АҚШ Самандар Қўқоновни озодликка чиқаришни сўраган

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy
Image caption 72 ёшли Самандар Қўқонов Марказий Осиёдаги энг узоқ муддат қамоқда ўтирган сиёсий маҳбус ҳисобланади.

Қўшма Штатлар Ўзбекистон ҳукуматига 22 йилдан буён қамоқда қолаётган собиқ депутат Самандар Қўқоновни "инсонпарварлик тамойиллари асосида муддатидан илгари озодликка чиқариш"ни таклиф қилган.

Бу ҳақда Рейтер агентлигига АҚШ Давлат Котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Ниша Бисвал маълум қилган.

1994 йилда давлат мулкини талон-тарож қилиш айби билан 20 йилга қамалган Самандар Қўқоновнинг жазо муддати ўтган ой бошида яна 3 йилга узайтирилган.

Халқаро инсон ҳақлари ташкилотлари"Эрк" Демократик партияси аъзоси ва Чиноз нефтни қайта ишлаш корхонасининг собиқ раҳбари бўлган Қўқоновга қарши айблар ортида сиёсий сабаблар турганини айтишади.

72 ёшли Самандар Қўқонов Марказий Осиёдаги энг узоқ муддат қамоқда ўтирган сиёсий маҳбус ҳисобланади.

АҚШнинг юқори мартабали дипломати Рейтер агентлиги мухбирининг "Вашингтон Ўзбекистон ҳукуматини Самандар Қўқоновни озодликка чиқаришга чақирдими?", деган саволига "ҳа", деб жавоб берган.

"Биз қамоқда фавқулодда узоқ муддат ўтирган ва кексайиб қолган шахсларнинг оилалари бағрига қайтишига имкон яратиш учун уларни инсонпарварлик асосида озодликка чиқариш масаласини кўтардик", деб айтган Бисвал хоним Рейтер агентлиги билан суҳбатда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy
Image caption Бисвал хонимнинг айтишича, АҚШ ўзбек расмийлари билан Самандар Қўқонов масаласини кўтарган

Самандар Қўқоновнинг яқинлари ўтган ой жазо муддати ниҳоясида унинг озодликка чиқарилишига умид қилишаётганди.

Аммо бунинг ўрнига яна 3 йил 5 кун муддат қўшиб берилгани ҳақидаги расмий мактубни олишган.

Жазони ижро этиш бошқармасининг мактубида Қўқонов жазо муассасасининг ички тартибини бузгани айтилади, аммо айнан қайси тартибни бузганига аниқлик киритилмаган.

Қамоқхонада жазо муддатини узайтириш Ўзбекистонда сиёсий маҳбусларга нисбатан кенг қўлланиладиган тажрибадир.

Халқаро инсон ҳақлари ташкилотларига кўра, мамлакат қамоқхоналаридаги сиёсий маҳкумлар сони бир неча минг кишини ташкил этади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.