Шавкат Мирзиёев: 'Одам урмаганман'

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy
Image caption Шавкат Мирзиёев раҳбар сифатида айнан Жиззахда тобланган, деб ишонилади

2000 йилнинг январида ҳукуматнинг йил якунларига бағишланган йиғилиши ҳар доимгидек, Вазирлар Маҳкамаси биносида эмас, балки Президент девонининг мажлислар залида ўтказилди. Бир йил аввал худди шундай йиғилиш ўтадиган кун ҳукумат уйида портлашлар юз берган, расмийларга кўра, Президентга суиқасд уюштирилганди. Эҳтимол, худди шу манзарага тўғри келиши учун ҳам бошқа бинода ўтказилгандир йиғилиш. Бу ёғи бизга қоронғу.

Мажлислар зали шинам, айни пайтда кичкиналигидан биз журналистлар ҳатто мулозимларнинг юзи қизарганигача кўриб турардик.

Каримовнинг кайфияти йўқмиди, вазирлар ва ҳокимларнинг бир чеккадан "пўстагини қоқди". Ҳатто ўзининг энг ишонган маслаҳатчиларидан Вячеслав Голышевга ҳам танбеҳ берди. Аммо сўз навбати Бош вазир ўринбосари Рустам Азимовга келганида, Каримовнинг юзи бирдан яшнаб кетди, мажлислар зали ҳам ёришиб кетгандек туюлди. "Яхшиям, ораларингда Азимов бор экан. Ҳукуматда ишлайдиган битта одам шу. Билмадим, агар Азимов бўлмаса, республикада аҳвол нима бўлар экан", дея сўзни Рустам Азимовга берди ва нотиқнинг маърузаси тугагач, уни яна оғзидан бол томиб мақтади. Шунда ёнимда ўтирган кекса журналист Вилор Ниязметов секин мен томонга эгилиб, "Рустам тамом бўлди", деди русчалаб. Вилор ака ўз вақтида депутат бўлган, Каримов билан яқиндан ишлаган, Ўзбекистоннинг "сиёсий ошхонаси"ни яхши биладиган одам эди. "Мен нега унақа деб ўйлайсиз?" деб сўрадим. "Ислом аканинг феълини яхши биламан, - дея давом этди у пичирлаб. Рустамни бўриларнинг олдига гўшт ташлагандек ташлади. Энди уни ғажиб ташлашади. Агар омон чиқса, келажаги бор. Бўлмаса, битди..." деди Вилор ака тагдор қилиб. Ҳатто эссиз, дея Азимовга астойдил ачингандек, калласини сарак-сарак қилиб ҳам қўйди. Гап орасида Каримовнинг ўзи ҳам биз ўтирган томонга қараб, "ана, Ниязметовнинг тажрибаси катта, яхши билади, тўғрими, жаноб Ниязметов?", дея луқма ташлаб қўйди.

Рустам Азимов Вилор ака айтган "бўрилар"нинг ҳужумидан омон чиқдими, чиқмадими, бу ҳақда эҳтимол, ҳали ҳам хулоса чиқаришга эртадир, аммо мажлисда йиллар ўтиб, бутун бу ҳужумлар-у,"гилам остидаги" курашлар ёки сарой ўйинларидан омон чиқадиган бир одам бор эди. У ҳам бўлса, Шавкат Миромонович...

Мен бу йиғинда Шавкат Мирзиёевни узоқроқдан кўрдим. Кўзга ташланиб тургани учун эмас. Йўқ. Мирзиёев жуссаси кичик, қолаверса, у пайтлар ўрта бўғин амалдорлардан, мавқеъ жиҳатдан ҳам кўзга ташланадиган одам эмасди. Мен уни узоқдан таниб олдим. Танишишимиз эса, ҳукуматнинг бу мажлисидан бир ярим йилча аввал, Жиззахда юз берганди...

1998 йилнинг кеч кузида Жиззахдан бир-биридан хавотирли хабарлар кела бошлади. Улардан иккитаси бевосита вилоят ҳокимининг номи билан боғлиқ, ҳоким мактаб директори ва фермерни шахсан дўппослагани ҳақида эди. Хабарда дўппосланганларнинг жароҳатлангани ва шифохонага тушиб чиққани айтилганди. Аммо хабар битта манбадан, уни текшириш ва тасдиқлаш керак эди. Мен шахсан ҳокимнинг одам уришига ишонмаганимдан ва хабарнинг манбаси ҳам заифлигидан аввалига Жиззахга боришга иккиландим. Аммо сўнггида барибир бориб, хабарни текширишга аҳд қилдим. Ҳеч қурса, қишлоқдаги одамларнинг муаммоларини ўрганиб келаман, деган фикрда Жиззахга йўл олдим. Мавзу нозик бўлгани учун Жиззахдаги дўстларимга хабар бермаган, ими-жимида бориб қайтаман, деб фикр қилгандим.

Ноябрнинг охири, совуқ тушган, кунлар қисқариб қолганди. Менинг қўлимда дўппослангани айтилган форишлик мактаб директорининг тахминий манзилидан бўлак ҳеч нарса йўқ эди. Форишга етгунимча қош қорайди. Йўлда биз ўтирган машина бузилиб, бошқа йўловчи машинани тутишга тўғри келди. Бу машина ҳайдовчиси аёл киши эди. Менимча, Форишда уни кўпчилик танирди. Менинг ҳамроҳларим у билан тоғдан-боғдан, улоқдан-туёқдан гаплашиб кетишди. Мен ҳокимдан сўз очмоқчи бўлиб, бир-икки оғиз жуфтладим, аммо ўзим ва сафардан мақсадимни фош қилишдан қўрққаним учун индамай қўяқолдим. Машина алмаштирганимни бир ҳисобда, "конспирация" учун яхши бўлди, деб ўйладим. Фориш марказидан унча узоқ бўлмаган бир ерда машинада тушиб, қир ён бағирлаб, айтилган қишлоқни топиб бордим. Қишлоқ кичкина, унда ўқитувчи ҳам кўп эмас экан. Сўраб-сўраб, ҳокимдан калтак егани айтилган ўқитувчининг уйини топиб бордим. Уйда на девор, на дарвоза бор эди. Ҳовлининг ўртасида бир аёл билан қизалоқ ўчоққа ўт ёқиш билан овора эди. Узоқдан салом бериб, ўзимни таништирдим ва домла билан гаплашмоқчи эканимни айтдим. Уйнинг хўжайини уйда йўқ эди, уйга кириб туринг, дейишди. Мен хонадонда эркак киши йўқлигидан ҳижолат қилиб, кўчада турақоламан, дедим. Орадан 15 дақиқа ҳам ўтмади, ўрта ёшлардаги зиёлинамо бир киши ўзи қатори ҳамроҳи билан эшик олдида тўхтади. "Келинг меҳмон", - деди мен томонга қараб. Мен саломлашгач, ўзимни таништирдим ва нима учун келганимни ҳам юмшоқроқ бир оҳангда айтдим. Бирдан у одамнинг юзидаги ифода ўзгарди ва "бўлмаган гап" деди. "Сизга нотўғри етказишибди...". Аммо кўзимга қарамасди. Кўзини олиб қочганида ғира-ширада бўлса ҳам, ё кўзи ёки кўзининг атрофи қизаргандек кўринди менга. Орага жимлик чўкди. Мен бу ҳақда хабар қилиш учун келмаганим, фақат хабарни текшираётганимни айтиб, суҳбатдошни яна гапиртиришга ҳаракат қилдим. Аммо уй эгасининг суҳбатлашишга ҳафсаласи йўқ эди. Лекин ёнидаги киши "меҳмон бўлинг" дегандек қилди. Мен кеч кириб қолгани, Тошкентга қайтишим кераклигини айтиб, узр сўрадим. Хайрлашаркан, хавотирга тушиб қолган ўқитувчини тинчлантиришга ҳаракат қилдим. "Мен келганим учун сизни безовта қилишса, айтинг", деб телефон рақамимни қолдирмоқчи бўлдим. Аммо уй эгаси ўзининг олдида ҳатто телефон рақамимни ёзиб беришимни ҳам истамаётгани кўриниб турар, тезроқ кетишимни кутарди. Изимга қайтдим...

Йўл-йўлакай, ўтин, тезак ортиб бораётган одамлар билан суҳбатлашдим. Газ, сув муаммолари ҳақида гапиришди. Ёзиб олдим. Фориш марказига келганимда, йўл бўйидаги, чойхонами, кичикроқ ошхонада одамлар билан яна айни муаммолар ҳақида гаплашдик. Бу ердагилар анча дадилроқ эди. Гап орасида ҳокимдан калтак егани айтилган ўқитувчи ва фермер ҳақида ҳам сўрадим. Биз ҳам эшитдик, дейишди, аммо аниқ исм-шарифи ва манзилини ҳеч ким билмасди. Мен Тошкентдалигимда жиззахлик журналист дўстларим ёки ҳуқуқ фаоллари билан боғлансам, эҳтимол, ишим бироз енгиллашарди. Аммо уларнинг телефонлари эшитилади ва ҳокимнинг одамлари билса, ҳалақит беришлари мумкин, деган андишада бир ўзим киришгандим. Устига, сафар бир кунлик ва эртаси куни муҳим тадбир учун Тошкентга етиб боришим керак эди. Яна йўловчи машинага ўтириб, аввалига Жиззах шаҳрига йўл олдим.

Шаҳар автобекатига етиб келиб, Тошкентга кетаётган йўловчи машиналардан бирига ўтирган эдимки, қўл телефоним жиринглади. Телефонда менинг жиззахлик дўстим, вилоят телевидениесида раис ўринбосари бўлиб ишлаётган курсдошимнинг овози янгради. "Ҳа жўра, бизга айтмасдан келиб-кетадиган бўпсанми Жиззахга?" деди дўстим мендан гина қилиб. Мен хизмат сафари билан шошилинч келганим, шаҳарга кирмай қайтаётганимни айтиб, узр сўрадим. Дўстим "биламиз, ҳаммасидан хабаримиз бор, сен қайтишга шошмай тур, кўришамиз", деди. Мен ҳайрон қолдим. Тошкентдан туриб бу ҳақда ҳеч ким билан хатто телефонда ҳам гаплашмаган, Форишга бориб-қайтгунча ортимдан биров кузатганини ҳам сезмагандим. У пайт ҳали мобил телефонлари ҳам оммалашмаган, бугунгидек, одамнинг қаердалигини билиб олиш унчалик осонмас эди. Аммо англашилгани-менинг ҳар бир қадамимни кузатишган, керакли идоралар сафардан хабар топган эди. Мен дўстимнинг ниманинг ҳаракатида эканини чамалаган ҳолда, "дўстим, мен хизмат сафари билан келдим, чойни бошқа пайт ичамиз, бу сафар кўришолмайман", дедим. У бўлса, тўғри мавзуга ўтди. "Менга қара жўра, - деди чапани оҳангда. Сенлар айтасан-ку, ҳамма томоннинг фикрини эшитамиз, деб. Ҳоким урди, деганларни эшитган бўлсанг, энди ҳокимнинг ўзини ҳам эшит-да". Дўстим мени жон жойимдан ушлаганди. Иккинчи томоннинг фикрини эшитиш таклифи менга маъқул эди. Ҳатто хабар тасдиқланмаган бўлса ҳам, мен ҳокимнинг ўзидан бу ҳақда сўраб олишим мумкин эди. "Шавкат ака сени кабинетда кутиб ўтирибдилар, биз 10 дақиқада етиб борамиз" деди дўстим ва телефонни қўйди. Орадан 10 дақиқа ҳам ўтмай, у хизмат машинасида дарвишларга ўхшаб узун соч қўйган бир киши билан етиб келди. Кейин билсам, бу одам дўстимнинг бошлиғи, Жиззах ТВ сининг раҳбари, ёзувчи Туроб Мақсуд экан. Биз Туроб ака билан яқиндан танишишга ҳам улгурмай, бир зумда вилоят ҳокимияти биносига етиб бордик. Бу пайт соат кечки 10 ларга яқинлашиб қолган, бинода 2-3 кишидан бошқа одам йўқ эди. Бизга ҳокимнинг ёрдамчиси пешвоз чиқди ва ҳокимнинг кабинетига таклиф қилди. Энди кириб ўтиргандик, эшикдан жуссаси кичиккина, калта қора пальто кийган, оёғида ё қишки туфли ёки этик кийган ўрта ёшлардаги ҳоким кириб келди. У менга худди тўғри даладан келаётгандек туюлди. "Келинг, хуш келибсиз Жиззахга, ўтиринг", деди Мирзиёев. Мен "раҳмат, хуш келдимми, хуш келмадимми, аммо келганимни ҳеч кимга айтганим йўқ эди", - дедим, қаердан билақолдиларинг, дегандек. "Хабарим бор, - деди Мирзиёев. Сизни эшитаман". Мен ҳам тўғри мақсадга ўтдим. Ортиқ Форишга борганимни, одамлар билан учрашганимни яшириб ўтиришдан маъни йўқ эди. "Пахта кампанияси маҳали бир ўқитувчи ва яна бир фермерни урганингиз ҳақида маълумот бор. Шуни текшираяпмиз", - дедим. "Хўш, бориб гаплашибсиз, тасдиқландими?" деб сўради ҳоким. Мен "тасдиқланмади, аммо одамлар қўрқитилгандек туюлди менга", - дедим умумийроқ қилиб. "Ҳеч ким қўрқитмаган. Мен ҳеч кимни дўппосламаганман аслида. Бу гапларнинг ҳаммаси иғво", - деди Мирзиёев. Унинг оҳанги анча қатъийлашганди. "Унда бу гаплар қаердан чиқади? Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди", - дедим мен ҳам. "Сиз Жиззахни билмайсиз ука, - дея ёзғирган оҳангда сўзини давом эттирди Шавкат Миромонович. Бу гапларнинг ортида Жиззахнинг олдинги ҳокими турибди. Ҳаммасини ўшанинг одамлари тарқатган". Мен "нима учун бунақа гапларни тарқатсин, ҳокимликдан кетган бўлса", -дедим ўзимни гўлликка солиб. "Ҳамма гап шунда-да, - дея тушунтира кетди у, ўзи кетган бўлса ҳам, одамлари ишлаяпти, ҳамма ерда қулоқлари бор, уларнинг ҳам ишдан кетиб қолишини истамайди. Манфаатдор. Мен бўлсам, ҳаммадан иш талаб қилаяпман. Ёқмайди, албатта. Чунки аввалги раҳбарнинг даврида ишламай, тишлаб ўрганиб қолган ҳаммаси", - деди у.

Шундан сўнг Жиззахнинг ўзига хос шароитлари, жумладан, вилоят азал-азалдан дотацияда экани, уни давлатга фойда келтирадиган, ҳеч қурса, ўз-ўзини таъминлайдиган минтақага айлантириш кераклиги, чўл ҳудудида пахта етиштиришнинг машаққатлари, ишчи кучи, меҳнат заҳираларининг етишмаслиги ҳақида сўзлади. Мен мактаб ўқувчиларининг чопиқ, пахта теримига жалб этилиши ҳақида ҳам сўрадим. У буни рад этди. "Яқинда бошқа вилоятлардан ҳашарчиларга ҳам ҳожат қолмайди. Қишлоқ хўжалик техникасини қайта тиклаяпмиз", - деди. Мен яна мақсадга қайтиб, "ўқитувчи ё фермерни урмаган бўлсангиз, қўл остингиздаги одамлардан биронтасини урган чиқарсиз", дедим. У "ҳеч қачон, ҳеч кимни урмаганман", деди қатъий оҳангда. "Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, ҳаётимда бировни урмаганман". Мен Жиззахга келишдан олдин Мирзиёев ҳақида бироз маълумот тўплашга ҳаракат қилган, шу орада унинг, адашмасам, Бокс Федерациясининг аъзоси эканини аниқлагандим. "Унда Бокс Федерациясида нима қилиб юрибсиз?" дедим. Мирзиёев кулди ва "нима, боксни яхши кўрса, албатта бировни уради дегани бўладими?" деди. "Ким сизга характеристика бера олади?" деб сўрадим. "Ким берсин, Жиззахда хоҳлаган одамингиз билан бориб гаплашишингиз мумкин, - деди у ва шу заҳотиёқ, хоҳласангиз, мактабда менга рус тилидан дарс берган ўқитувчим билан гаплашинг", - деди. Ҳаёлига келган фикрдан ўзи ҳам хурсанд бўлиб кетгандек туюлди менга. Мен майли, деб, адашмасам, исм-шарифидан рус ёки татар миллатига мансублиги англашилган ўқитувчининг телефон рақамини дафтарчамга ёзиб олдим. Телефон қилиш ниятим йўқлигини ўша ондаёқ англагандим. Чунки албаттаки, сенга телефон бўлади, деб олдиндан огоҳлантириб қўйиларди. Бечора нафақахўр ўқитувчи, ҳоким ўқувчисини мақтамай, нима қилсин. Эринмай, ёзиб олишимнинг сабаби, ҳали бу мавзуни ўрганиш ниятидан воз кечмаганимни кўрсатиб қўйиш эди. Шу билан урган-урмаган мавзусига уч нуқта қўйиб, мавзуни ҳокимият ва маҳаллий гуруҳларга бурдим. Ўша пайт Ўзбекистоннинг амалда иккинчи раҳбари ҳисобланган Бош вазир ўринбосари Исмоил Жўрабеков янги ишдан олинганди. Республикадаги кадрлар, жумладан, вилоятларнинг раҳбарлари орасида Жўрабековнинг одамлари кўп, деб ишониларди. Мен Мирзиёевдан "сиз кимнинг одамисиз, Жўрабековнингми, Каримовнингми?" деб сўрадим. У бўлса, "вилоят ҳокимини ким тайинлайди?" дея саволимга савол билан жавоб қайтарди. "Расман Президент", - дедим мен. "Президент бўлса, демак, мени ҳам Президент тайинлаган", деди у. Аммо табиийки, кланлар, ҳокимият ичидаги гуруҳлар ҳақида гапиришни истамади. Суҳбатимиз икки соатдан кўпроқ давом этди ва тўғриси, Мирзиёев менда сиёсий амбицияси бор, юксакларга кўз тиккан одамдек таассурот қолдирмади. Қайтага, ҳокимлик лавозимидан мамнун, бу лавозимни йўқотиб қўймаслик учун астойдил тиришаётган одамдек кўринди. Эҳтимол, адашгандирман. Эҳтимол, Мирзиёев сиёсий амбицияларини яхшилаб яширган, шунинг учун ҳам ҳокимиятда яшаб қолгандир. Эҳтимол, жиззахлик ҳуқуқ фаоллари ва мустақил журналистлар айтганидек, фақат сиёсий интилишлари эмас, балки бу интилишлар йўлида тўғаноқ бўлиши мумкин бўлган бошқа нарсаларни ҳам усталик билан яширишга муваффақ бўлгандир. Мен унинг одам ургани ҳақидаги хабарларни кейин ҳам текширишда давом этдим. Бу билан маҳаллий фаоллар ҳам шуғулланишди. Аммо биз "Мирзиёев мени дўппослади" дея даъво қилган одамни топмадик. Орадан кўп ўтмай, Мирзиёев Самарқандга ҳоким этиб тайинланди ва Самарқанддан бунга ўхшаш хабарлар олганимиз йўқ. Аммо 2003 йилда, Мирзиёев Бош вазир этиб тайинланганидан кейин ҳокимларнинг қўл остидагилар ва фермерларни дўппослаши бутун мамлакат бўйлаб эпидемия сингари ёйилди. Менда буни Мирзиёев санкциялаган, дейишга асос бўладиган далил йўқ. Аммо бу каби тажриба на Бош вазир ва на Президентда эътироз уйғотмагани рост. Ҳозирда ҳам Бош вазир ва ҳам амалда Президент бўлган Шавкат Мирзиёев бошқарувда ислоҳотлар қилишнинг зарурлигини таъкидлаётган экан, бу каби тажрибага ҳам барҳам берилади, деб фақат умид қилиш мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.