Мирзиёев электр муаммосини ечишга ваъда берди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Фарғона.ру
Image caption Мирзиёев аҳолининг электр таъминотидан эътирозлари кўплигини тан олган

Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев аҳолининг электр таъминоти билан боғлиқ муаммосини ечишга ваъда берган.

Бу ҳақда жаноб Мирзиёев сешанба куни Самарқандда сайловчилар билан учрашув чоғида гапирган.

4 декабр куни ўтадиган сайловларда Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Мирзиёев

Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев ўзи бошлиқ бўлган ҳукумат "шаҳар ва қишлоқ аҳолисининг электр энергияси таъминотини яхшилаш дастурини амалга оширишни режалаётгани" ни маълум қилган.

У "аҳоли ва корхоналар томонидан электр қуввати етказиб бериш масаласида кўплаб эътирозлар борлиги"ни тан олган.

Мирзиёевнинг сўзларига кўра, "мамлакат бўйича 67 фоиз паст кучланишли электр тармоқлари эскирган бўлиб, трансформатор пунктлари зўриқиб ишламоқда.

"Дастур доирасида электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини янада ошириш, 25 минг 300 километр паст кучланишли электр тармоқларини янгидан қуриш ва реконструкция қилиш, 5 минг 600 та эскирган трансформатор подстанциясини алмаштириш назарда тутилмоқда", деб айтган президентликка номзод.

Аммо жаноб Мирзиёев электр таъминотини яхшилашнинг аниқ жадвали ҳақида гапирмаган, жумладан, бу йил қиш мавсумида электр танқислиги муаммосини бартараф этишга ваъда бермаган.

Айни пайтда у мамлакатда сўнгги йилларда юзага келган энергетика инқирозини ечишда асосий урғуни электр ишлаб чиқариш ва аҳолига кўмир етказиб беришга қаратган, газ муаммоси ҳақида гапирмаган.

Мутахассисларга кўра, ҳар йили қиш мавсумида кузатиладиган инқирознинг асосий сабаби электр эмас, балки газ таъминотидир.

Газнинг асосан четга сотилаётгани ва аҳолига етказиб бериладиган қисмининг талон-тарож қилиниши боис қишда кўпчилик электр иситгичлар ёрдамида кун кўради.

Бу эса ўз навбатида трансформатор пунктларида зўриқишни юзага келтиради.

Газ Ўзбекистон экспортининг асосий бандларидан ҳисобланади.

Сўнгги йилларда ўзбек газининг салмоқли қисми Хитойга сотилмоқда.

Янги газ конлари ишга туширилмаган бир шароитда бу экспортнинг ички истеъмол ҳисобидан қопланишини англатади.

Жаноб Мирзиёев "кўмирнинг таннархи ва аҳолига сотиш нархини камайтириш, айниқса, қиш пайтида унинг баҳоси ошишига ва чайқовчиликка йўл қўймаслик"ка ваъда берган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг