Туркия ҳали ҳам демократик давлатми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Атиги тўрт йил аввал Ғарб бу мамлакатни Ислом дунёси учун намунали модел ўлароқ танир ва таништирар эди

Туркияга нима бўлмоқда? Атиги тўрт йил аввал Ғарб бу мамлакатни Ислом дунёси учун намунали модел ўлароқ танир ва таништирар эди. Ўша пайтлар Туркия Оврўпо Иттифоқи билан аъзолик йўлида музокаралар ўтказар, ўз ҳудудидаги курдлар билан тинчлик режалари устида ишларди...

Яқин Шарқда Туркия барқарорлик ороли ўлароқ кўриларди, аммо ҳукумат танқидчилари бундай таъриф ички манзарага ёт эканини айтишарди.

Жорий ҳафта эса World Justice Project ташкилотининг қонун устуворлиги бўйича тузган рўйхати Туркияга 113 давлат орасида 99 ўринни берди.

Туркиядан олдинроқда Эрон ва Бирма турибди.

Туркия журналистларни қамоққа ташлайдиган давлат ўлароқ муқаддам танилган ўрнини яна қайта эгаллаб олди.

Мен суҳбатлашишни истаган икки таҳлилчи эса... ўз номлари зикр этилишидан чўчиб, суҳбатга рози бўлишмади.

"Бу демократиянинг якунидир", деб айтди курдларга хайрихоҳ саналган HDP партиясининг ўринбосари Ҳисёр Ўзсой.

"Бизда ўзи демократия кенг ёйилмаганди, аммо ўша чекланган демократия ҳам мутлақо йўқ қилинди".

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Туркия журналистларни қамоққа ташлайдиган мамлакатга айландими?

Ўтган ҳафта кечган воқеалар силсиласи:

  • Асосан курдлар истиқомат қиладиган Диёрбакр маъмурияти раҳбарлари ноқонуний ПКК курд жангарилари партияси билан алоқаларда айбланиб, ҳибсга олинди. Туркия ва Ғарб ПККни террорчилар деб танишади.
  • Фатҳуллоҳ Гуленни дастаклашда айбланиб давлат идораларидан яна 10000 ходим ишдан ҳайдалди. АҚШда истиқомат қилаётган диний арбобни дастаклаш айблари билан ишдан қувилганлар ёки четлатилганлар сони 100 000 дан ошди.
  • Анқарада яна 137 нафар олим "Гулен билан алоқалари" учун ҳибсга олинди. Ўтган июл ойидан бери ҳибсга олинганларнинг сони 37 000 га етди.
  • Президент Эрдўғонга университетларнинг ректорларини ҳам тайинлаш қудратини берувчи қонун кучга кирди.
  • Яна 15 та матбуот нашри ёпилди. Июл ойидан бери 170 та оммавий ахборот воситаси фаолияти тўхтатилди.
  • Cumhuriyet газетасининг муҳаррири, карикатурачи рассоми дохил тўққиз журналист ҳибсга олинди. Уларнинг бари Гуленни дастаклашда айбланишмоқда.
  • Туркиядаги учинчи йирик партия, курдларни дастакловчи HDP раҳбарлари, миллат вакиллари ПККни қўллашда айбланиб, ҳибсга олинди. Орадан бир неча соат ўтиб, Диёрбакрда портлаш рўй берди. Машинага ўрнатилган бомба тўққиз кишининг ёстиғини қуритди.
  • Ҳукумат мамлакат жануби шарқида интернетни узиб қўйди. Мамлакат бўйлаб WhatsApp, Twitter ва шахсий тармоқлар(VPN)ни, айрим ҳолатларда ишлатилмайдиган даражада секинлаштириб қўйди.
  • Турк лираси қадри АҚШ долларига нисбатан кескин тушиб кетди.

Золим ва ё халоскор?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Президент айримлар учун қаҳрамон, бошқалар учун золим

Туркия ҳамон демократик давлатми? Ҳар доимгидек, бу саволга қутблашган мамлакатнинг икки томонидан жавоб бериш мумкин.

Сўл қанотчилар, дунёвий тузум тарафдорлари ва Эрдўғоннинг танқидчиларига кўра, мамлакатда демократия "ўлган".

Аммо мамлакатнинг қолган ярми Эрдўғонни Туркияни тараққий топтирган, яхши томонга ўзгартирган ва дунё томонидан нотўғри тушунилган раҳбар сифатида танийди.

Уларга кўра, Ғарб Туркиянинг ПКК, "гуленчилар", террорчилик билан боғлиқ, Ироқ ва Сурия билан қўшни бўлгани боис дуч келаётган муаммоларини тан олмаяпти.

Мамлакатда ҳали ҳам ҳукуматни дастакламаётган оммавий ахборот воситалари мавжудлиги бор гап. Туркия НАТО учун ҳаётий муҳим ҳамкор саналади.

Зотан, Анқаранинг Вашингтон билан муносабатлари ҳамон совуқлигича қолмоқда. Бунга сабаб эса ИШИДга қарши курашаётган Сурия курд жангариларинг АҚШ томонидан дастакланаётганидир.

Туркия Ғарб воз кеча олмайдиган даражада муҳим бир иттифоқчи ва ҳамкордир. Аммо демократия масаласида ҳар қайси томон ўз қарашига эга. Бу қарашлар орасидаги фарқ тобора каттариб бормоқда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар