Мирзиёев яна бир вазир ўринбосарини алмаштирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Uzreport
Image caption Шерзод Шерматов бунга қадар Тошкентдаги Инха университетининг ректори лавозимида ишлаган

Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Шерзод Шерматовни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинлаган.

Ушбу лавозимда у ахборот технологиялари ва коммуникацияни ривожлантириш бўйича вазир ўринбосари Алишер Файзуллаевнинг ўрнини эгаллаган.

Шерматов бунга қадар Тошкентдаги Инха университетининг ректори лавозимида ишлаб келган.

Бу Шавкат Мирзиёев вақтинча Президент вазифасини бажарувчи этиб тайинланганидан буён соҳа раҳбариятида амалга оширилган иккинчи кадрлар ўзгаришидир.

Жаноб Мирзиёев ўзининг илк фармони билан собиқ Ахборот технологиялари ва коммуникацияни ривожлантириш вазири Абдулла Ориповни Бош вазир ўринбосари этиб тайинлаганди.

Абдулла Орипов ёшлар сиёсати, маданият, ахборот тизимлари ва телекоммуникация мажмуи раҳбари лавозимига тасдиқланган.

Жаноб Орипов 2012 йили айни лавозимдан Ўзбекистон телекоммуникация тизимидаги коррупция билан боғлиқ халқаро можаро ортидан марҳум Президент Ислом Каримов томонидан лавозимдан четлатилганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy
Image caption Таҳлилчилар Ориповнинг ҳукуматга қайтишини "ёмон ишора" деб аташган

Абдулла Орипов номи Швеция прокуратураси тергов қилган коррупция ишига доир ҳужжатларда ҳам келтирилган.

Таҳлилчилар унинг ҳукуматга қайтишини "ёмон ишора" дея таърифлашган.

Шавкат Мирзиёев Каримов даврида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан четлатилган Рустам Қосимовни ҳам қайтадан айни лавозимга тайинлаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.