Мирзиёев 'Путиннинг одами'ми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ўзбекистон ҳукуматига яқин сиёсатшунос Рафик Сайфулин Америка Қўшма Штатларининг Оврўпода янги ракетадан мудофаа тизими яратиш режаларини танқид қилиб чиққан. "Ўзметроном" нашри АҚШдаги президент сайловлари арафасида чоп этган мақолада муаллиф Қўшма Штатларни "стратегик тинчликка путур етказиш"да айблайди. Марҳум президент Ислом Каримовнинг маслаҳатчиси бўлган жаноб Сайфулиннинг айтишича, ҳозирда янги президентни сайлашга тайёргарлик кўраётган Ўзбекистон, ҳадемай ўз танловини қилиши керак бўлади. Ва мақоланинг умумий оҳангидан англашилишича, ушбу танлов Вашингтон фойдасига бўлмайди. Россия матбуоти Ўзбекистоннинг вақтинча Президенти Шавкат Мирзиёевни "Россиянинг одами" деб ҳисоблайди. Рус матбуоти асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов ўзининг қариндошлик алоқалари орқали Мирзиёев ва Ўзбекистоннинг янги раҳбариятига таъсир ўтказаётгани ҳақида ёзган. Хўш, Мирзиёев ҳақиқатан ҳам "Путиннинг одами"ми? Би-би-си аввалроқ мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг анжуманида қатнашиш учун Истанбулга сафар қилган россиялик таниқли журналист Ўрхон Жамол билан суҳбатлашган.

Суҳбатнинг видео вариантини YouTube каналимизда томоша қилинг.

Ўрхон Жамол: Авваламбор, Мирзиёев - Каримов командасининг одами. У "каримовчилик" пайдо қилган доғларни ўзига юқтирган. У балки ижтимоий ҳаётда қандайдир "косметик" ўзгаришларни қилиши, либерал-демократик усурларни жорий этишга уриниши мумкин. Аммо моҳият ўзгармасдан қолаверади. Каримов Марказий Осиё диктаторларининг "намунавий" тимсоли эди. Унинг барча яқин ва узоқ қўшнилари билан муаммолари бор эди. Қўшни қанчалик яқин бўлса, муаммо шунчалик катта бўлган. Унинг Қозоғистон билан ҳам муносабатлари яхши эмасди, Қирғизистон ва Тожикистонни гапирмаса ҳам бўлади. Туркманистон билан ҳам тил топишолмаган, Афғонистондан эса лабига учуқ тошарди. Узоқ қўшниларга келганда эса, муносабатлар худди халинчакка ўхшаб тебраниб турарди. Ҳали Москвага юз бурган, ҳали Вашингтонга ва ҳар иккисидан ҳам аразласа, Хитойга юз бурарди. Ва бу тебраниб туришлар Каримовга нисбатан мустақил кўриниш имконини берган. Яъни у битта ҳамкордан бўлак ҳаммадан мустақил бўлар, аммо бу битта ҳамкорни бот-бот ўзгартириб турарди. Каримов вақти-вақти билан бу яқинлик учун ҳақ тўлаб турар, унга ҳам ҳақ тўлашарди. Масалан, Россия хавфсизлик хизматларининг "Хизбу-Таҳрир"нинг ўзбекистонлик фаолларига қарши амалиётлари Ўзбекистон билан газ битимлари имзоланган пайтга тўғри келган. Яъни бу бир айирбошлаш эди. Каримов тузумидан чиққанига қарамай, Шавкат Мирзиёевда ҳали Марказий Осиёнинг "намунавий" диктатори деган тамға йўқ. Ундан ҳозир ўз "ҳомий"си борасида қарор бериши кутилмоқда. Унинг ўзи ҳам ҳомий қидирмоқда ва бу ҳомий, менинг назаримда, Москва бўлади. Эҳтимол қисқа, эҳтимол узоқроқ муддатга. Аммо унга Ислом Каримовга берилгани каби, кенг манёвр қилиш имконини бермасликлари мумкин. Уни "Москванинг одами" дейиш мумкинми? Ҳа, аммо бу чорасизликдан. Чунки унинг биқинида қўрқинчли ва башорат қилиб бўлмайдиган Россия турибди. Украина тажрибаси Россиянинг қанчалик даҳшатли душманга айланиши мумкинлигини яққол кўрсатди. Путин ҳатто нисбатан яқин бўлган Беларус ва Қозоғистон сингари қўшниларни ҳам қўрқитиб қўйди. Шунинг учун ҳам Мирзиёев "россияпараст"бўлишга мажбур.

Би-би-си: Россия матбуотига кўра, Кремл Мирзиёевга асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов воситасида таъсир ўтказиши мумкин ва ҳатто ҳозирнинг ўзида бундай таъсирни ўтказмоқда. Сизнингча, Усмоновнинг Мирзиёевга таъсири қанчалик катта?

Ўрхон Жамол: Умуман, Кремл ҳозир бутун пост совет ҳудудига кўпроқ таъсир ўтказишга ҳаракат қилаяпти. Украинадан кейин бу айниқса кучайди. Буни хусусан, Арманистон мисолида кўрдик. Ҳозир амалда Арманистон президентини Москва тайинланаяпти. Ҳатто Гуржистонда ҳам Иванашвилини Москва қўллади. Кремл барча собиқ совет давлатларига ўз қўлида қандай восита бўлса, ҳаммаси орқали таъсир ўтказишга уриняпти. Каримов Москва билан ҳамкорлик қилишга қилган, лекин Москва Ўзбекистоннинг ишларига бурнини суқишига йўл бермаган. Яъни амалда Ўзбекистон Москва учун ёпиқ эди. Шундай экан, Кремл Ўзбекистон ичкарисидаги вазиятга қандай таъсир ўтказа олади? Кремлнинг қўлида иккита восита бор, холос. Биринчиси - бизнес, иккинчиси- жиноий олам. Алишер Усмонов - ўзбекистонлик. Унинг Ўзбекистонда қариндошлари, дўстлари бор, имкониятлари бор. Усмонов хоҳлаган одами билан алоқа ўрнатиши мумкин. Унинг таъсирини инкор қилиб бўлмайди. Кремл Усмоновнинг имкониятлари ва хизматидан албатта фойдаланади. Фойдаланмаслиги ғалати бўлар эди. Қолаверса, у Шавкат Мирзиёев билан қариндошлик алоқаларига ҳам эга.

Би-би-си: Каримов қудратли давлатларнинг манфаатлари ўртасида усталик билан мувозанат сақлаб келган эди. Мирзиёев шундай мувозанат ўрнатишга муваффақ бўлади, деб ўйлайсизми?

Ўрхон Жамол: Ҳозир амалда Мирзиёевнинг қудратли давлатлар ўртасида манёвр қилиш имконияти йўқ. Чунки Каримовнинг Москва билан муносабатлари бутунлай бошқа сиёсий вазиятларда шаклланган эди. 1990-йилларда Москва умуман олганда, анчайин америкапараст ташқи сиёсат олиб борган. Ўз навбатида Вашингтон ҳам Россияга собиқ совет ҳудудида анчайин эркин ҳаракат қилиш ҳуқуқини берган эди. Приднестровье дейсизми, Тоғли Қорабоғ ёки Тожикистондаги фуқаролар урушими, буларнинг ҳаммасида Москва фаол қатнашган. Ҳеч ким унга бу можароларга аралашма, демаган. У пайтлар Каримов Москванинг ҳимоясидан Вашингтоннинг паноҳига қочиб борган пайт, образли қилиб айтганда, энг катта раҳбариятдан юз ўгириб, ўрта бўғиндаги раҳбариятга юз бурган холос. Ҳозир вазият бошқача. Ҳозир ҳам Москва Вашингтон билан ҳамкоролик қилади, битимлар имзолайди, аммо аввалги "бошлиқ" билан "мижоз" ўртасидаги муносабат мавжуд эмас. Шунинг учун Мирзиёев бундай манёвр қилолмайди. Мирзиёев ё у томонни, ё бу томонни танлаши керак бўлади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг