ЎзТВ Каримов даврида 'урилган' мулозимларни кўрсатди

Image caption Абдуҳошим Муталов Ўзбекистоннинг биринчи Бош вазири бўлган

Ўзбекистон телевидениеси сўнгги 20 йилда расмий матбуотда номи тилга олинмаган мамлакатнинг собиқ раҳбарлари акс этган архив кадрларини намойиш этган.

"Ёшлар" телеканалининг Бош вазир ва президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли филмида Ўзбекистоннинг собиқ вице-президенти, марҳум Шукрулло Мирсаидов, Олий Кенгашнинг собиқ раиси Шавкат Йўлдошев, Ўзбекистоннинг биринчи Бош вазири Абдуҳошим Муталов ва 1990-1994 йилларда фаолият кўрсатган нисбатан мустақил парламент депутатларини кўриш мумкин.

Гарчи филмда уларнинг номлари янграмаган эса-да, собиқ арбоблар катта планда ва аниқ-тиниқ кўрсатилган.

Мамлакатнинг биринчи ва охирги вице-президенти бўлган Шукрулло Мирсаидов 1992 йилда Президент Каримовнинг сиёсатига норозилик белгиси сифатида истеъфо берганидан сўнг маҳкамага тортилган ва уй-жойи мусодара этилиб, шартли жазога ҳукм қилинганди.

1996 йилда мухолифатнинг "Мувофиқлаштирувчи кенгаши"ни тузиш уринишлари ортидан таъқиб ва тазйиқларга учраган Шукрулло Мирсаидов номи Ўзбекистоннинг янги тарихидан буткул ўчирилган.

Image caption Ислом Каримов вице-президент Шукрулло Мирсаидовни (чапдан биринчи) ўзининг сиёсий рақиби сифатида кўрган, деб ишонилади

Марҳум Президент Ислом Каримов 2012 йил ноябрида 73 ёшида вафот этган Шукрулло Мирсаидовни ўзининг сиёсий рақиби деб кўргани айтилади.

1992-1995 йилларда Ўзбекистон Бош вазири бўлган Абдуҳошим Муталовнинг Бош вазирлик лавозимидан коллеж ўқитувчилигига йўллангани айтилади.

Унинг истеъфосига нима сабаб бўлгани маълум эмас.

Абдуҳошим Муталов 1992 йил январида Тошкентдаги "Талабалар шаҳарчаси"да юз берган тартибсизликларни ўрганиш бўйича тузилган ҳукумат комиссиясига раҳбарлик қилган.

Яна бир мулозим - Шавкат Йўлдошев 1991-1993 йилларда Ўзбекистон тарихидаги энг мустақил парламент - Олий Кенгашга (ҳозирги Олий Мажлис-таҳр.) раислик қилган.

У 2003 йилда Би-би-си билан суҳбатда истеъфога чиқарилиш сабаби ўзи учун қоронғулигини айтган эди.

Шундан буён ҳеч қандай расмий лавозимни эгалламаган ва ижтимоий ҳаётдан буткул четлатилган 74 ёшли давлат арбоби ҳозир нафақада.

Image caption Шавкат Йўлдошев Ўзбекистон тарихидаги энг мустақил парламент - Олий Кенгашга раислик қилган

Ўзбекистонда у ёки бу сабаб билан "давлат раҳбарига ёқмай қолган" ва истеъфога юборилган мулозимлар, саҳнадан четлатилган санъаткорлар ва асарлари чоп этилмайдиган шоир ва ёзувчиларнинг "қора рўйхати" амал қилгани айтилади.

Шавкат Мирзиёев вақтинча Президент вазифасини бажарувчи этиб тайинланганидан кўп ўтмай, Ўзбекистон Халқ артистлари Шерали Жўраев ва Юлдуз Усмонова ҳамда машҳур қизиқчи Обид Асомовларнинг катта саҳнага қайтишига рухсат берилгани ҳақида хабарлар олинган.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг Москвада яшаётган Ислом Каримовдан олдинги раҳбари Рафиқ Нишонов ҳам Каримов вафотидан кўп ўтмай, Тошкентда бўлгани хабар қилинган.

Хўш, Каримов даврида "урилган" ҳукумат арбоблари қиёфаларининг давлат телевидениесидаги кадрларда намоён бўлиши нимани англатади?

Шавкат Мирзиёевнинг таржимаи ҳоли ҳақидаги ҳужжатли филмдан кўзланган мақсад нима?

Би-би-си ушбу саволлар билан таниқли журналист, Ўзбекистон Президентининг собиқ матбуот котиби Шароф Убайдуллаевга мурожаат этган.

Суҳбатнинг видео версиясини YouTube каналимизда томоша қилинг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар