Мирзиёев 'оддий сайловчилар билан учрашмаяпти'

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

4 декабр куни ўтадиган Президент сайловларида асосий номзод Шавкат Мирзиёев сайловолди учрашувларини Фарғона водийсидан бошлаган.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси тарқатган хабарда айтилишича, жаноб Мирзиёев 1-2 ноябр кунлари Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида бўлган.

Расмий хабарда сайловчилар билан учрашувларнинг видеоконференция тарзида ўтказилгани ва унда "барча туман марказларида йиғилган сайловчилар билан очиқ ва жонли мулоқот бўлгани" айтилади.

Жаноб Мирзиёев сайловолди нутқи билан чиққан ва вилоятлардаги муаммоларга тўхталган.

Би-би-сига маълум бўлишича, Фарғонадаги учрашув Риштон туманида, Андижондагиси эса Бўз туман ҳокимиятларида ўтказилган.

Фарғонадаги манбаълар учрашувларнинг фавқулодда хавфсизлик чоралари остида ўтгани ва унга оддий сайловчилар қўйилмаганини айтишмоқда.

Риштонлик ўқитувчи ва мустақил журналист Баҳодир Элибоев президентликка номзод билан учрашувда қатнаша олмаган.

"Буни сайловолди учрашуви деб айтмаган бўлардим. Ҳар эллик метрга милиция қўйилганди. Мен ўтолмадим. Мирзиёев ҳокимият вакиллари билан учрашди, холос ",- дейди у.

Унинг айтишича, учрашув аввалдан расман эълон қилинмаган, аммо аҳоли орасида "Мирзиёев келармиш" деган гаплар бўлган.

'Муаммолардан хабардор'

Мирзиёевнинг ташрифи арафасида фавқулодда хавфсизлик чоралари кўрилганини тасдиқлаган фарғоналик инсон ҳақлари фаоли Абдусалом Эргашев бу чораларни тушунишини айтади.

"Мирзиёев оддий номзод эмас, балки амалдаги Бош вазир ҳам. Шунинг учун хавфсизлик чораларини тушунса бўлади". - дейди у.

Унинг сўзларига кўра, учрашувнинг Риштонда ўтказилиши Мирзиёевнинг муаммолардан яхши хабардор эканини англатади.

"Риштон совет давридан буён аҳвол энг ёмон бўлган минтақа ҳисобланади. Одамлар муаммо ҳақида гапиришганми, йўқми, билмайман, аммо Мирзиёвнинг ўзи электр токи бир суткада 2 соатгина берилаётганини "қабул қилиб бўлмас" деб айтибди", - дейди Абдусалом Эргашев.

Image caption Танқидчиларга кўра, виртуал қабулхона Мирзиёевнинг сайловолди тарғиботларининг бир қисми, холос

Аммо унга кўра, жаноб Мирзиёев газ муаммоси ҳақида гапирмаган.

"Фарғона водийсидаги муаммо электр муаммоси эмас, балки газ муаммосидир. Ток ёзда аҳолига етади, фақат қишда муаммолар пайдо бўлади. Газ таъминоти учун мутасаддилар аҳолига бермасдан, суюлтирилган газни сотиш билан овора. Чунки аҳолига берса, пул қилолмайди", - дейди Абдусалом Эргашев.

Шу кунларда Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига йўлланган шикоят ва аризаларни кўриб чиқишда "сансалорликка йўл қўйган" қатор мансабдор шахсларга нисбатан чора кўрилгани ҳам хабар қилинган.

Танқидчилар виртуал қабулхона Мирзиёевнинг сайловолди тарғиботларининг бир қисми эканини айтишади.

Уларга кўра, Мирзиёевнинг виртуал қабулхонаси ҳал қилаётган муаммолар кеча ёки бугун пайдо бўлган эмас, балки жаноб Мирзиёев Бош вазир лавозимида бўлган сўнгги 10 йилдан кўпроқ вақт мобайнида йиғилиб қолган муаммолардир.

4 декабрдаги президент сайловларида бошқа партиялардан номзодларнинг ҳам сайловолди учрашувлари бўлиб ўтаётгани хабар қилинган.

Уларда номзодлар асосан, тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, соғлиқни сақлаш ва таълим тизими, шунингдек, бандлик ва бошқа ижтимоий муаммоларга эътибор қаратишаётгани айтилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

◾ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

◾Instagram - BBC UZBEK

◾Twitter - BBC UZBEK

◾Odnoklassniki - BBC UZBEK

◾Facebook - BBC UZBEK

◾Google+BBC UZBEK

◾YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

◾Skype - uzbekbbclondon

◾bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.