Шавкат Мирзиёев: 'Устозидан ўзган шогирд'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Yoshlar

Ўзбекистоннинг "Ёшлар" телеканали Бош вазир ва президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги ҳужжатли филмни намойиш этган.

Филм ҳақидаги видеони YouTube каналимизда томоша қилинг.

"Халқ фарзанди" деб номланган филм 59 ёшли Мирзиёевнинг ҳаёт йўли ҳақида батафсил ҳикоя қилади.

Ҳужжатли лавҳадан Шавкат Мирзиёев таржимаи ҳолининг ҳозиргача билинмаган айрим қирралари ва унинг болалик, ўсмирлик ва ёшлик йиллари ҳақида ҳикоя қилувчи фото ва видеотасвирлар ўрин олган.

Филмда Мирзиёевнинг мактаб ўқитувчиси, у билан бирга ишлаган ҳаммаслаклари, устоз ва сафдошларининг сўзлари келтирилган.

Суҳбатдошлар Мирзиёев "Ислом Каримовдан юрт раҳбари учун зарур бўлган ҳал қилувчи хислатларни ўргангани", "ҳокимларнинг халқ олдида ҳисоб беришини бошлаб бергани" ва "халқ ичига кириб боргани" ҳақида гапиришган.

Жумладан, собиқ мулозимлардан бири Мирзиёев Самарқандда ҳокимлик пайти Ургут туманидаги икки қишлоқ аҳолиси орасида сув устидан чиққан жанжални ечгани ҳақида гапиради.

Унинг сўзларига кўра, ўшанда Мирзиёев Президент билан учрашув талаб ғазабнок оломон билан музокаралар олиб борган ва можарони тинч йўл билан ҳал қилишга муваффақ бўлган.

Давлат матбуоти ҳозирга қадар Ўзбекистоннинг бирон бир нуқтасида юзага келган аҳоли норозилиги ҳақида хабар бермаганди.

Филмда Инсон ҳуқуқлари миллий маркази раҳбари Акмал Саидов Мирзиёевни "бир тизимнинг бошидан охиригача ўтган давлат арбоби" дея таърифлайди.

Унда шунингдек, марҳум шоир ва собиқ депутат Эркин Воҳидов ҳамда марҳум Президент Ислом Каримовнинг Шавкат Мирзиёев ҳақида айтган сўзлари келтирилган.

"Минглаб қарор, фармон ва фармойишларнинг барчаси шундай сўзлар билан якунланади: "Ушбу ҳужжатнинг ижроси Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев зиммасига юклатилсин", дейди кадр ортидаги диктор овози.

Мирзиёев шаънига "Ислом Абдуғаниевичнинг ишонган шогирди", "устозидан ўзган шогирд", "бениҳоя оғир юкни ўз зиммасида кўтариб келаётган инсон" ва "азму шижоат соҳиби" каби мақтовлар айтилган филм "Ўзбекистон президентлигига номзодларга сайловолди ташвиқоти учун ажратилган бепул эфир вақти доирасидан намойиш этилгани" таъкидланган.

Аммо ҳозиргача бошқа номзодлар ҳақида бу каби ташвиқот филмлари намойиш этилмаган.

Давлат ва ҳукуматнинг биринчи одами ҳақида бу каби автобиографик филм Ўзбекистон тарихида илк бор намойиш этилмоқда.

Марҳум Президент Ислом Каримовнинг таржимаи ҳоли ҳозиргача тўлиқ эмас.

Аввалроқ Ўзбекистон Либерал-Демократик партияси Шавкат Мирзиёевнинг биринчи расмий таржимаи ҳолини эълон қилган эди.

4 декабр кунги сайловда Мирзиёевдан ташқари Ўзбекистондаги мавжуд уч сиёсий партия раҳбарлари ҳам иштирок этадилар.

Номзодлардан биронтаси амалдаги ҳукумат ёки "рақиб" номзодни танқид қилгани кузатилмаган.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти Ўзбекистондаги сайловларни кузатиш учун биринчи марта тўлақонли кузатувчилар ҳайъатини юборган.

"Ёшлар" канали намойиш этган ҳужжатли филм ҳақидаги видеони YouTube каналимизда томоша қилинг.