлада,н шоир Шукруллога ҳам. У "Кафансиз кўмилганлар" китобида: "...уйимни тинтув қилдирди, бола- чақамни қон йиғлатди, ўзимни қаматди" деб ёзган.

Охир-оқибат ёзғучининг ўзи ҳам Тангри қаҳрига йўлиқди. Қамалди. Ўз оний шуҳрат, сафоси йўлида ҳеч бир тубанликдан қайтмайдиган ғаламис, чақимчи, тўдавозларни ҳам шу қисмат кутади. Зотан Қуръонда ҳам: "Тангри ғазабидан қўрқ" деб қайта-қайта айтилган. Бунга қонли тарих ҳам шоҳид. Ўрис ялоқлари Чўлпон каби минглаб иқтидорларни ўлдиртирган. Ҳозир бу қотиллар қани? Қўқим ёздиқлари билан гўр бўлганлар. Ном-нишонсиз. Чўлпонлар яшамоқдалар. Ўз миллатини беқиёс севувчи ўзбеклар қалбларида...

Ўрис тилида асар ёзувчи Исфандиёр: "Ажриқни томири билан суғириш қийин" дейди. Тўра Мирза: "Янтоқнинг илдизи узун бўлади..." дейди. Ҳамроқул Асқар: "Кана этга қаттиқ ёпишади..." дейди Юсуф Жума: "Тулкининг думига хода тиқадиган вақт келди..." дейди...

Вақт...

Узоқ кутилган вақт...

Эпкини келаяпти...

Ялтоқлар юракларини чангаллаяптилар...

Ўзбекда: " Чақирган ердан қолма" деган гап бор. Ёзишдан узулгим келмаса-да, эски ақидага амал қилдим. И... отли тўйтомга бордим. Амри - маъруф ўтказаётган дўстим мени иззат-икром билан кутиб олди ва тўрроқга ўтқазди. Столда олма, узум, анжир... лар яшнаб турибди. Бир нарса тотмади. Хаёлим ёзаётганимда. "Руҳидан чиқиб кетмасам, эрта- индин тугатаман ", -дейман ўзимга-ўзим. Шу чун бу ердан тезроқ узилишни истайман. Аммо ҳали тўйтом тўлмаган. Тўлса, ўзига керакли оят ва ҳикматларни ёдлаб олган воиз тоқатни тоқ қилади. Камида ярим соат вақтни олади. Ҳар маъракада шундай. Ҳар маъракада бир хил ваъаз. Тўти дейсиз. Бундан оқилларнинг энсалари қотади:

- Ҳамма билган нарсани чайнайди.

- Диний илмда йўқ-да. Дунёвийни айтмасам ҳам бўлади.

- Ўзини авлиёдек тутганига ўлайми?

- Худо ва Каримов исмларини қайта - қайта тилга олади. Шаънларига ҳамду санолар айтади:

- Яратганнинг инояти билан, Каримовнинг сиёсати билан эл-юртимиз тинч, обод.

- Юз-кўзида бир ўт кўринмайди. Худди ташландиқ индек.

Бўм-бўш,

Совуқ,

Шуурсиз.

- Хаёли пулда ...

- Сизни соғ-саломат кўрганимга шукур. Ўйим тарқади. Ёнимга қарадим. Касалманд, озғин, елкаси букик киши менга қучоғини очди. Мен ҳам. У ўтираркан, синиқ кулиб деди:

- Танимадингиз- а?

- Узр, қарилик.

- Йўқ, бу узоқ йиллик қамоқ асорати.

- Бу ҳам...- Мен унинг дам қувонч, дам нафрат акс этиб турган кўзига синчил боқдим. Бироқ бирибир танимадим. У буни сезди ва деди:

- Мени энг сўнгги пайтда Навоийда, зонада кўргансиз.

- Ҳа-а.

- Ўзингизни унча олдирмабсиз.

- Дўст-душманга сир бермай юраман. Юрагим касал.

- Мени ҳам. Инсулт олганман. Стимулятор билан тирикман. Сиз ҳам шундай қилинг.

- Қурбим етмайди.

У мени яна саволга тутмоқчи эди. Имом дийдиёсини бошлади. 33 дақиқа чакаги ўчмади. Бироқ бу гал у 27 йил Тангри билан тенг шарафланган киши номини тилга олмади. Чунки киши борса келмасга кетган эди...

Ошдан кейин ташқарига чиқдик. Қисматдош мени ҳилватга тортди ва сўради:

- Каримовнинг ўлими сизга қандай таъсир қилди?

Мен унинг овозида кир йўқлигини сездим ва дедим:

- Ачиндим.

- Сутдан оғзи куйган киши қатиқни пуфлаб ичади. Мен сизни тушунаман. Мендан шубҳаланаяпсиз.

- Бир сизданмас, ҳаммадан, ҳатто соямдан ҳам. Лекин туйғумни яширмаяпман.

У сўзимга ишонмади. Сирли кулди. Сўнг хотирамдан аллақачон ўчган кечмишга гапни бурди:

- Эсимда, 1990 йил адоғида сизни Пленум Ўзбекистон республикаси Маданият Фонди раиси этиб сайлади. Москвада, Оқ уйда. Кейинроқ эса Тошкент тўплантисида...

Image caption 'Халқ Каримов режимидан мардикорликни афзал кўрди'

- Энди буни эслашдан фойда йўқ.

- Бор, эшитинг. 1994 йил март бошида ИИБ ходимлари сизни идорангиздан олишди. Уйу кабинетингизга героин, тўппончалар қўйиб. Автоматлар билан. Қўлингизга кишан солиб. Прокурор измисиз, қонунга қарши...

- Ўтган ўтди.

- Қамамоқчи бўлса, олдин айбингизни бўйнингизга қўйиши, сўнг Пленум ўтказиши, сўнг ишдан бўшатиши, сўнг қамаши керак эди. Аммо?..

- Мақсадингизни тушунмаяпман.

- Гапимни бўлмай тингланг, илтимос. Каримов даврида бошингиз кулфатдан чиқмади. 17 йил қамоқда ўтирдингиз. Қамоқда ҳам сизни тинч қўймади. Зах зиндонда тутди. Соғлиғингиздан айирди. 17 йил!.. Ў -ҳў! Жонингиз тош экан. Ўлмадингиз. Оилангиз ҳам қийналгандан қийналди. Қарзга ботди. Эшитдим. Айбингиз бўлса, мен бу гапни айтмасдим. Каримовга раҳмат дердим. Лекин у тўғри сўзни, тўғри фикрни ёқтирмасди, қамарди. Қамаганда ҳам сиёсий тус бериб қамарди:

"Ватан хоини",

"Халқ душмани"

Тўғри сўзга Каримовнинг кеки ёмон эди, ақлга сиғмайдиган даражада ёмон эди. Тўғри сўзни зиндонда чиритарди. Дўзахий қийноқларга солиб. Агар сарҳисоб қилинса, Каримов даврида, яъни 27 йил давомида тўғри сўзлар тумонат ёшларни ташкил этади.

Ўлганлар қанча?

Мажруҳ бўлганлар қанча?

Қочганлар қанча?

Келажак сарҳисоб қилади.

Келажак сўзини айтади.

Балки яқин замонда.

Балки Шавкат Мирзиёев даврида.

Яна Тангри билгувчи.

Биз ҳақни кутамиз.

- Бундан не наф?

- Хато такрорланмаслиги учун бу авлодларга сабоқ бўлади.

- Ўлганга кек сақлаш гуноҳ.

- "Бўз бўри"ни сиз ёзганмисиз? Ишонмайман, Каримов даврида зулм кўрганингизга ҳам ишонмайман. Йўқса, менга бундай демасдингиз. Йўқса, Каримовнинг ўлимига ачиндим ҳам демасдингиз.

- ...

- 40 йил давлат ташкилотида ишлаганси-а ?

- Ҳа.

- 179 минг сўм пенсия билан кун кечириб бўладими?

- ...

- Атайлаб шундай қилган.

Руҳий эзиш учун,

Руҳий синдириш учун.

Сиз учун оммавий ахборот воситаларининг эшиклари ҳам ёпиқ. Нашриётларнинг ҳам. Нимага? Сизни моддий муҳтожликда сақлаш учун. Чунки тўғри сўзингиздан қўрққан. Бир сизни эмас, бутун халқнинг тўғри сўзидан қўрқади.

Шунга халқ йўқликдан эзилмоқда. Нимага? Бир каснинг:

Қутуриб яшаши учун,

Тахтда ўлгунча туриши учун.

Оч эл, яланғоч эл ҳақни айтишга ожиз. Чунки турмуш ташвиши уни:

Эзиб қўяди,

Манқурт қилиб қўяди.

Ўзбекнинг мана бу нақлидан хулоса чиқариб олинг:

"Итингни оч сақла, у кетингдан эргашади".

Юрагим бежо урди. Чимиллаб санчди. Оғриқ чап қўлимга ўтди. Тилимнинг тагига "эринит" ташладим. У ўз гапини мустаҳкамлаш учун ушбу мисолларни келтирди:

"Ҳозирда Ўзбекистон дунёдаги энг коррупциялашган ва мустабид мамлакатлардан биридир. У ердаги 31 миллион инсон катта ижтимоий қатағонлар ва иқтисодий қашшоқликни бошидан кечирмоқда".

Стив Свердлов,Хьюман Райтс Вотч ташкилотининг Ўрта Осиё бўйича мутахасиси.

"Тахминан 10000 атрофидаги сиёсий тутқунлар мамлакат қамоқхоналарида қолмоқдалар. Улардан кўпчилиги ислом экстремист гуруҳларга алоқадорликдаги сохта айбловлар билан ҳукм қилинган".

Стив Свердлов.

" 2000 йиллар бошига келиб мухолифларнинг барчаси сургун қилинган, қамоққа тиқилган ёинки ўлдириб юборилган эди. Шулар билан бир қаторда Ўзбекистондан ташқаридагилари ҳам".

Нейт Шенккан,

Freedom House ташкилоти тадқиқотчиси, Ўрта Осиёда демократик бошқарувни кузатиб борувчи.

"Каримов ўзининг сиёсий душманларини йўқ қилишда Ислом экстремизми хавфидан фойдаланади".

Нейт Шенккан.

"2005 йилда ўзбек ҳукумати ҳарбийлари Андижондаги тинч намойишчиларига қарата ўт очди. Натижада минглаб аҳоли қурбон бўлди. Ва бу Вашингтон билан вақтинча ҳамкорликни тўхтатишга сабаб бўлди. АҚШ ва Оврўпа Каримов ва бошқа мансабдор шахсларни ўз мамлакатларига ташрифини таъқиқлаб қўйди. Иқтисодий турғунлик 2 миллион ўзбекни Россияда ишлашга мажбур қилди".

Фарук, Los Angeles Timesмахсус мухбири.

- Яна юзлаб мисоллар келтиришим мумкин.

- Етади.

- Мабодо Каримов тўғрисида ёзсангиз, асқотади.

- Мабодо ёзсам, гапингиздан тонмайсизми?

- Отимни сир тутасиз.

- Тутмасам -чи?

- Сакрайман.

- Нега?

- Қўрқаман.

- Қабрда бўлсаям-а?

- Ҳали ўзига ўхшаш бир-икки издоши амалда. Исмимни...

- Юрагам бор экан, - дедим уни бўлиб,

- Қайта қамалишдан қўрқаман. Бошпанамдан айрилишдан қўрқаман. Жаҳонгир Муҳаммадники каби уйимни тортиб олса, оиламни кўчага ҳайдаса, нима қиламан? Муҳаммад Солиҳни ҳам, укаларини ҳам шу ҳолга солди. Солиҳнинг ўзи қочиб қутилди. Уч укасини эса қамади. Бир айбсиз. Мурод Жўрани айтмайсизми? У уйидан ҳам айрилди, соғлиғидан ҳам. 21 йил зиндонда ўтиришнинг ўзи бўладими? Самандар Қўқоннинг ҳам ҳовли - жойини мусодора қилди, ўзи эса 24 йилдан бери қамоқда ўтирибди. Кекни қаранг! Одамзотга ёт кек! Ёввойи кек! Даҳшат! Булар каби хўрланганлар юртда озми? Юз мингларча. Биласиз, қамоқда калтак, таҳқир, зуғум остида ўтириш оғир. "Тирик чиқармиканман?"деб кун санаб ўтириш оғир. Ўлимдек оғир! Ўзи ҳеч бўлмаганда бир ой зиндон азобини тормади- да! Тортганда туғилганига минг пушаймон ерди. Аммо-лекин тутқунлар ҳам уни соғ қўймасди. Куйганлар , қарғаганлар, кутганлар кўп эди. Бахтли экан, Шох кетди.

- Ўтирганда севинармидингиз?

- Секин айтасизми?

- Унинг илон пўст ташловчи заҳар тилига итнинг ҳам чидаши қийин эди. Қанча одам инфарктга учради. Саноғи йўқ. Мен ҳам шуларнинг бириман. Гўрда ётган онамни сўкди. Қизларимни сўкди. Ўта булғанч сўзлар билан. Телефон билан бошимни ёрди. Сўнг тепди. Орқа, олдимга, бир ой касалхонада ётдим. Юрагимни чангаллаб. Шунга ҳам қаноат қилмади. Ишдан хайдади. Қамади. Энди аҳволимга қаранг, қуруқ суягим қолган. Саналган куним қолган.

Мен унинг чўп гавдасига ва сўнг сарғиш доғлар босган заҳил юзига синчил боқдим. Ўртача кенгликдаги манглайи чумоли изини эслатувчи ажинлар таъсирида тордек кўринади. Ўсиқ қошлари сочлари каби оқ. Кўз косалари чўккан. Озиб, тўзганлигигами, қулоқлар каттадек туюлади. Қурбақа ранг бурни қурбақага менгзайди. Қуршақ лаблари кул тус. Мен буларда ўлим изларини кўрдим. Нимага? Тушунтиролмайман.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Fergananews
Image caption 'Ўзбек гази Хитойга оқяпти'

Мен уни эсладим. Бир пайтлар Каримовга яқин эди. Кейин ораларидан қора мушук ўтди... Кескир киши эди. Энди?.. Юрагим ачишди. Бироқ бу ҳиссимни сездирмай сўрадим:

- Неча йил ўтирдингиз?

- Етти йил.

- Ўзингизни олдириб қўйгансиз. Менимча, бунда унга туйган нафратингиз таъсири ҳам бор. Кекингизни ҳам. Кек сақлаш эса ёзуқ.

- Мени кекчига чиқариб қўяяпсиз. Бошимга шунча кулфат солган кимсанинг ваҳшийлигини айтсам, кекчи бўламанми? Халқни қон қақшатган, одоб, ахлоқни издан чиқарган кимсанинг ёвузлигини айтсам, кекчи бўламанми?

Халқнинг ярми, ёш қатлами нима учун ёт юртларда қул бўлиб юрибди? Унинг айби билан. Чунки юртда иш йўқ, маош йўқ. Бунинг устига эл унинг ёвузлигидан, бачки сўз, ёлғон ваъдаларидан ва тиш-тирноғи билан қўриқлаган боқиманда кучларидан безган. Қочган. Турли мамлакатларга. Қўрқув, очлик кишиларни неларга мажбур этмайди.

XlX аср бошларида ўрис ҳукумати халқни мардикорликка ҳайдаганда, халқ бунга қарши қўзғолон кўтарган. Қулликни ўлимдан афзал кўрган. Ривожланган ХХl юзйилликда эса, халқ Каримовнинг йўқликка элтувчи, давлатни чўктирувчи қонли режимидан кўра мардикорликни афзал кўрди. СССР қулаган замонда, мустақилликка эришган замонда буни қандоқ тушуниш мумкин? Сиз бўлсангиз, аждарҳога ачинасиз...

Аниқ ёдимда, беш сиёсий маҳкум эдик. Сангородда, Чинор остида жазирамадан жон сақлаб ўтирганимизда, Сафар Бекжон ўртага шундай саволни ташлади:

- Ким қайси байрамни энг улуғ деб билади?

Ҳар хаста ўз фикрини айтди:

- Йилбоши (наврўз),

- Қурбон ҳайит,

- Мустақиллик...

Склет ҳолига келган, қон қусиб юрган Сафар Бекжон ўз нафратини яширмади:

- У ўлган кун мен учун, халқим учун энг буюк байрам! Дамимиз ичимизга тушиб кетди... Ҳаммадан кўра мен қўрқдим:

Биров эшитиб қолмадимикан?

Ичимизда қулоқ йўқмикан?

Зумда тарқадик. Шундан кейин мен Сафар Бекжондан ўзимни тортдим. Бошқалар ҳам. Аммо ичимда Сафар Бекжонга тан бердим. Менимча, бошқалар ҳам. Сиз бўлсангиз, эл қонини ичган, оиласи билан юртни ўз мулкига айлантирган касга ачинасиз. Зиндонларда, қийноқларда ўлган бегуноҳ ёшларга ачинганингизда, мен сизни тўғри тушунардим.

- Ҳар нарсанинг яхши, ёмон томони бор. Фақат кирни кўриш нотўғри. Юракни кенг қилинг. Каримов 27 йил юрт тинчлигини сақлаганини эл айтаяпти.

- Қамоқ ҳисобигами?

Сургун ҳисобигами?

Қирғин ҳисобигами?

Очлик ҳисобигами?

Сочилган халқ ҳисобигами?

Нима, қозоқда тинчлик йўқми?

Қирғиз ё туркманда-чи?

Тинчлик эмиш!.. Тўмтоқ оммавий ахборот воситаларию махсус... кишилар тарқатган сафсата бу.

- Нигилист бўлиб қолибсиз.

- Каримовчи!

- Мен ўзимман. Мен сизга халқ сўзини айтдим. Бунга илова тариқасида халқнинг яна бир гапни айтаман: "Каримов мамлакат миқёсида улкан қурилишлар қилди". Энди бунга ишонарсиз? Ўз кўзингиз билан кўриб турган нарсага.

- Элни оч қолдириб қурганигами?

Ўз чўнтагидан қурганигами?

Ашхободни кўринг, ақлингиз шошади.

Назарбоев пойтахт қурди. Остонадан ҳайратга тушасиз.

Қозоқ иқтисод масаласида ҳам биздан ўзиб кетди. 30 -35 йилга...

- Олдингдан оққан сувни қадри йўқ.

- Кесатманг. Ҳақ юзига оёқ босманг. Мен сизга яна бир фожеани, миллатимизга иснод келтираётган фожеани айтаман. Буни сиз ҳар куни ўз кўзингиз билан кўриб, ўз қулоғингиз билан эшитиб турибсиз. Бу-миллат фожеаси!

- Айтинг.

- Ҳеч бир мустабид даврида ҳам юз бермаган бузуқилик мисли кўрилмаган даражага чиқди. Айрим аёллар болаларини очлик ўлатидан сақлаш учун ўз ҳаётларини синдираяптилар. Яъни таналарини сотишга мажбур бўлаяптилар. Яна баъзи бирлари танглик азобидан қутилиш учун бегона юртларга эрга тегиб кетаяптилар. Турон-Туркистон тарихида бундай шармандали бузилиш ҳеч бир замонда бўлмаган...

Бу ахлоқий, руҳий, ижтимоий, миллий бузилишларни тузатиш учун узоқ йиллар керак бўлади. Янги президентга ҳам мислсиз қийинчиликлар туғдиради. Агар у: "Миллатим шаффофлиги мен учун муҳимлардан муҳим"деб ўйлаб иш тутган тақдирда ҳам. Менимча, миллат шаффофлигисиз, тотувлигисиз, маърифатсизлигисиз - эл, юрт, давлат камол топмайди. Зўрлик, коррупция, кўзбўямачилик, ҳамду сано, ёлғон пропаганда, қама-қама билан халқнинг бири икки бўлмайди. Билъакс, ахлоқий бузилишлар кучаяди. Биз буни кечган даврда кўрдик. Биз ўзимизни алдаб иш юритсак, Оврўпа у ёқда турсин, Ўрта Осиё давлатларидан ҳам орқада қолиб кетамиз. Ҳар жабҳада. Менимча, Шавкат Мирзиёев бу қусурларни кўриб турибди. Унинг ҳозирги амалий ҳаракатлари шуни тақозо этади. Ишқилиб, кўз тегмасин...

Табиий, ахлоқий бузилишларни мутлақ оқлаб бўлмайди.

Бу "рак"ни даволаш учун эса муҳтожликдан қутилиш керак. Одамни тубанликларга етакловчи восита-муҳтожлик. Мен қамоқда ўғрилар билан ҳам мулоқотда бўлганман. Уларнинг кўплари: "Муҳтожликдан бу йўлга кирганмиз, - дейишган, -уйда ярим оч юрардик. Усти - бошга ҳам ялчимасдик. Кўчада нон топишни ўзи бўлмайди. Бозорма - бозор иш излаб юриш ҳам жонга тегади. Баъзан топасан, баъзан йўқ . Мардикорлик ҳам қиморга ўхшаш нарса. Бир тушади, бир тушмайди. Тушгани нима бўларди? Бир тўйиб овқат емаганмиз. Ит кунида... Бизга зона тинч. Қорнимизни ўйламаймиз. Чиққанимизда нима? Яна қайта тушамиз. Доимий иш, нормал маош бўлса, бошқа гап..."

Бу гапда киноя билан йўғрилган ҳақиқат мужассам. Оч киши очдан ўлишни истамайди. Нон топиш учун ўзини турли кўчага уради... Лекин, не аламки, ажални истаганлар ҳам бор. "Бу хорликдан ўлганимиз яхши" дейишади ва ўзларини осишади, ёқишади, заҳарлашади. Мен бу ҳалокатларни ўз кўзим билан кўрганман. Ўзларини поезд остига ташлаганларни, томдан сакраганларни эшитганман. Юрт бўйича хомчўт қилинса, булар тумонат бўлади. Юқорида мен бу фожеаларнинг юзага келиш сабабини айтган эдим. Яна қуйидаги сабаблар ҳам мавжуд:

Эрксизлик,

Зулм,

Зуғум,

Ишсизлик...

- Иш ахтарган топади.

- Жуда қийин. Мабода топса ҳам, ойлик пулига яшаб бўлмайди. СССР пайтида ўзбек иш ва куни ўтиб турадиган маош билан таъминланган. Ўрис, ўрис тилли ўриспарастлар ҳам. Келгиндилар миллионлар эди. Улар ерликларга қараганда бир неча марта кўп ойлик олардилар. Шаҳарларда яшардилар, элитаси ёғли жойларда, қуйиси завод, фабрикаларда ишлардилар. Меҳнат вақтлари 7- 8 соат. Ҳафтада 2 кун дам. Уйларида газ, свет, иссиқ, совуқ сув. Ўзбекнинг боши эса тонгдан тунгача заҳар сепилган даладан чиқмасди. Дастурхонида қора нони бўларди, қора қозони этли, этсиз қайнарди. Юртда мардикор зоти йўқ эди. Энди?..

СССР ўлгандан кейин келгиндилар кетдилар. Бундан Россиядан уй - жой олишга қурби етмайдиганлар, қари - қартанглар айро. Советлар замонида гуллаб - яшнаган Маржонбулоқ, Зармитон, Ингичка, Учқулоч каби конлар ёпилди, яроқсиз ҳолга келди. Чирчиқ, Олмалиқ, Ангрен, Навоий, Зарафшон, Учқудуқ сингари саноат шаҳарлари ҳувиллаб қолди. Завод, фабрикалар талон - тарож қилинди. Миллионларни иш билан таъминлаган шу кон, завод, фабрикаларни вайронага айланишига ким сабабчи? У!..

Бу вайроналарни тиклаш учун кўп йиллар керак, кўп трилёнлар керак.

Тошкентдаги аксарият корхоналар ҳам ишдан чиққан, ёпилган. Жумладан:

Учоқ,

Трактор,

Пахта териш машиналари ишлаб чиқарган заводлар. Уларда юз минглар ишлаганлар. Ўзбекистон пахта етиштириш бўйича дунёда тўртинчи ўринда туради. Шундай экан, трактор, агрегат ва пахта териш машиналарини ишлаб чиқариш заводларини талон этилиши кечирилмас ҳол. Бунинг учун кимни айблаш керак? У умрининг сўнгги кунигача кўнгли тусаганини қилди...

130 йил давомида Москва Ўзбек олтинини олди. Грамм-грамигача...

- Бу фикрингизга қўшиламан.

- Янги раҳбар ТТЗ билан пахта териш машиналарини ишлаб чиқариш заводини ишга тушираяпти, деб эшитдим.

- Кейинроқ самолётсозлик заводи ҳам қайта тикланиши мумкинми?

- Балки?

- Тўхтаб қолган метро қурилиши йўлга қўйилибди.

- Эшитдим.

- Ангрен кўмир конини ҳам бориб кўрибди. Таъмирлашни буюрибди. Мен буни хайрли қадам дейми?

- Кўнглингизга қаранг.

- Каримовнинг изидан боришини айтувдим. Лекин қилаётган амалига қаранг. Ажабланарли ва қувонарли.

- Дунё сиёсатида ҳам бундай гаплар бўлиб туради.

- Каримовнинг қаҳрига йўлиққан бир қанча артистларга ҳам йўл очди. Севара Назархон, Шерали Жўраев, Юлдуз Усмонова шулар жумласидан.

- Элда шу гап.

- Коррупцияга ботган димоғдор ҳоким, прокурор, милисаларни ҳам алмаштираяпти. 27 кун ичида шунча янгилик. Нимага у Каримов тириклигида бундай ўзгаришлар қилмаган? Бош вазир эди-ку.

- Аждарҳо бор эди - да... Қўшнилар билан ҳам орани бузган шу. Эл:

" Қўшнинг тинч, сен тинч" дейди. У : "Ўрта Осиёда мен гапираман!" деган димоғ билан юрди. Димоғ билан гапирди. Ўзини катта тутганни ким ёқтиради? Ҳеч ким. Дўстлик тенг асосга қурилади. Йўқса, бузилади. Унинг ердан узилган оёғи туфайли 25 йилдан бери бир туғишган қавмлар жабр кўраяптилар. Бир-бирлариникига боришолмаяпти, бир - бирлари билан дийдор кўришолмаяпти. Қон ютишаяпти. Ўзбек атрофини миналар билан, соқчилар билан ўрагандан кейин қозоқ, қирғиз, туркман, тожиклар ҳам чегараларини тақа-тақ ёпдилар. Менимча, энди бу бузғунчи хато тузатилади. Қаранг, ҳатто унинг гўри совимасданоқ қўшничилик алоқалари тиклана бошланди... Буни мен қирғиз, тожик мисолида кўраяпман. Эртага, Худо хоҳласа, қозоқ, туркман билан ҳам опоқ-чапоқ бўламиз. Бизлар ёт эмасмиз, қондошмиз.

Қисматдошнинг гапи оғзида қолди. Дўстлари чақиришди. Мен яёв уйга қайтарканман, унинг қалб оғриқларини қисман англагандай бўлдим. Кўнгли қонлар кўп. Бу қонлар қўшилиб оқса, дарё бўлар...

Кўнгли қонлар... Икки сўзни унутолмайман. Балки умрбод унутолмасман. Бирини менга Жаҳонгир Муҳаммад айтган. Иккинчисини М...

Жаҳонгир сўзи: " Мен кабинетда хатларни кўздан кечираётгандим, туйқус, Ислом Абдуғаниевич кириб қолди. Шошиб ўрнимдан турдим. У саломимга алик олмай сўради:

" Нима қилиб ўтирибсан?"

"Элдан келган аризаларни..."

Ислом Абдуғаниевич гапимни бўлиб бақирди:

"Элинг борми? Ҳе, элингнинг онасини..."

М... сўзи: " Бир куни мен Ислом акага: "Халқ қийналаяпти, - дедим - иш билан, етарли маош билан таъминланмаса, аҳвол яна ёмонлашиши мумкин".

"Халқ қанча оч бўлса, қулоқ шунча тинч бўлади" деди зарда билан Ислом ака.

Ҳақ сўзи учун М. қамалди.

Жаҳонгир қочди. Йўқса, ҳозиргача зиндонда ўтирган бўларди.

Уйимга ҳорғин ва дилхун бир алфозда келдим. Юрагим яна чангалади. Оғриқни босадиган дори ичдим. Сўнг диванга ҳолсиз чўзилдим. Қисматдошнинг дедикларини ақлим "элаги"дан ўтказдим. Бошимни қарама-қарши ўйлар чулғади. Тўлғониб қанча ётдим, билмадим. Охири мудроқ босди. Уйғонганимда кундуз соат тўртлар эди. Уйда, юртда тотувлик ҳақида ёзаётганим эсимга тушди. Қалқдим. Юз-кўзимни илиқ сувга чайдим. Одатимга кўра, Тангрига сиғиниб, ёзишга ўтирдим.

Уйда, юртда тотувлик...

Бунинг мутлақ зарурлигини ҳамма билади. Бусиз тинчлик, қут- барака, тарққиёт бўлмаслигини ҳам. Муаммо амал қилишда. Ўзаро келишмовчилик сабабларига кўра, баъзан, оила, халқ, ватан тақдири бир четда қолади. "Мен..." дея " Худбин" бош кўтаради. Ғазаб отига миниб, қиличини нуқиб. Сўнг қуролсиз "Худбин"лар...

Ислом Карим мухолифат билан муроса қилса бўларди. Ёзарлар уюшмасини Абдулла, Эркин, Озодлар воситасида иккига бўлмаса ва биноларни банкларга айлантирмаса бўларди.

Бироқ...

Довруқли Черчел "Мухолифат бўлмаса, уни туғдириш керак" деб бекорга айтмаган. Бозор рақобат билан тирик ва яшноқ. Давлат ҳам шундоқ: мухолифат билан ривож топади. Соясига қуллик қиладиган қўғирчоқ партиялар билан, мунофиқ ялтоқлар билан, халқни ўмарадиган ёлмағизлар билан давлат юксалмайди. Кураш илдизини шундан излаш жоиз. Эсли раҳбар қамоқ, қийноқ, қувғин, зўрлик билан иш юритмайди. Бу - давлатни:

Инқироз,

Дефолт,

Таназзулга олиб келади.

Бу - халқни хонавайрон қилади.

Ота ўз ўғил-қизларини тенг кўради. Ҳар бирининг аччиқ, чучук гапини эшитади, мағзини чақади, фойдалисини олади, фойдасига ўз фикрини билдиради. Қаҳр билан, кирлик билан эмас, беғараз, самимий...

Ота ўз фарзандини тенг кўради:

Яхшисини ҳам,

Ғайирини ҳам,

Бебошини ҳам.

Бирон ўғил, қизини "ёмонсан" деб уйдан ҳайдамайди, таҳқирламайди, ўлдирмайди, билъакс, уни инсоф, имонга чақиради, тарбиялайди...

Давлат бошлиғи ҳам ўз элига отадек гап. Шундан келиб чиқиб иш юритса, юрт обод бўлади, эл тўқ бўлади. Худбин ва "Худбин"лар аравани ҳар ёққа тортаверса, арава бўлакланиб кетади. Шундай экан, бир-биримизга кечиримли бўлайлик, эл - юртимизнинг камолини ўйлаб иш тутайлик, "арава"ни тенг тортайлик. Бунинг учун мен янги президентга бир миллий ёзар сифатида ўз нисбий таклиф, истакларимни билдираман.

1. Ёт юртларда миллат келажаги билан яшаётган ўғил - қизларимизга бағрикенглик қилайлик, хато, камчиликлари бўлса кечирайлик, ватанга чақирайлик. Фойдали фикрларидан юртимиз тараққиёти йўлида фойдаланайлик. Ахир, қарс икки қўлдан чиқади.

2. Ноҳақ қамалган сиёсий, диний тутқунларни озод этайлик. Жумладан: Муҳаммад Бекжон, Самандар Қўқон, Юсуф Рўзимуродовларни. Улар узоқ йиллардан бери (17- 24й й) тиконли симлар ортида ўтирибдилар. Соғлиқларидан ҳам айрилганлар. Ёшлари ҳам (65 -80лар орасида) бир ерга бориб қолган.

3. Хорижда, айниқса, Россияда инсоний ҳуқуқлари топталаётган, камситилаётган, калтакланаётган, қамоқларда чиритилаётган, ўлдиртирилаётган ёшларимизни қулликдан, хорликдан, ажалдан қутқазайлик, юртимизга қайтарайлик, иш билан таъминлайлик. Шунгача эса, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ўрис ҳукуматидан сўрайлик. Давлат ўз юртдошларини ёвуз кучлардан ҳимоя қилолсагина давлатдир.

4. Издан чиққан ва бу билан миллатимиз номига доғ тушираётган аёлларни изга солиш масаласини кўриб чиқайлик. Ўз-ўзидан ҳеч нарса юзага келмайди. Унинг генезисини аниқлаш ва туб томири билан даволаш лозим. Бунинг учун маҳалла кенгашлари, кексалари, оқиллари, хотин-қизлар қўмиталари, туман, вилоят ҳокимиятлари, полислар ва оммавий ахборот воситаларини ишга солмоқ керак. Менимча, биринчи галда издан чиққанларга, умуман, аёлларга яхши ҳақ тўлайдиган иш ўринлари очиш лозим. Бу ҳам давлат бурчларидан биридир.

5. Андижон фожеасида ёт элларга бош олиб кетган бегуноҳ инсонларни ватанга қайтармоқ лозим.

6. Улуғ француз адиби Марсел "Буюк Темур" отли улкан китоб ёзган. Асар давомида очунолар бобомизнинг қуйидаги сўзи қайта - қайта жаранглайди:

"Мен олим, ёзар, ойдинларга доим ҳурматимни бажо айладим. Менга ғараз туйганларига ҳам саҳоват кўрсатдим. Ва уларни ёмон ниятли кишилардан, золим ҳукмдорлардан ҳимоя этдим".

Ҳурматли Шавкат Миромонович!

Сиз ҳам ноҳақ жабр кўрган ёзар, олимларга очунолар Темурдек бағрикенглик қиласиз, деган умиддамиз.

Шароф Рашидов тамал тошини қўйган бино банкка айлантирилган. Ўзингиз билган Пушкин кўчасидаги биринчи уй ҳам. Шу икковидан бири ёзувчиларга қайтарилса, Шароф Рашидов руҳи шод бўлади. Адиблар сизни олқишлайдилар, ҳур ишларда қўллаб- қувватлайдилар.

Яна қуйидаги таклифлар амалга оширилса, давлат демократик йўлга қадам қўяди. Иқтисодий кучга киради. Ҳарбий салоҳияти ошади. Эл тўқ, ҳур яшайди.

1. Қонун устиворлигини Америка, Оврўпа давлатлари даражасида йўлга қўйиш зарур. Бусиз жиноят, коррупция, ахлоқий бузилишни илдизи билан қўпориб ташлаш қийиню

2. Оммавий ахборот воситаларига эрк бериш, уларнинг хомкалла бошлиқлари ва чаласавод мухбирларини истеъдодлар ҳисобига алмаштириш керак.

3. Бундан уч ой олдин ҳам ёзган эдим. Тағин такрорлайман: Юртда Оврўпача декларация ўтказиш вақти етди. Шундоқ тақдирда давлат ғазнаси трилёнлар билан бойийди. Бунга ўнлаб завод, фабрикалар қурилади, тумонат кишиларни боқувчи бўз ерлар (Фориш тумани ҳудуди деярли Фарғона водийси билан тенг. Ундаги шўрсиз, яйдоқ чўллар минг йиллардан бери бўш ётибди) ўзлаштирилади, ёпилган конлар, корхоналар қайта тикланади, уларда миллионлар меҳнат қиладилар.

4. Куч ишлатар тизимларини ислоҳ қилиш, штатларининг учдан икки қисмини қисқартириш, бунинг эвазига ишчи, деҳқон, педагог ва нафақадорларнинг ойликларини ошириш ҳамда уйсизларни уй билан таъминлаш мақсадга мувофиқдир. Ойлик маошлари ҳам, пенсиялари ҳам эл қатори даражасига туширилса, осмонда юрмайдилар, халқдан узилмайдилар.

5. Колониялар кўпдан буён реформага муҳтож. Қаттол режим ўрнига демократик тамойилга мос тартиб, қоидалар ўрнатилиши зарур. Қамоқхоналар полису ҳарбийлар билан бирга камида ярмига қисқартирилса, ўзбекюрт учун етарли. 70-80 фоиз тутқунлар жарима билан қўйиб юборилса бўлади. Уларнинг ичида айбсизлари ҳам кўп. Бироқ ИИБ ва ГУИН буни асло исташмайди. Штатларини қисқартирмаслик учун тепани ваҳимага солиб туришади. Маблағ чўнтакларидан кетаяптими? Давлат пули-да. Қанча тутқун кўп бўлса, шунча яхши.

Шунга қилдан қийиқ ахтаришади. Арзимаган сабаблар рўкач қилинади, сохта айбловлар билан маҳкумлар амнистияга (номига бир - иккиси демаса) туширилмайди. Айниқса диний, сиёсий маҳкумларга оғир. Бор таёқ уларнинг бошларида синади. Ғирт ёлғон ҳужжатлар билан муддатлари узайтириб борилади. Дунё тартиб-қоидасига кўра, ГУИН ва ЖИЭМ Адлия вазирлиги ихтиёрида бўлиши керак. Бироқ, ёлғиз Ўзбекистонда тескари. Жиноий бузилиш илдизи шундан озуқа олмаяптими?

Йил давомида бир ЖИЭМ га сарфланган маблағга бир завод қурса бўлади. Қанча одам бундан ўз нонини топиб ейди. Қолаверса, бунинг на фақат моддий, манъавий томони ҳам аҳамиятли.

Image caption Мирзиёевнинг илқ қадамлари ўзгаришларга умид уйғотган

Қамоқхоналар бюджет ҳисобидан чиқарилса, ўзини-ўзи боқа олади. Тутқунлар овлоқ чўлларни ўзлаштирсинлар, пахта, дон етиштирсинлар, қорамол боқсинлар, қўли гуллари ҳунармандчилик ва уйлар қурсинлар.

Ер юзи халқларининг ҳаммасида шу нақл бор: "Меҳнат одамни тарбиялайди". Шундан келиб чиқиб, дейман: "Меҳнат одамни тарбиялайди". Меҳнат тутқунларни моддий қувонтиради, ахлоқан тузатади, тўғри йўлга солади. Бундан давлатимиз ҳам, элимиз ҳам фойда кўради.

6. Врач касалхонада, инженер заводда, агроном экин-тикинда, қисқаси, ҳар киши ўз мутахассислиги бўйича ишласа, давлат юксалади. Каримов даврида полислар ўзлари тушунмайдиган тармоқларга ишга қўйилди. Ҳатто полковник, генераллар туман, вилоятларга ҳоким этиб тайинланди. Қани унум? Билъакс, давлат коррупция ботқоғига ботди. Буни генерал Аҳмад Усмонов мисолида ҳам кўрдик-ку!..

7. 1991 йилгача республикада, адашмасам, 4 миллион 250 минг гектар ( шундан 2 мл. 8 юз минг г. шўр ер) суғориладиган, 2 ярим миллион гектар лалми ер бўлган. Булар қишлоқ ва сув хўжаликлари министрликлари томонидан кадастрлаб борилган. Шўр ерларнинг шўрини ювиш учун тик ва кўндаланг зовурлар қазилган. Заводларда (Сирдарё, Жиззах, Қашқадарё. Хоразм, Қорақалпоқ каби воҳаларда) қувур ва латоклар ишлаб чиқарилган. Қашқадарёнин ўзида 7 та шундай завод фаолият кўрсатган. Мустақиллик йилларида булар барҳам топган. Нимага? Номаълум. Шунданми, давлатга пахта топшириш плани тенг ярмига (6мл.дан З мл.га) қисқарган. Агар заводлар тикланмаса, номлари қайд этилган вилоятлар тупроқларини баттар шўр босади ва сўнг ҳосил 1 миллионга тушиб қолади. Яна шуни эътиборга олиш лозим. Ўзбек ери пахтадан чарчаган, ракка чалинган. Уни соғломлаштириш учун (мамлакат бўйича) алмашлаб экиш керак. Ўз вақтида тупроқни маҳаллий, маданий ўғитлар билан тўйинтириб бориш ҳам керак. Бунда кўзбўямачиликка йўл қўйиш - жиноят.

Куч ишлатар тизимлари ходимларининг, қамоқхоналар ва бошқа ташкилотларнинг қисқартирилиши натижасида қўлга киритилган техникалар қишлоқ хўжалиги ривожланишига берилади. Шундай тақдирда, яъни зикр этилган тилаклар амалга ошса, пахта ҳосили яна СССР давридаги даражага чиқади. Ялпи пахта ( худди АҚШ даги каби) машиналарда терилади.

8. Юқорида бир туғишган қўшни давлатлар билан алоқалар йўлга қўйилаётгани тўғрисида фикр юритган эдик. Агар холис тилаклар вожиб бўлса, Қозоғистоннинг митти қисмини кесиб ўтувчи Тошкент-Жиззах бетон йўли очилиши табиий. Шунда юз километр масофа ютилади.

Вақт, ёқилғи тежалади. Бу ўзбек-қозоқ элларининг олқишига сазовор бўлади.

9. Ўзбекэл гази ўрисга, Хитойга, дунёга оқаяпти. Ўзи эса танни-тезак ёқаяпти.

Мустақиллик даврида.

Уйида свет йўқ.

Мустақиллик даврида.

Уйида тоза ичимлик сув йўқ.

Мустақиллик даврида.

Мен ўзбекэл сўзини қоғозга туширдим. Ўз нисбий фикримни ҳам ёздим. Уйда, юртда тинчлик, тотувлик бўлса, муаммолар ҳал бўлади. Тангри қўлласа. Тангри янги раҳбарнинг кўнглига солса...