Томас Шэннон Ислом Каримов қабрига гул қўйди

Томас Шэннон Ислом Каримов қабрига гул қўйди Фото муаллифлик ҳуқуқи fb.com/usdos.uzbekistan

АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Томас Шэннон Ўзбекистонга сафари доирасида Самарқандга ҳам ташриф буюрган.

Жума куни Давлат департаменти расмийси Самарқандда Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтириб, қабрига гул қўйган.

АҚШ вакилига Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазири Абдулазиз Комилов, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен ва Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Даниел Розенблюм ҳамроҳлик қилган.

Жаноб Шэннон Самарқандда бошқа тарихий обидаларни ҳам бориб кўрган.

Томас Шэннон Марказий Осиёга сафарини 24 октябрда Қозоғистондан бошлаган. Сўнгра Бишкекда бўлган. 28 октябрда Тошкентда Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан музокаралар ўтказиб, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-инсонпарварлик ва бошқа бир қатор соҳаларда икки томонлама муносабатларни муҳокама қилган.

Жорий йилда Томас Шэннон Нью Йоркда ўтган БМТнинг 71-сессиясида Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашган эди.

Дастлаб хабар берилганидек, икки мамлакат расмийлари С5+1 формати (Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ) бўйича халқаро ва минтақага доир масалаларни ҳам муҳокама этганлар.

Бундан ташқари, жаноб Шэннон Ўзбекистонда бўлажак президентлик сайлови демократик тамойилларга мос тарзда ўтказилишига умид билдирган.

АҚШ Давлат котиби ўринбосари бир кун олдин Бишкекда ҳам бу хақда тўхталиб, Вашингтон Ўзбекистоннинг бўлажак ҳукумати билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини қайд этган эди.

Азимжон Асқаров ишида ўзгариш бўладими?

АҚШ Давлат котибининг Марказий Осиёга ташрифи 2010 йилда Қирғизистондаги этник низоларга алоқадорликда айбланиб умрбод қамалган Азимжон Асқаров иши қайта кўриб чиқилаётган вақтга тўғри келган.

Томас Шэннон Бишкекдаги учрашувда ўзбек фаол Азимжон Асқаров масаласига ҳам тўхталган. АҚШ ҳамиша адолат ва демократия тарафдори бўлиб келганини айтган.

"Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш дипломатик миссиямизнинг энг асосий қисмидир. АҚШ мустақиллигини эълон қилганида мамлакатда яшовчи ҳар бир одамнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади, деган принципларга таянган. Шундан келиб чиққан ҳолда, ким бўлмасин ҳар бир одамнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиб келамиз", -деган у.

АҚШ вакилининг ташрифи Асқаров маҳкамаси натижасига қанчалик таъсир қилиши номаълум.

21 апрелида Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси экспертлари 2010 йил ёзидан буён ҳибсда қолаётган Азимжон Асқаровни озод этишга чақириқ билан чиқиши орқасида унинг иши маҳкамада қайта кўриб чиқилмоқда.

АҚШ ҳамда Оврўпо Иттифоқи, қатор халқаро ва маҳаллий инсон ҳақлари фаоллари Азимжон Асқаровга чиқарилган маҳкама ҳукмидан ўз норозиликларини билдирганлар.

Кузатувчиларга биноан, С5+1( Марказий Осиё 5 давлати ва АҚШ) америкаликларга Марказий Осиёдаги ҳар бир мамлакатнинг позициясини тасаввур қилишга имкон беради.

Шу боисдан, бу сафар АҚШнинг иштироки Қозоғистон, Қирғизистон ёки Ўзбекистондан кўра нисбатан камроқ бўлган Туркманистон ва Тожикистонга ташриф режалаштирилмаган.

АҚШ Давлат котибининг Марказий Осиёга ташрифи 29 октябрда якунланиши хабар қилинган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.