Гулнора Каримова ўлгани ҳақида хабарлар тарқалди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Каримова ўлими борасидаги даъволарни расмий Тошкент шарҳламади

Марказий Осиё бўйича хабарлар тарқатувчи Центр-1 сайти собиқ Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова 5 ноябрда заҳарланиб ўлганини хабар қилди.

Таниқли тошкентлик журналист Галима Бухарбаева юритувчи сайтда айтилишича, бу хабарни сайтга Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизматидаги аноним манба берган.

Мазкур манбанинг сайтга айтишича, 44 ёшли Гулнора Каримова заҳарланган ва 5 ноябрда оламдан ўтган.

Манба унинг Тошкентдаги "Минор" қабристонида дафн қилингани, қабри эса текислаб қўйилганини ҳам айтган.

Центр-1 мақоласида ёзилишича, МХХдаги манба Каримова хонимни кўмиш жараёнида шахсан ўзи иштирок этган, сўнгра "унинг фарзандлари - ўғли Ислом ва қизи Имон қисматлари учун хавотир" олиб телефон орқали интервьюга рози бўлган.

Гулнора Каримованинг ўлими ҳақидаги мазкур иддао ижтимоий тармоқлар ва хорижий матбуотда яшин тезлигида тарқалди.

Британиянинг Daily Mail газетаси "Миллиардер ўзбек малика ЗАҲАРЛАНДИ" дея катта мақола чоп қилди.

Аммо, Би-би-си ўзбек хизматининг Ўзбекистондаги расмий манбалари бу маълумотни тасдиқлашмади.

Шунингдек, Фейсбукдаги "Дети Каримова" (Каримовнинг фарзандлари) саҳифаси бу иддаоларни рад қилди.

"Ҳурматли дўстлар! Интернетда Ислом Каримовнинг тўнғич қизи ўлими борасида ёлғон ахборот тарқалди. Гулнора Каримова - ҳаёт!" дейилади саҳифанинг охирги ёзувида.

Айни дамда Интерфакс ва РИА Новости хабар агентликлари Каримова хонимнинг ўлгани борасидаги маълумот ёлғон эканини ўз манбаларига таяниб хабар қилишди.

Гулнора Каримованинг аҳволи, унинг қаерда ва қандай шароитларда сақланаётганини аниқлаш мураккаблигича қолмоқда.

Ўзбекистондаги ёпиқ ахборот муҳити туфайли мамлакатнинг илк президенти Ислом Каримовнинг қачон вафот этгани борасида ҳам миш-мишлар тарқаганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг