Тулада ўзбекистонлик мигрант бир умрга қамалди

Фото муаллифлик ҳуқуқи РФ Тула вилояти бўйича тергов қўмитаси
Image caption Сирожиддин Шералиев 2015 йил 29 май куни Косая Гора қишлоғида бир оиланинг 5 аъзосини пичоқлаб ўлдирган

Россиянинг Тула вилояти маҳкамаси Ўзбекистон фуқароси Сирожиддин Шералиевга бир умрлик қамоқ жазоси берган.

Сирожиддин Шералиев бир неча кишини ўлдириш ва жинсий тажовузда айбдор топилган.

Туладаги ушбу қотиллик ўтган йилнинг энг шов-шувли воқеаларидан дея таърифланади.

Сирожиддин Шералиев 2015 йил 29 май куни тонгга яқин Косая Гора қишлоғида бир оиланинг 5 аъзосини пичоқлаб ўлдирган.

Қурбонларнинг 3 нафари ёш болалар бўлган.

Яна бир эркак ва қизалоқ Сирожиддиннинг ҳамласидан жароҳатланган, аммо улар қочиб, жон сақлашга муваффақ бўлишган.

Сирожиддин Шералиев ўзи ким?

Матбуот хабарларига кўра, З1 ёшли Сирожиддин Шералиев 2011 йилда Россияга ишлашга келган.

Касалванд ота-онаси ва икки нафар синглисини моддий таъминлаш унинг зиммасида бўлгани айтилади.

Сирожиддин танишлари орқали Косая Гора қишлоғига боради ва у ерда мардикорлик қилади.

Айтилишича, қаерда ишласа, ўша ерда яшаб турган. Орадан бир неча ой ўтгач, қишлоққа анча ўрнашиб олади ва муқим жой ва иш топади.

Маҳаллий бир аёлнинг уйида яшаб, сигирларига қарагани ва бунинг учун кунига 500 рубль хизмат ҳақи олгани маълум бўлди.

Тергов жараёнида ойдинлашган маълумотларга кўра, сўнгги пайтлар у ҳужжатлари муддатини узайтирмаган, уйига ҳам пул юбормай қўйган.

У Косая Горада яшаб юрган пайти 49 ёшли Еленанинг оиласи билан танишади. Кўп ўтмай, унинг 4 фарзандли қизи Надя билан яшай бошлайди.

29 ёшли Надя билан муносабатлари узоққа чўзилмайди. Улар ажрашишади.

Бу орада Шералиев ичкиликка берилган.

Қотиллик

Бироз вақт ўтиб, у Надянинг бошқа бир йигит билан муносабатидан хабар топади.

Улар ажрашишган бўлса-да, борди-келдилари узилмайди.

Қотиллик юз берган тунда Шералиев Надежда ва унинг янги хуштори билан бирга ичкиликбозлик қилади ва уларнинг уйида тунаб қолади.

Ярим кечаси уйқудан уйғониб кетади ва Надежданинг онаси уни ёқтирмагани ёдига тушиб қолади.

Ошхонадан пичоқ олиб, ухлаб ётган Еленага бир неча марта пичоқни санчади. Унинг чинқириғи бошқаларни ҳам уйғотиб юборади.

"Ўша пайтда тушундимки, бу уйдан ҳеч ким тирик чиқмайди", дея эслаганди суд жараёнида Шералиев.

Қотил ҳатто энг кичик гувоҳ ҳам унга қарши гувоҳлик бериши мумкинлигини англаган ва бирин-кетин уйдагиларни пичоқлай бошлаган.

Суд жараёнида Надеждага 8 бора пичоқ санчгани айтилганди. Аммо унинг яраланган хуштори қочиб қолишга муваффақ бўлади.

Сирожиддин Шералиев Надежданинг полицияга хабар қилган қизини жинсий зўрлаб ўлдиради.

Ниҳоят, қочишга уринган Шералиев улгурмайди, полиция етиб келган ва уйни ўраб олганди.

"Мен ўлдирганим йўқ"

Матбуот хабарларига кўра, қўлга олинган Шералиев қотилликни содир этмаганини айтиб, қичқира бошлайди. Кейинчалик тергов чоғида эса ҳаммасини бирданига айтишга уялгани, ўз айбини енгиллатиш учун бир мартадан пичоқ урганлигини айтган.

Тергов суриштирув ишлари бир ярим йил давом этди. Сирожиддин Шералиевнинг руҳий соғломлиги аниқланди.

У охирги вақтлар терговчидан бир умрлик жазо бўлмаслиги учун имконияти бор йўқлигини кўп сўраган.

Ҳатто, судга шикоят хати ҳам йўллаган.

"Мени қотилликни онгли равишда содир қилганман, деб айташимни талаб қилишаяпти. Қандай бўлса, шундайлигича айтаман. Бу оилани мен биламан. Атай ўлдирганим йўқ. Кўп ичгандим, нима бўлганини билмайман. Ҳар қандай саволга жавоб бераман", - дея ёзган шикояти суд залида ўқиб эшиттирилди.

Тергов

"Юздан ортиқ гувоҳлар сўроқ қилинди. Жиноят ишининг ўзи 16 томдан иборат", дейди Россия Федерацияси Тула областида ўта муҳим ишлар бўйича терговчи Александр Романюк. Юздан зиёд далилий ашёлар бўйича генетик экспертизалар, қирққа яқин текширувлар ўтказилди. Тергов суриштирув жараёнлари айбланувчининг ватани Ўзбекистон Республикасида ҳам бўлиб ўтди.

Айбланувчи Сирожиддин Шералиев ўз илтимосига кўра, ўтган давр мобайнида қамоқда ёлғиз сақланди. Унга 4 модда бўйича айблов эълон қилинди.

5 шахснинг ўта шавқатсизлик билан содир қилинган қотиллиги, шу жумладан вояга етмаганлар, бошқа жиноятни ёпиш мақсадидаги қотилликлар, вояга етмаган шахсга нисбатан жинсий зўравонлик ва ўғирлик шулар жумласидандир.

Ниҳоят, Сирожиддин Шералиев ўзининг ваҳшиёна қотиллигини тан олган. Ва суддаги сўнгги сўзида "бу оила учун жазо олишга тайёр"лигини билдирди.

Тула области тергов қўмитаси матбуот хизматининг хабар беришича, ўзбекистонлик Сирожиддин Шералиев қолган умрини ўта хавфли жиноятчилар колониясида ўтказади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг