Ўзбек тили давлат тилига айландими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Ўзбек тили расман давлат тили мақомини олганига 27 йил тўлди. 1989 йил 21 октябрь куни ЎзССР Олий Совети "ЎзССРнинг давлат тили ҳақида"ги қонунни қабул қилган эди.

Ушбу тарихий воқеа Ўзбекистондаги расмий тарғибот томонидан мамлакатнинг СССРдан мустақиллиги йўлида қўйилган дастлабки жиддий қадам, деб тилга олинади ва кенг тантана қилинади.

30 моддадан иборат бу ҳужжат "тил миллатнинг бойлиги ва бебаҳо мулки" эканини тан олган.

Қонун ўзбек тили бутун Ўзбекистон бўйича давлат тили сифатида амал қилишининг ҳуқуқий асосларини белгилаб, иш юритишда, давлат органларига мурожаат қилишда ўзбек тилининг мавқеини биринчи ўринга олиб чиққан.

Айни чоғда, СССР қудратда бўлган вақтда ёзилган бу қонунда ўзбек тилининг мавқеи рус тили билан тенг келган ўринлар ҳам бор эди, кўп қаторларда рус тили "миллатлараро муомала тили" деб эҳтиёткорона ниқобланган.

Боз устига, баъзи ташкилотларда, масалан, Ўзбекистон ҳудудидаги ҳарбий қисмларда ўзбек тилининг амалда бўлмаслиги қонуннинг ўзида ёзиб қўйилганди.

Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритганидан сўнг, 1995 йили давлат тили ҳақидаги бош ҳужжат янгиланди. Қонун матни ҳам, моддалар сони ҳам қисқарди, ундаги "рус тили" ва "миллатлараро муомала тили" бирикмаларининг ҳар бири бир донагача камайди.

Бироқ янги қонун ҳам таажжубли жиҳатлардан ҳоли бўла олмади.

Масалан, қонуннинг давлат органларида иш ҳамда корхона-ташкилотларда ҳисоб-китоб, статистика ҳужжатларини юритиш ўзбек тилида бўлиши лозимлиги ҳақидаги талаблари 1995 йилдан эмас, балки ўн йилдан сўнг кучга кириши Олий Мажлис томонидан ҳужжатлаштириб қўйилди.

Орадан ўн эмас, йигирма йил ҳам ўтди - қонуннинг бу талаблари ҳозир ҳам тўлиқ бажарилмаяпти: Ўзбекистондаги деярли барча ширкатлар расмий ҳисоб-китобни рус тилида юритади, кўпинча ҳукуматнинг муҳим қарорлари фақат рус тилида эълон қилинади, қарор иловаларининг ўзбекча таржималари расмий манбаларда ҳам чиқмайди. Бу - қонундаги бажарилмаётган талабларнинг бир қисми, холос.

Ислом Каримов томонидан имзоланган 1995 йилги қонунда давлат тили ҳақидаги янги ҳужжат зарурати сабабларидан бири сифатида "лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига мукаммал ўтишни таъминлаш" зикр этилган.

Тилнинг ажралмас бўлаги сифатида, ўзбек ёзуви ҳам ўзиниг серташвиш экани билан эътиборни тортади.

'Энг хунук лотин алифбоси'

Ўзбекистон раҳбарияти мустақилликка роппа-роса икки йил тўлганидан бир кун ўтиб, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисидаги қонунни қабул қилган.

Қонун "ўзбек ёзувининг лотин алифбосига ўтилган 1929-1940 йиллардаги ижобий тажрибасидан келиб чиқиб, кенг жамоатчилик вакиллари билдирган истак-хоҳишларини инобатга олган ҳолда" Ўзбекистоннинг ҳар тарафлама камол топиши ва "жаҳон коммуникация тизимига киришини жадаллаштирувчи қулай шароит яратишига хизмат қилиши"ни кўзлаб қабул қилинган.

Лотин ёзувига ўтиш ҳақидаги қонуннинг кетидан Ўзбекистон парламентининг тегишли қарори ҳам эълон қилинган. Бир неча бор, лекин одатда бир сабаб билан таҳрирланган бу қарорнинг охирги - 2004 йилги намунасида янги алифбога тўлиқ ўтишнинг сўнгги санаси қилиб 2010 йил 1 сентябрь кўрсатилган, бунда бош масъул қилиб бош вазир белгиланган. Лекин парламент қарори ижроси ҳали ҳам таъминланган эмас.

1993 йилги ўзбек лотин алифбоси турк алифбосининг айнан нусхаси эди, дейиш мумкин. Орадан икки йил ўтиб, қонун таҳрирланди, алифбо ўзгарди - "ц" ва (жирадаги) "ж" алифбодан чиқарилди, 1993 йил алифбосида бир ҳарф белги кўринишида бўлган "ч", "ш" ва "нг" "ch", "sh", "ng" каби ҳарфлар бирикмаси пайдо бўлди, битта белгидан иборат бўлган "ў" ва "ғ" энди ёнига алоҳида апостроф ҳам ёзиладиган "о" ва "г"га айланди.

21 йил аввалги мана шу ўзгаришлар бугунги тилшунослар, хаттотлар, таржимонлар ҳамда ёзув ва тил тақдирига бефарқ бўлмаган кишилар учун ҳақиқий бошоғриққа айланган, мамлакатнинг жаҳон коммуникация тизимига киришини секинлаштирувчи омиллардан деб ҳам айтилади.

"Дастурий маҳсулотларни таржима қилишда О' ва G' ҳарфлари ҳамда тутуқ белгиси яратаётган муаммолар тиқилиб ётибди. О' ва G' ҳарфларидаги тескари бир тирноқ белгиси сўзни иккига бўлиб юборади. O'zbekistonda деган сўзни индекслаганда o-zbekistonda бўлади. Дунёдаги ҳеч қайси алифбода бундай ҳолат, яъни алифбодаги ҳарфда тинич белгиси йўқ", - деб ёзади Hamza Foziljonov Фейсбукдаги мунозараларнинг бирида.

"Алифбо мукаммал бўлмай туриб, унга асосланган ёзувни мукаммал қилиб бўлмайди. Ишни алифбони такомиллаштириш, уни хатоликлардан тозалашдан бошлаш керак", - деб ёзган foziljonov.uz блоги ўзбек лотин алифбоси устидан интернетда бўлган жонли мунозараларни бирма-бир санаб чиққан.

Мунозара мавзулари орасида қисқартмаларни ишлатиш вақтида "sh" ва "ch" ҳарф бирикмалари мутлақо ноқобил бўлиши ("AQSh"ми ёки "AQSH"? Иккинчиси тўрт ҳарфли қисқартма бўлса-чи?"), лотинча "ў" ва "ғ" ҳарфларини ифодалаш учун қайси белгини ишлатиш кераклиги (апостроф, окина ёки тескари бир тирноқ?), ФҲДЁ, АЁҚШ, ЯИМ каби қисқартмалар лотинда битта "y" билан (FHDY, AYQSh, YIM) ёзилиши тўғрими ёки "ya", "yo", "yu" бўлиб (FHDYo, AYoQSh, YaIM) турфаланиши керакми?, кабилари бор.

'Sentabr' ёки 'sentyabr'?

Мунозаралар орасида ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиевнинг "Қайси бири тўғри: 'sentabr' ёки 'sentyabr'?" сарлавҳали чиқиши бор. У 2013 йилда Фанлар академияси қошидаги Тил ва адабиёт институти томонидан чоп этилган 85 мингдан ортиқ сўздан иборат "O'zbek tilining imlo lug'ati"да баҳс мавзусига айланган куз фаслидаги ойлар номи "sentabr", "oktabr" эмас, балки "sentyabr", "oktyabr" кўринишида ёзилганига диққатни тортган.

Луғат муаллифлари "институтнинг етакчи тилшунослари билан маслаҳатлашган ҳолда", рус тили орқали кириб келган ва таркибида "ё", "ю" ва "я" ҳарфлари бўлган русча ва байналмилал сўзларни барча ўринларда бир хил, яъни "yo", "yu", "ya" ҳарфлари билан ёзишни ва шу орқали соҳадаги ҳархилликни бартараф этишни энг мақбул йўл деб ҳисоблаганини билдирган.

"Барча сўзлар бир қолипга келтирилган бўлса, бу шубҳасиз фойдали иш. Аммо мазкур ўзгартиришларнинг ҳуқуқий асоси борми? Ўзи ўзбек тилининг имлосидаги қатъий қоидаларни давлат даражасида ишлаб чиқадиган ҳамда эълон қиладиган бирон ташкилот борми? 15-16 йил sentabr дейишди. Халқ энди ушбу қоидага кўниккан, шу қоидага амал қила бошлаган пайтда, бир гуруҳ тилшунослар sentyabr хулосасига келишиб, катта ҳажмда ва кўп босмада имло луғати чоп этишди. Балким 5-6 йил ўтиб Тил ва адабиёт институтига янги тилшунослар гуруҳи ишга кирса, яна sentabr вариантини қўллаб-қувватлашса, нима қиламиз?", - деб бу ҳолатга эътироз билдиради Хушнудбек Худойбердиев.

Мунозарага ўзини мазкур луғатнинг ношири сифатида таништирган Sanjar Nazar ҳам қўшилган: "Қабул қилинган имло қоидаларида "сентябрь" "sentabr" шаклида ёзилишига асос бўладиган бирорта ҳам қоида мавжуд эмас. Мутлақо бошқа ҳарфнинг имлоси ҳақида ёза туриб, "sentabr" қўлланган, холос. Агар бу ўзгаришнинг остида илмий принцип мавжуд бўлса, уни бемалол қабул қилиш мумкин. Яъни, янги имлодан эътиборан барча сўзлар талаффуз қилинганидек ёзилса. Масалан, "истанса", "истакан", "мошин".

"Ц" ҳарфи билан боғлиқ муаммо ҳам алоҳида баҳс мавзусига айланган. Фикр билдирувчиларнинг аксарияти "цех" сўзининг лотинча кўриниши ("sex")ни кўрганида, хаёли бузилишини ёзган. Эътиборли томони, 85 минг сўзлик луғатнинг муаллифлари ўзбек лотин алифбоси ишлаб чиқувчилари бу масалага жиддий қарамагани, "ц" ҳарфи иштирокидаги умуммаълум 3-4 сўз билан шошилинч хулоса чиқарилганини билдириб, ўзбек тилига бошқа тиллардан кириб, "ц" ўрнига "s" билан ёзилса, ўзга маъно англатувчи сўзлардан мисоллар келтирган ("цанга - sanga", "церий - seriy", "цоколь - sokol" ва ҳ.к.).

Бу каби баҳс-мунозаралардан чарчаган Azam A. Kamalov шундай дардиҳол қилган: "Ҳамма айб - шу алифбони тузганларда. Менимча, ҳозирги ўзбек лотин алифбоси дунёдаги энг хунук лотин алифбоси бўлса керак: на кроссвордга ярайди, на аббревиатурага".

'Навоийни ўқиган болалар'

Ўзбекистон матбуотида Давлат тили куни муносабати билан ўзбек тили ҳақида махсус чиқишлар уюштириш, мақолалар эълон қилиш 1989 йилдан бери одат. Жумладан, давлат ҳомийлигидаги "Оила даврасида" газетасида янги ташкил этилган Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Шуҳрат Сирожиддинов билан тил ва ёзув муаммоларига бағишланган катта суҳбат чоп этилган.

Ректор янги университет фаолияти, Навоий асарларини ўқиш учун нима учун луғат зарурлиги, кўча-кўйдаги рекламаларда, идоралараро ёзишмаларда қўпол хатолар кўзга тушишию, бунга қандай чора кўриш кераклиги ҳақида берилган саволларга бирма-бир жавоб берган. Саволлар орасида лотин алифбосидаги камчиликлар ҳам тилга олинган.

Шуҳрат Сирожиддинов Ўзбекистонда "Давлат тили ҳақида"ги қонунга амал қилинишини назорат этувчи ташкилот йўқлигини афсус билан қайд этиб, "тил меъёрларини бузганларни жавобгарликка тортадиган бўлимлар ташкил этиш вақти келгани"ни айтиб ўтган.

Тил ва адабиёт университети ректори алифбода "нг", "ц" товушлари учун махсус ҳарф берилмагани, журнал, жирафа каби ўзлашма сўзлардаги "ж" товушини янги алифбода ифода этиш имкони йўқлиги, баъзи сўзлар кирилл ва лотин имлосида икки хил ёзилиши борасида фикр билдирган.

"Бу савод чиқараётган ўқувчиларда ноқулайлик туғдирмоқда", - деган Шуҳрат Сирожиддинов. Унга кўра, "нг"ни билдирувчи бир ҳарф йўқлиги сабаб ўқувчилар den-giz, ko'n-gil кўринишида хато бўғин кўчирмоқда, "biotsikl", "biotsentr" каби ўзлашма сўзларни "биот-сикл", "биот-сентр" каби талаффуз қилмоқда.

"Амалдаги алифбога асосланган имло қоидаларимизни қайта ишлаб чиқиш муҳим ва айни кунда зарурий эҳтиёж ҳисобланади. Университетимизда тузилган махсус ишчи гуруҳ шундай таклифларни тайёрлаш борасида иш олиб бормоқда. Миллий талаффузимизда келиб чиққан ҳолда имло қоидаларига "ц" ундоши билан боғлиқ ўзгартириш киритилиши режалаштирилган", - дейди Шуҳрат Сирожиддинов.

Ўзбекистон билан бир вақтда имлосини кириллдан лотинга ўзгартирган Қорақалпоғистон 2009 йили ўз лотин алифбосини ислоҳ қилиб, жумладан, унга "ц" ҳарфини киритган.

Мустақилликдан кейин Ўзбекистон каби лотин алифбосига ўтиш йўлини тутган Озарбайжон ва Туркманистонда бу жараён ўтган асрнинг охиридаёқ якунига етган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.