Қозоғистон мактабларда ҳижобни тўла тақиқламоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи 365info.kz
Image caption Шу йил бошида ўқувчи қизларнинг ҳижоб ўрашлари ман этилганди

Қозоғистон таълим ва фан вазирлигининг билдиришича, 2017 йилнинг январидан эътиборан мамлакатнинг бошланғич ва ўрта таълим муассасаларида ўқувчи қизларнинг ҳижоб ўрашига тўлиқ тақиқ жорий этилади.

Бу ҳақдаги видеони BBCUZBEK YouTube каналида томоша қилинг.

Айни пайтда вазирлик мулозимларининг аниқлик киритишларича, ўқитувчилар ўқувчиларни ҳижоб ўрагани учун мактабдан ҳайдаб юбориш ҳуқуқига эга эмас.

Расмийларга кўра, бундай ҳолатларда мактаб маъмурияти ўқувчи қизнинг ота-онасини мактабга чақириши керак бўлади ва фақат она-оналаргина ўз фарзандларидан ҳижобни ечишни талаб қилишлари мумкин.

Жорий йил январида Қозоғистон таълим ва фан вазирлиги мактаб формаси билан боғлиқ ягона тартиб-қоидани ишлаб чиққан, унга мувофиқ, ўқувчи-қизларнинг рўмол ёки ҳижоб ўраб юришлари ман этилганди.

Аммо шунга қарамай, ўқувчи қизлар мактабга ҳижоб ўраб келишда давом этганлар.

'Таҳдид эмас'

Таълим вазирлигининг ҳижобга тўлиқ тақиқ жорий этиш режаси жамоатчилик вакиллари ва таҳлилчилар орасида таассуфларни уйғотган.

Уларнинг фикрича, ҳижоб ўраган қизлар Қозоғистоннинг дунёвий тузумига таҳдид солишмайди.

Диний масалалар бўйича эксперт Алибека Кимановнинг сўзларига кўра, ҳозирга қадар ҳижоб ўраган қизлар томонидан ҳеч қандай деструктив ҳаракатлар содир этилмаган.

"Агар қиз аъло баҳоларга ўқиса ва қонунга қарша ҳаракат қилмаса, уни нима учун чеклаш керак? Агар биз мактабларнинг ортидан ҳижоблиларни олий ўқув юртларидан ҳам ҳайдашни бошласак, унда жамоатчиликнинг диний жиҳатдан фаол бўлган қисми динга юз буради", дея қозоғистонлик таҳлилчининг сўзларидан иқтибос келтиради "Коммерсантъ" рўзномаси.

Айни пайтда Қозоғистон Бош прокуратураси Таълим вазирлигининг қарорини ҳимоя қилиб чиққан.

Today.kz нашрининг Бош прокуратурадан иқтибос келтиришича, ўқувчилардан мактаб формасига риоя этишни талаб қилиш уларнинг диний ҳуқуқларини чекламайди.

Бош прокуратура расмийлари "Диний фаолият ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонуннинг "шахснинг диний эътиқоди унинг Қозоғистон Республикаси Конституциясида белиланган мажбуриятларини адо этишдан бош тортишига асос бўлолмайди", мазмунидаги бандидан иқтибос келитрган.

Аввалроқ қозоқ матбуоти мамлакат ғарбидаги мактабларда юзлаб ўқувчилар радикал диний гуруҳларнинг қарашларини қабул қилганликлари, мўътадил Ислом билан "салафийлик" тарафдорлари ўртасида зиддиятлар келиб чиққани ҳақида ёзган.

Дин ва дунё

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев аввалроқ қозоқ қизларини ҳижоб ўрамасликки чақирганди.

Унга кўра, кўчманчи халқ бўлиб келган "қозоқлар ўзларининг маданиятларига амал қилишлари, Исломнинг сунний оқими шартларини бажаришлари ва араб кийими бўлган ҳижобларни киймасликлари лозим".

Аммо Қозоғистон мусулмонлари диний идораси муслималарнинг ҳижоб ўраш ҳуқуқларини ҳимоя қилиб чиққан.

2013 йилда айни масалада фатво чиқарган муфтиятга кўра, "ҳижоб ўраш мусулмон аёллар учун шарт ва Қозоғистоннинг дунёвий қонунларига мувофиқдир".

Қозоғистон расмийлари сўнгги йилларда мамлакатда юз берган қатор ҳужумларда диний радикалларни айблашган.

Бунинг ортидан ҳукумат диний экстремизм ва терроризмга қарши кураш бўйича давлат дастурини қабул қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.