АҚШ сайлови: Номзодларнинг охирги мурожаати

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Трамп ва Клинтон

Сайловлардан бир кун олдин Ҳиллари Клинтон ва Доналд Трамп охирги овозларни қўлга киритиш учун Америка бўйлаб сафарларини давом эттирдилар.

Иккови ҳам ҳақиқий кураш саҳнаси дея билинган Шимолий Каролина, Пенсилвания ва Мичиган штатларида сайловолди йиғинларини ўтказишди.

Клинтон хоним сайловчиларни "умидбахш, ҳаммани ўз ичига оладиган, бағрикенг Америка"га овоз беришга чақирса, жаноб Трамп ўз тарафдорларига "коррупцияга ботган тизимни енгишдек ажойиб имконият туғилган"инини айтди.

Сўровларга кўра, демократ Клинтон хоним республикачи Трампдан 4 очко олдинда кетяпти.

Мисли кўрилмаган даражада кўп америкаликлар - 46 миллиондан кўпроқ - почта орқали ёки овоз бериш шохобчаларида вақтли овоз беришган.

Клинтон хонимга кўпроқ ёнбосадиган лотин америкалик сайловчилар бу сафар сайловда фаолроқ қатнашишлари кутилади.

Ярим тун тушгач, рақиблар ўзларининг якуний йиғинларини ўтказишди. Жаноб Трамп Мичигандаги Гранд Рапидс, Клинтон хоним эса Шимолий Каролинадаги Ралейда ўз тарафдорлари қаршисида чиқиш қилишди.

Мазкур сайловолди жараёни ҳақоратлар ва шов-шувли можароларга тўла бўлди.

Пенсилвания штатидаги Филаделфия шаҳрида юлдузлар иштирокида ўтган тадбирда Клинтон хонимга Брюс Спрингстин ва Жон Бон Жови каби машҳур қўшиқчилар, турмуш ўртоғи Билл, ҳамда Президент Обама ва рафиқаси Мишел ҳамроҳлик қилишди.

Айни штатдаги Скрантон шаҳридаги тадбирда эса жаноб Трамп ўз кампанияси олдинда эканига ишонишини айтди.

Сайловнинг натижалари чоршанба куни Лондон вақти билан 04:00да эълон қилинади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар