Нима учун Ўзбекистон Корея эмас?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek
Image caption Пусандаги Марина бандаргоҳи

Табиий бойликлардан маҳрум бўлган Жанубий Корея иқтисоди инсоний ресурсга таяниб ривожланмоқда. У дунёда саноати энг юқори ривожланган 11 мамлакат ичига киради. Бироқ бундай юксак юутуқларга қашшоқ мамлакатдан Корея бор йўғи бир авлод умри давомида эришишга мувафақ бўлган. Кореяга илк сафардан олинган хулоса шуки - давлат инсоннинг қадр-қимматини яхши тушунади ва инсоннинг обрўсини сақлаш, инсонни ноқулай аҳволга қўймаслик учун иложи борича ҳаракат қилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek
Image caption Пусан, тунги ҳаёт.

Жамоат транспорти

Сеул ва Пусан метролари дунёдаги энг гавжум метролардан саналади. 1970-йилларда бошланган метро қурилишига корейс муҳандислари амалий ва прагматик ёндашувни қўллаганлар. Яъни, меъморчиликда ортиқчаликларга йўл қўйилмаган. Ҳар бир бекат номидан ташқари ўзига хос рақам ва ранг билан белгиланган. Бекатларда хариталар ва керакли маълумотлар инглиз тилида ҳам тақдим этилади. Метрода ўрнатилган тартибга ҳамма риоя қилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC uzbek
Image caption Сеул темир йўл ва метро бекати

Поезд эшиклари очилиши мумкин бўлган жойлар бўёқ билан чизиб қўйилган. Шу жойларда йўловчилар навбат тузишади. Поезд платформага етишига бир-икки сония қолганда классик мусиқа ўйнашни бошлайди. Мусиқани эшитгач, йўловчилар тезроқ платформага тушишга ҳаракат қиладилар. Поезд ҳаракатланиши билан мусиқа ҳам тўхтайди. Вагонларнинг ичи кенг ва ёруғ, вагонда овқат ейиш, ичимлик ичиш мумкин эмас кўринади. Ҳаммаёқни ялаб тозалашганми, дейсиз.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek
Image caption Сеул метроси

Ҳар бир вагонда телевизор осилиб туради. Ўтиб кетган метро бекатларининг харитаси ёниб туради ва бундан ташқари бекатлар тўрт тилда эълон қилинади: корейс, инглиз, хитой ва япон тилларида. Бу ҳам -таълимнинг бир йўлидир. Метродан чиқиш йўлаклари рақамланган ва бу жуда ҳам қулай. Йирик мураккаб бекатларда 15 тагача чиқиш йўллари бор. Назоратчилар умуман кўринмайди. Бутун тизим - йўловчиларнинг ҳалоллигига таянган.

Ер остидаги ҳаёт

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek
Image caption Ер ости савдо маркази, Пусан

Метронинг баъзи ўтиш йўлакчалари ва бекатларида қатор дўкончалар ва йирик савдо марказлари жойлашган. Ер ости йўлакчалари бир неча километрга чўзилган. Кенг ва ёруғ йўлакларнинг икки четида йўловчилар учун супермаркетлар, қаҳвахоналар ва фонтанлар ишлаб турибди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek
Image caption Ер остидаги фаввора

Бундай ер ости шаҳарчалари билан маҳаллий ҳукумат аҳолининг ҳаддан кўплиги муаммосини ҳал этишга ҳаракат қилаётгани кўринади. Гиннес рекордлар китобига киритилган «Шинсеге Сентум Сити» савдо маркази -Пусан шаҳри ичидаги ҳақиқий алоҳида бир шаҳар...

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek
Image caption «Шинсеге Сентум Сити» савдо маркази, Пусан

Ўн тўрт қаватли марказга кирган ҳар бир киши нафақат харид қила олади, балки турли ресторан ва фуд-кортларда овқатланиб, муз саройи ва бошқа спорт майдончаларида жисмоний машқ қилиб, СПА сауналарида ҳордиқ чиқарса ҳам бўлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek
Image caption «Шинсеге Сентум Сити» ичидаги муз майдони

Унинг ер остидаги тўрт қаватида эса харидорлар учун ерости автомобил қўйиш жойлари ва савдо дуконлари ҳам жойлашган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek
Image caption Метро йўлакчалари

Корея - бозор ўлкаси

Бозорлар бир-бирига уланиб давом этган, худди ҳудудсиз майдонга ёйилиб кетгандек. Юравериб, юравериб ҳам кети йўқ бозорларни бир кунда айланиб чиқиб бўлмайди. Шаҳар ичидаги бозорлар бошқа қисмларидан ажратилмаган, кўчаларда юриб, бозорнинг ичига билмасдан кириб кетишингиз мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek
Image caption Пусандаги Гукже бозори

Улгуржи ва чакана, бир-биридан чиройли балиқ бозорлари, бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари бозорлари, турли моллар бозорлари - буларнинг кети йўқ. Тўлиб кетганлиги ва гавжум бўлганига қарамай, бозорлар ўз-ўзини бошқаради.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek
Image caption Пусандаги Чагалчи балиқ бозори

Замонавий супремаркетлардан кўра бозорлар қадимги Кореянинг илиқ уй муҳити билан ажралиб туради. Улар эски замондан қаерда пайдо бўлган бўлса, ўша ерда ҳамон ва кечки пайт бўлса ҳам фаолият юритаётган кўринади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek

Эҳтимол, уларни тартибга солиш уринишлари бўлгандир, бироқ кундалик ҳаётда бозорлар ичида биронта полиция ходимини учратганимиз йўқ. Шунга қарамай, бозорларда тартиб бузилмайди ва энг қизиғи - ҳар ерда тезкор интернет алоқа тармоғи Wi-Fi сигнали бемалол!

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek

Микропроцессорли ҳожатхоналар

Жамоат ҳожатхоналарининг аҳволини Корея маданиятининг белгиси деб айтиш мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek

Биринчидан, эллик миллион атрофидаги аҳоли учун туалетлар ҳаммабоп ва бепул. Улардан одамлар бемалол пул тўламасдан фойдаланишлари мумкин. Иккинчидан, туалетларда замонавий технология қўлланилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek
Image caption Бошқариш пульти

Юз фоиз бўлмаса ҳам, унитазларнинг аксари бошқариш пульти билан жиҳозланган. Истинжони ҳар томонлама бажариш учун турли операциялар мавжуд. Пульт орқали сувнинг ҳарорати ва шиддатини тўғрилаш мумкин. Бунинг устига privacy деган функцияси ҳам бор. Уни босганда, ҳожатхона шаршара товушларига тўлиб кетади. Яъни, инсонни ноқулай аҳволга солиб қўймасликка шу қадар эътибор берилган. Жамоат ҳожатхонаси ҳар қадамда жойлашгандек кўринади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek
Image caption «Шинсеге Сентум Сити» савдо марказидаги ҳожатхона

Баъзиларининг тозалиги ва дизайнини кўриб, инсон ўзини худди санъат галереясига кириб қолгандек ҳис қилади. Корейслар комфортни жуда яхши кўрадилар. Шунинг учун ҳожатхоналарини ҳам инсон ҳаётини қулай этувчи майда-чуйдалар билан жиҳозлашган. Чунки ҳамма ҳожатхонадан фойдаланади. Нима учун уларни чиройли ва қулай қилмаслик керак?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek

Йирик савдо марказларида жойлашган баъзи ҳожатхоналар бир неча зонага, ҳаттоки пардоз-андоз қилиш учун зонасигача, бўлинган . Мисол учун, қўл ювиш зонасида иссиқ-совуқ сув, совун, қўл лосьонидан ташқари оғиз чайиш учун диспенсер ҳам деворга ўрнатилган. Оғиз чайиш суюқлигидан совун, лосьон ва қоғоз сочиғи сингари бепул фойдаланиш мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek

Замонавий корейслар, айниқса ёшлар орасида, оғиз ва тиш гигиенисига риоя қилиш кучайган. Бу ҳам инсоннинг ўзига бўлган ҳурматининг аломатидир!

Шийпонларда ўтирган онахонлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek

Хонтахта атрофида ўтиришга ўрганган корейслар учун гоҳ шаҳар бўлсин, гоҳ қишлоқ, кўп жойларда скамейкалар ёки айвонли супалар ўрнатилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek
Image caption Пусан бандаргоҳи

Пусан шаҳрининг икки километрга чўзилган данғиллама Ҳэундэ пляжида ҳам энг узун скамейка ўрнатилган бўлиб, оддий корейслар (чет эл саёҳлари эмас!), уларда дам олаётганлари ёки ётганларини кўриш мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek
Image caption Пусаннинг Ҳэунде пляжи

Ҳеч ким уларни ҳайдамайди. Кўп жойларда кўк пиёзми ёки кўк баргларни бир-биридан ажратиб ўтирган кекса аёлларни учратасиз. Ҳаттоки замонавий осмонўпар бинолар қад ростлаган шаҳарнинг ҳашаматли марказида ҳам шийпонлар ичида ўтириб олиб, опахонлар бўхчалрида олиб келган кўм-кўк ўтларини териб ўтирганларини кўрдик. Уларни ҳеч ким бундай данғиллама жойлардан қувмайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek

Ҳа, айтганча, одамларнинг жисмоний саломатлиги ҳақида қайғурган ҳукумат кўчаларда тренажёрларни ўрнатиб қўйган. Бундан ташқари, ҳаёт қулайлиги туфайли узоқ умр кўраётган кексаларни компютер ўрганиш ёки бошқа машғулотлар билан банд этиш мақсадида давлат улар учун турли бепул тўгаракларни ташкиллаштирган. Мана буни ҳақиқий амалий жонкуярлик ва ғамхўрлик деб атаса бўлади!

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek
Image caption Пусан санъат музейи

Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги ўхшашликлар

Корейс халқи -болажон халқ. Ҳар бир ота-онанинг ўз фарзанди учун жони ҳалак. Токи бола ўн олти ёшга киргунча.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek
Image caption Сеул шоҳ кўчаси ўртасидан оқаётган Чхонгечхон ирмоғи

Ўз ота-онаси, улуғ ёшдаги инсонларга иззат-эҳтиром кўрсатиш -корейсларнинг қон-қонига сингиб кетган ва буни яширмайдилар. Ғарб маданиятини қабул қилганлари билан миллий урф-одатларидан воз кечишмаган. Ёшларнинг катталардан олдин таомга қўл узатмаслиги. Ёки уйга киришда пойафзални ечиб кириш.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek

Ҳаттоки баъзи емакхоналарга киришдан олдин ҳам мижозлар пойафзалларини ечиб кирадилар. Умуман уйда пойафзалда юрмаслик - бу Кореядаги асосий одоб-ахлоқ қоидасидир.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK
Image caption Сеул ресторанларидан бири остонаси

У ерда бўлганингизда бош эгиб таъзим қилишни ўрганишингиз керак.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek
Image caption Бош эгиб таъзим этиш - маҳаллий одоб-ахлоқнинг қоидаларидан бири

Мижоз билан муомала қилаётганда корейслар икки қўл билан нарса узатишади. Ўнг қўл билан узатганда ҳам, худди чап қўли билан ўнг тирсагини ушлаб турган ўзбек келинчаклари каби, узатишади. Бундай муомалани ёши катта бўлган одам ва қариндошларга ҳам қўллашади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek

Хуллас, мижоз бўласизми ёки оддий инсон - сизга чексиз илтифот кўрсатилади.

Агар ўз қадр-қимматингизни билмоқчи бўлсангиз - Кореяга сафар қилинг!

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

◾ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

◾Instagram - BBC UZBEK

◾Twitter - BBC UZBEK

◾Odnoklassniki - BBC UZBEK

◾Facebook - BBC UZBEK

◾Google+BBC UZBEK

◾YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

◾Skype - uzbekbbclondon

◾bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.