Ўзбекистон Туркиядан Муҳаммад Солиҳни чиқариб юборишни талаб қилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Туркия Президенти расмий саҳифаси
Image caption Эрдўғон ва Мирзиёев ўзаро алоқаларда "янги саҳифа" очишга келишганлар

Ўзбек расмийлари ўтган ҳафта Самарқандга ташриф буюрган Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан музокаралар чоғида Туркиядаги ўзбек мухолифати раҳбари Муҳаммад Солиҳни мамлакатдан чиқариб юборишни талаб қилишган.

Бу ҳақда Бош вазир ва Президент вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев пайшанба куни Тошкент шаҳар сайловчилари билан учрашув чоғида маълум қилган.

Учрашув иштирокчиларидан бирининг Би-би-сига айтишича, жаноб Мирзиёев Муҳаммад Солиҳнинг чиқариб юборилиши Туркиянинг Ўзбекистонга дўстлигининг "амалдаги исботи" бўлишини айтган.

Туркия тарафининг бу борада ўзбек томонига бирон ваъда берган-бермагани маълум эмас.

Президент Эрдўғоннинг матбуот хизмати вакили Би-би-сига музокаралар тафсилотларидан хабари йўқлигини айтди.

Ўтган жума Эрдўғоннинг Самарқандга ташрифи чоғида икки томон ўзаро алоқаларда "янги саҳифа" очишга келишганлар.

Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлут Човушўғли Ўзбекистон Туркия фуқароларига визани бекор қилиши мумкинлигини айтган.

Айни манбанинг Мирзиёев сўзларидан иқтибос келтиришича, Туркия томони Самарқанд вилоятининг Ургут туманида ташкил этилиши режаланаётган эркин иқтисодий ҳудудга сармоя киритиш истагини билдирган.

'Меҳмон'

Жаноб Мирзиёев ўзбек томонининг Муҳаммад Солиҳ билан боғлиқ расмий сўрови тафсилотларини очиқламаган.

Туркияда вақтинча яшаётган мухолифат раҳбарини қандай асосда чиқариб юбориш талаб этилгани, бу борадаги ҳуқуқий жараённинг бошланган ёки бошланмагани маълум эмас.

Муҳаммад Солиҳнинг ўзи Би-би-си билан суҳбатда ўзбек томонининг сўнгги талабидан хабари йўқлигини айтди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy
Image caption 1993 йилдан буён муҳожиротда яшаётган Муҳаммад Солиҳ бундан аввал тўрт марта Туркияни тарк этишга мажбур бўлган

Муҳаммад Солиҳнинг айтишича, Туркия расмийлари ҳозирга қадар уни бу каби талабдан хабардор қилишмаган.

Аммо у агар Туркия ўзбек томонининг талабини бажариш сари қадамлар қўядиган бўлса, "ҳеч иккиланмай, Туркиядан чиқиб кетишга тайёрлиги"ни айтди.

"Мен ҳур одамман. Бу ерда меҳмонман, Эрдўғон-мезбон. Шунча пайт бизга бошпана бергани учун раҳмат. Туркияда қолдиринг, деб ёлворадиган ҳолим йўқ", - деб айтди Муҳаммад Солиҳ.

1993 йилдан буён муҳожиротда яшаётган Муҳаммад Солиҳ бундан аввал тўрт марта Туркияни тарк этишга мажбур бўлган.

Ўзининг сўзларига кўра, сўнгги бор 1999 йил апрелида турк расмийлари ундан "Ўзбекистон билан муносабатларга салбий таъсир қилаётгани" важидан Туркиядан чиқиб кетишини сўрашган.

У 1998 йилда Норвегиядан сиёсий бошпана олган.

Аммо 2005 йил августида АҚШ Конгресси қўмитасидаги чиқиши ортидан Туркия Муҳаммад Солиҳнинг қайтишига изн берганди.

Британияда чоп этиладиган "Экономист" журнали Туркия ҳукуматининг ушбу қарори ҳақида "Туркия Муҳаммад Солиҳга эшикларини очмоқда" деб ёзган.

Бунинг ортидан Ўзбекистондаги турк бизнесига рейдлар бошланиб кетган ва турк сериалларининг намойиши тақиқланган эди.

'Сиёсий айблар'

Марҳум президент Ислом Каримов Муҳаммад Солиҳ ва ўзбек мухолифатининг Туркияда бўлишини ўзбек-турк алоқаларининг ривожланиши йўлида асосий тўсиқ деб кўргани ишонилади.

Муҳаммад Солиҳнинг ўзи ҳар икки томон расмийларида шаклланган бу каби қарашни рад этади.

"Бу бир баҳона. Мен 1999 йилдан 2005 йилгача, 6 йил давомида Туркияда бўлганим йўқ, аммо муносабатлар ҳечам яхшиланмади. Ўзбекистон ҳукумати Туркиянинг ўзбекларга очилишидан, Туркиядаги демократиядан қўрқади. Туркия очилса, бу ердаги ҳурриятнинг Ўзбекистонга ҳам кириб боришидан қўрқади", - дейди Муҳаммад Солиҳ.

Шу ой бошида Муҳаммад Солиҳ раҳбари бўлган Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг Истанбулда ўтиши режаланган навбатдан ташқари қурултойи Туркияда амал қилаётган фавқулодда ҳолат боис қолдирилган.

Ўзбекистон маҳкамаси Муҳаммад Солиҳни 1999 йил февралидаги Тошкент портлашларида айблаб, 2000 йилда сиртдан 15 йилга маҳкум этган.

Халқаро инсон ҳақлари ташкилотлари мухолифат раҳбарига қарши айблар ортида сиёсий важлар турганини айтишади.

2001 йилда Прага маҳкамаси ўзбек ҳуқуқ-тартибот идораларининг Муҳаммад Солиҳни топшириш ҳақидаги сўровини рад этган.

Туркиянинг 1999 йилда Тошкент портлашларининг асосий гувоҳларидан бўлган Зайниддин Асқаровни Ўзбекистонга топшириш қарори халқаро танқидларга сабаб бўлган.

Зайниддин Асқаров 2003 йилда Тошкентдаги қамоқхонада Би-би-сига берган интервюсида Муҳаммад Солиҳнинг портлашларга алоқаси йўқлиги, тергов ва маҳкамада ёлғон гувоҳлик беришга мажбурланганини айтган эди.

2011 йилда қамоқхонада вафот этган Зайниддин Асқаровнинг қийноқлар натижасида ҳаётдан кўз юмгани иддао қилинган.

Оврўпо Инсон Ҳақлари Маҳкамаси Туркиянинг Асқаровни Ўзбекистонга топшириш қарорини ноқонуний деб топган.

'Ҳокимлар сайланиши мумкин'

Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашувда иштирок этган манбанинг билдиришича, жаноб Мирзиёев шунингдек, келажакда маҳаллий ҳокимларнинг халқ томонидан сайланиши мумкинлигига ишора қилган.

У шунингдек, Бош вазирнинг вирутал қабулхонасига келиб тушган таклиф ва шикоятлар сони 170 мингдан ошиб кетганини маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, бу шикоятларнинг 78 фоизи асосли ва ўз тасдиғини топган.

Жаноб Мирзиёев одамлар ҳуқуқ-тартибот идоралари ва маҳаллий ҳокимиятлар фаолиятидан норози эканини таъкидлаган.

Аммо ҳукумат порталида чоп этилган расмий хабарда Мирзиёевнинг Туркия Президенти билан музокараларига доир тафсилотлар ва маҳаллий ҳокимиятлар фаолиятига оид танқидларига ўрин берилмаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг