Ажралишлар ёхуд "Келин-куёв" шоу-2

Фото муаллифлик ҳуқуқи Umida Ahmedova

Яқинда Тошкент шаҳар ҳокимиятида бўлиб ўтган йиғилишда ҳоким Раҳмонбек Усмонов жамиятда ажралишлар сони кўпайиб бораётгани ҳақида гапирган. Унинг айтишича, аҳоли орасида ажралишлар бўйича пойтахт етакчилик қилмоқда.

Расмийларга кўра, ўтган тўққиз ойда ҳар 100 ёш оиладан 32 таси, яъни учдан бири ажрашиб кетган.

Вилоятларда бу кўрсатгич бироз пастлиги қайд этилган. Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари ҳамда Республика хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова оилалардаги ажримлар масаласи бўйича хато ва камчиликлар ҳақида гапираркан, қилинаётган ишлар ҳаммаси расмиятчилик, деб айтган.

Масалан, ФҲДЁ билан Хотин-қизлар қўмитасининг ишлашида кўп хатоликлар бор.

Боситхонова судлар ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари ишларидаги хатоликлар, ёшлар тарбиясидаги ноқисликлар, олиб борилаётган тарғиботларда камчиликларга тўхталган.

Боситхонова ҳам, Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов ҳам бу муаммо Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, Бош вазир Шавкат Мирзиёевни ҳам тавишлантираётганини таъкидлашган.

Усмонов статистик маълумотларга таяниб, оиласидан ажрашаётган ҳар бешта аёлнинг бор-йўғи биттасигина қайта турмуш қураётганини айтган. Йиғилишда ажримлардан асосан аёллар азият чекаётгани айтилган.

Йиғилишда ишчи гуруҳи тузилиб, баъзи чоралар ҳам белгиланган.

Жумладан, тўйдан бир ой ўтгач, келинларни пропискага қўйиш мажбурий этиб белгиланган ва Тошкент шаҳрида ажрашган ҳар бир оила вакилларининг исм-фамилияси бундан буён "Тошкент" телеканали ва "Тошкент оқшоми" гезетасида чоп этилиши айтилган.

'Фаҳшга етаклайди'

"Ажрашаётган эр-хотинларнинг исм-фамилияларини ҳозирча ҳар 15 кунда соат 23:00да эфирга узатиладиган дастурда, ўзгариш бўлмаса, соат 21:00да эълон қиламиз. Агар яққол натижа сезилмаса, ажрашаётган оила аъзоларининг суратини эфирга узатамиз. Бу билан биз ҳеч кимнинг ҳақ-ҳуқуқларини топтамаймиз, аксинча, очиқ маълумотларни оммага тақдим этамиз", - деб ҳоким Усмоновдан иқтибос келтирган Qalampir.uz интернет нашри.

Нашр ҳоким шуни қўшимча қилганини маълум қилади: "Оилавий ажримларга сабабчи бўлаётганлар, хусусан, қайнота-қайноналар, келинларни оммавий муҳокамага олиб чиқиб, улар иштирокида телекўрсатувлар тайёрланади".

Ушбу ташаббус ўзбек интернет фойдаланувчилари орасида қарама-қарши муносабатларни уйғотди.

Facebook ижтимоий тармоғида мусулмонларга яхши таниш домла Мубашшир Аҳмад бу муаммо бўйича билдирилаётган фикрларни "эшитадиган" кимса йўқлигидан таассуф изҳор қилган.

"Эр-хотинни омма олдида шарманда қилиш билан қўрқитиб, оилани куч билан ушлаб туриш янада катта муаммо келтириб чиқариши аниқ-ку. Насронийларда "Аллоҳ боғлаганни бандаси ечолмайди", деган қоидага мувофиқ, талоқ, яъни ажрашув машруъ-қонуний эмас. Бу ҳолат жинсий соҳада қанчалар бузилишларга сабаб бўлгани ҳаммага аён. Эр ва хотин хиёнати, зинокорлик, бир жинсли алоқалар. Ажрашишни тўлиқ йўқотиб бўлмайди, фақат камайтириш мумкин. Бу хусусда айрим таклифларимизни айтяпмиз, беғараз ва амалий ёрдамимизни таклиф этяпмиз. Аммо эшитгувчи қулоқ йўқ. Афсус," - дейди домла.

"Таклиф хатларга ҳам эътибор беришмаяпти. Қуйи ташкилотларга жўнатишяпти. Афсус афсус..." деб қўшимча қилган "Al Khorazmiy Uz".

"Шунча одам йигилиб, маслаҳатлашиб, шунақа аҳмоқона чорани уйлаб топишибдими?" - дейди ғазабнок оҳангда "Doniyor Xorazmiy Rozmetov".

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига кўра, бу ташаббус аҳоли ўртасида "гражданский брак" номини олган никоҳ тури сонининг кўпайишига сабаб бўлиши мумкин.

Жумладан, "Шаҳноза Тўрахўжаева" : "Нима қилишни билмай, мияга келган биринчи фикрни қарор деб қабул қилаверишган. Энди одамлар қонуний никоҳ қилмай яшашади ёки қонуний ажрашмай бошқа билан турмуш қуришади. Бир-иккитаси шармандаликка чидай олмай, нималар қилишини тасаввур этиш даҳшат!", деб ёзади.

"Аёлларга анча қийин бўлади, эркаклардан ҳам кўра. Бу билан бошқа муаммолар яратилади. Битта касалликни даволайман, деб ўнта касалликни чиқарамиз..." дейди "Abdul Aziz Shamsieff".

Бундай чора кўрилиши ўзбек халқини шарманда қилиши ҳам таъкидланган. "Бу қадамни ўйламай қуйишибди, асоратлари жуда ачинарли бўлади... Ор-номус деган тушунчалар ҳақида ўйлашмабди. Ўзбекларни экранда очиқчасига шарманда қилиш-ку бу. Бошқа давлатлар кўрса, ўзбеклар ҳақида фикри ёмонлашмайдими?". деган "Саид Ахмад".

Масаланинг бундай ечимига қаршиларнинг яна бири "Ноила Холматова" янгиликни шундай изоҳлаган: "ЧОРА эмиш... Ажримга мажбур бўлганлар шундоқ хам жиддий муаммонинг устида бўлган ҳолатида, эркак ва аёлнинг сирлари оммага ошкор этилиши (айб кимда бўлган тақдирда ҳам), айниқса, аёллар ўртасида ўз жонига қасд килиш холатлари кўпайишига олиб келади...".

Қонунга зид

"Azamat Abdulloh Begaliyev" бундай "аҳмоқона" чоранинг қонунга зид эканлигини айтади: "Бунақа даражада ахмоқона қарор чиқаради, деб ўйламаган эдим... Ҳуқуқий жиҳатдан айтаман. Бу чора инсоннинг шахсий ҳаётига очиқчасига аралашиш ҳисобланади. Агар шу чора мабодо амалга кирса, (катта эҳтимол билан амалга кирмайди), эр-хотин судга мурожаат қилиб, моддий ва маънавий зарар учун ҳаққини олиши мумкин. Хуқуқни муҳофаза қилиш органлари бу чорага қўшилмайди. Чунки оқибатини билади. Гаражларни бузиш ҳақида ҳоким қарорини эсланглар. Прокуратура қарорга протест келтириб, бекор қилдирган. Хуллас, бу тарғибот учун қилинган огоҳлантириш. 'Ўлдираман' деганга ўхшаш".

Бошқа бир Facebook фойдаланувчиси кўрсатувларни тартибга солишга чақирган. "ТВда диний аҳлоқий кўрсатувларни кўпайтириш керак, калта юбкада чиқволиб, кийиниш маданиятини ўргатгунча ёки сериал қўйгунча,", деб изоҳ қолдирган "Абу Муҳаммадсодиқ". "#Қўяверинг_зато_тинч_яшаяпмиз" дейди "Жаҳонгир Сиддиқов".

"Никоҳдан ўтиб кейин ажрашмоқчи бўлсам ТВда ва газетада чиқарканман деб, иймони заиф, диндан хабари кам йигитлар никоҳдан ўтмай, зино фаҳш ишлар билан шуғулланиб, жамиятда яна бузуқликлар кўпайиб кетмасмикан!," деб қўшимча қилган "Мухаммад Айюбхон".

Кутилмаганда, фойдаланувчилар орасида "Лаълихон Собирова" мансабдорларни ҳимоя қилади ҳамда ёзишмалардан миллий телерадиокомпания хабардор эканлигини айтади. "Сал пастроқ тушинг, дўстим.. Мансабдорлар ҳали ҳукм қилишмади.. Аллақандай постга ишониб, давлат раҳбарларига қарши қайраманг халкни.. Шу вақтгача масалаларни ижобий ҳал қилаётганлар ўшалар.. Ёнбошлаб ётганларга осон алжираш.. Таклиф беринглар ундан кўра, куракда турадиган... Ээ ўргилдим..."

Фойдаланувчилар ТВда оммавий маданиятни танқид қилиш асносида ҳориж клип ва сериаллари берилишини танқид қилганлар. "Лалихон, МТРКда ишлар экансиз, шу ижтимоий тармоқларда ақлли гаплар ёзаётганларни йиғиб, бир ТВ давра суҳбати ўтказмайсизми. Фойдали ҳам қизиқарли кўрсатув бўларди," деб таклиф билдиради "ОАВ ҳимоячиси"га.

Кўрилиши кутилган чораларни мазаҳ қилганлар ҳам топилади. "Abdul Aziz Shamsieff": "Телевизорда чиқарканман деб ҳам ажрашиб қўядиганлар ҳам топилса керак". "Usmon Sagdiev": "Буёғига катта экранда миллионлаб томошабинлар кўз ўнгида '#love story'нинг давоми бўларкан-да... Агар беш марта ажрашиб уйлансанг, кўчада автограф оладиган бўлишади (Мега юлдуз бўпкетасан)".

"Botir Musurmankulov": "Зўр эканми, халққа машҳур бўлиш учун ажралса кифоя экан, ана энди ҳамма ажрашиб бошлайди:)) спортчи ёки қўшиқчи бўлиш шартмас экан:)))".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.