Украин журналисти: "Ўзбекистондан кечирим сўраш учун айб иш қилмадим"

Image caption Наталья Кравченко Ўзбекистонда очиқ гапирилмайдиган мавзуларни кўтарган

Ўзбекистонликларнинг ғазаби ва расмий норозилигига сабаб бўлган украин журналисти Би-би-сига ўз лавҳаси қандай тайёрлангани, ҳаққонийлиги ва мақсади ҳақида гапириб берди.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов вафоти ортидан украиналик мухбир Наталья Кравченко Тошкент ва Самарқандга сафар қилганди. Ўзининг баъзида афтидан яширинча камера билан олинган деярли 13 дақиқалик телелавҳасида у биринчи президентнинг дафн маросими, мажбурий меҳнат, сиёсий босимлар, Андижон қирғини, цензура ва одамлар орасидаги қўрқув ҳақида ўз кўрганлари ва қилган суҳбатлари асосида ҳикоя қилади.

Самарқанддаги уйлардан бирига меҳмон бўла туриб, Кравченко хоним Ўзбекистон сиёсатини анъанавий ўзбек уйига ўхшатади - "Унинг ичидаги ҳовли сири бегона кўзлардан баланд девор ёрдамида ҳимоя қилинади", дейди у. Мазкур анъанавий уйнинг эгаси - нафақахўр Рустам ака ҳам суҳбатга тортилган.

Кравченконинг лавҳаси 13 сентябрда "Украiна" телеканалида намойиш этилди. Унинг ўзбекистонликлар назарига тушишига эса бир ойдан сўнг ўзбек журналисти Насиба Фахриддинованинг жавобий телерепортажи сабаб бўлди.

Ўз репортажида Фахриддинова хоним украиналик ҳамкасбини айғоқчилик усулларини қўллаш, ҳурматсизлик, нотўғри маълумотларни тарқатиш, аккредитациясиз ишлаш ва асоссиз хулосалар чиқаришда айблайди. Унинг айниқса ўзбекларнинг ўзига хос миллий жиҳатларини ҳурмат қилмаслик борасидаги айбловлари жарангдор янграйди.

Бунинг ортидан интернетда Кравченкога ланъатлар ёғилди. Унинг Би-би-сига айтишича, сўкиниш ва ланъатлар туфайли анча вақт ижтимоий саҳифаларига кирмай қўйган.

Ибрат Сафо ундан аввало Ўзбекистонда унинг репортажига қарши ишланган жавобий лавҳага муносабатини сўради.

Кравченко: Албатта, мен Ўзбекистондан бўлган жавобни кўрдим. Бу материалнинг журналист касбига умуман алоқаси йўқ, шунинг учун, у ҳақида бирон фикр юритолмайман. Уни репортаж ҳам деб аташ мумкин эмас. Ҳис-туйғуларим ҳақида гапирсам, ҳа, у менга таъсир қилди ва ҳаммасини бошдан оёқ ағдариб ташлашганини кўриб, бир неча дақиқа хуноб бўлдим. Лекин, яна айтаман, касбимга бунинг алоқаси йўқлигини кўриб, тез таскин топдим. Тарғиботни шарҳлашга ҳожат йўқ.

Би-би-си: Ҳақиқатдан ҳам яширин камера билан олганмидингиз ўз лавҳангизни?

Кравченко: Йўқ, бизда классик яширин камера йўқ эди. Бизнинг камерамиз кичкина, лекин нопрефиссонал камера эди. Биз ҳазиллашиб уни "сайёҳ ниқоби" деб атаймиз. Ҳеч қандай камера билан фильмга олиш мумкин бўлмаган вақтларда эса, қўл телефонимизни ишга солганмиз.

Би-би-си: Эркин мамлакатларда хорижий журналистлардан аккредитация, яъни репортаж олиш учун махсус рухсатнома талаб қилинмайди. Сизни шу каби рухсатсиз Ўзбекистонда ишлашда айблашаяпти. Украинага хорижий журналист келса, рухсат олиши керакми?

Image caption Насиба Фахриддинова украина ҳамкасбини ҳурматсизликда айблаган

Кравченко: Украинада ишлаш учун, масалан Буюк Британияда каби, журналистга аккредитация керак эмас. Аммо, жанг амалиётлари кетаётган ҳудудлар, яъни Донбасс бундан истисно. У ерда аккредитациядан ўтишнинг ўзига хос тартиби бор. Гап шундаки, антитеррор амалиётлар ҳудуди (АТО)да ишлаш учун украин журналистларининг ўзлари ҳам АТО штабидан аккредитация олишлари керак. Чунки у ерда уруш кетяпти.

Би-би-си: Ўзбекистоннинг жавобий лавҳасида сизни Ўзбекистонга нисбатан ҳурматсизликда айблашяпти. Нима деб ўйлайсиз, журналист миллий менталитет ва диний ҳиссиётларни ҳисобга олиши керакми?

Кравченко: Ўйлайманки, журналист миллий менталитет ва диний ҳиссиётларни ҳисобга олиши керак. Лекин, кейин у буларни ўзининг томошабинига тушунтириб бериши керак. Шунинг учун ҳам, масалан, репортажимдаги аёллар ва эркакларни иккита алоҳида қаторларга бўлишгани ҳақидаги гапим ҳудди шу фактни англатган: яъни тепаликдаги Каримов қабрига эркак ва ёллар алоҳида қатордан чиқишарди. Тамом-вассалом. Буни мен Украинадаги томошабинимга етказишим керак эди, чунки бу ерда, масалан, православ черковда ҳамма битта эшикдан киради. Ўзбек журналисти ҳам агар Украинада ниманидир фильмга олса, шундай "ўзига хос хусусият"га эътибор қаратиши мумкин. Шахсан мен тепаликка аёллар қатори билан чиқдим, ҳужжатларим ва телефонларим бўлган сўмкамни тавозе билан қўриқчига топширдим, бошимни рўмол билан ёпишди. Аслида ёнимда рўмол йўқ эди. Шунда бир аёл ёнимга келиб: "Тепага чиқишни хоҳлайсанми?" деди. "Ҳа, жуда ҳам!" десам, "мана", деб ўз рўмолини ечиб менга берди. "Вой, кейин сизга уни қандай қайтараман?" десам, "Мана бу ерда қолдирақол, менга кейин бериб қўйишади", деди. Мана шундай кичик воқеа юз берди. Буни жоним билан лавҳамда кўрсатган бўлардим, лекин фильмга олиш мумкин эмасди, ҳатто телефонларимизни тортиб олишганди. Ахир телевизион репортаж - бу суратга олган фильминг остига ўқилган матн дегани. Газетада бемалол ниманидир тасвирлаб беришинг мумкин, телевидениеда бунақаси кетмайди. Шунинг учун, шундай ёрқин эпизод фақат менинг хотирамда қолди. Агар у мамлакатда журналистларга эркин ишлаб, ҳукумат белгилаб берган эмас, балки ўзлари кўраётган манзарани олишга имконият бўлганида эди, бу каби тушунмовчиликлар умуман бўлмасди.

Би-би-си: Ўзбекистоннинг жавобий репортажида самарқандлик собиқ военком сизни алдаб интервью олишда айблайди. Бу суҳбат қандай ўтганди?

Image caption Кравченко лавҳасида тарихий уй эгаси Рустам ака ҳукумат бепарволигидан шикоят қилади

Кравченко: Военком билан интервьюмиз, Совет информбюро сўзлари билан айтадиган бўлсам, илиқ ва дўстона шароитда ўтди! Биз кўчани, оддий одамларни фильмга олаётгандик. У киши бизни кўриб қолиб, олдимизга келдилар. Қаердан ва ким эканимизни сўрадилар. Украиналик эканимизни айтганимда, жуда хурсанд бўлдилар. Киев ташқарисида рафиқасининг қариндошлари яшашган экан. Ўзлари ҳам тез-тез келиб турган эканлар. "Ўзбек жавоби"да менинг кўнглимни энг кўп ғаш қилгани шу военком билан интервью бўлди. Бу қария одамни нималар билан қўрқитишган экан бу каби сафсата гапларни айтишлари учун? Мен ундан жуда хавотир олаяпман. "Рустам-ака" яқинда инсультдан омон қолиб, энди-энди ўзларига келган эканлар. Улар эса у кишини шундай ерга уриб, асабийлашишга мажбурлашган.

Би-би-си: Хабарларга кўра, сизнинг телекомпаниянгиз Киевдаги Ўзбекистон элчихонасидан кечирим сўрабди, шу ростми?

Кравченко: Мен билганим - раҳбариятимиз вакиллари Украинадаги Ўзбекистон элчиси билан учрашишган. Менга маълум бўлишича, ҳеч ким ҳеч кимдан кечирим сўрамаган, чунки телеканал ё менинг ўзим ҳеч кечирим сўрайдиган айбли ишни қилмаганмиз. Аммо, бизнинг репортажимиз эфирга узатилгани ортидан муайян тушунмовчиликлар юзага келганидан таассуф билдирилган. Бу учрашувдан икки кун ўтиб интернетда "ўзбек жавоби", оддийроқ қилиб айтадиган бўлсам, туҳматнома пайдо бўлди.

Наталья Кравченко лавҳасини томоша қилиш учун мана бу ерга босинг.

Насиба Фахриддинова лавҳасини томоша қилиш учун мана бу ерга босинг.