Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти этиб сайланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Ria-Novosti
Image caption Тошкентда тарафдорлари қаршисида гапирган Мирзиёев сайловолди ваъдаларини бажаришга сўз берган

Марказий Сайлов Комиссиясининг маълум қилишича, якшанба кунги сайловларда Шавкат Мирзиёев 88,61 фоиз овоз билан Ўзбекистон Президенти этиб сайланган.

Бу ҳақда МСК раиси Мирза-Улуғбек Абдусаломов Тошкентда ўтган брифинг чоғида эълон қилган.

Жаноб Абдусаломовнинг айтишича, овоз бериш жараёнларида сайловчиларнинг 87,73 фоизи иштирок этган ва "қонунбузарликлар қайд этилмаган".

Жаноб Абдусаломов бу рақамларни "дастлабки натижалар" дея тақдим этган.

Шу тариқа 59 ёшли Шавкат Мирзиёев мустақил Ўзбекистон тарихида иккинчи Президент этиб сайланган.

Конституцияга мувофиқ, жаноб Мирзиёев парламентга янги Бош вазир номзодини тақдим қилиши керак.

Бош вазир ўринбосари Рустам Азимов Бош вазирликка асосий номзод саналади.

Ўтмишда у жаноб Мирзиёев билан бир қаторда президентликка эҳтимолий номзодлардан бири сифатида кўрилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy
Image caption Шавкат Мирзиёев якшанба куни оила-аъзолари билан овоз берган

Айрим хабарларга кўра, Шавкат Мирзиёевни қасамёдга келтириш маросими янги йилдан аввал ҳам бўлиши мумкин.

Бугун эрталабдан Тошкентдаги "Ўзэкспомарказ" биносида Шавкат Мирзиёев тарафдорлари ғалабани нишонлашга тайёргарлик кўраётгани ҳақида хабарлар олинган.

Россия Президенти Владимир Путин жаноб Мирзиёевни табриклаган биринчи хорижий раҳбар бўлган.

Кремл матбуот хизматининг билдиришича, Путин Мирзиёевни Россияга таклиф қилган.

Кремлга кўра, "таклифнома мамнуният билан қабул қилинган".

Марказий Сайлов Комиссиясида ўтган брифингда қолган уч номзод-Кетмонов, Умаров ва Отамуродовлар "мағлубиятларини тан олишган" ва Мирзиёевни "мутлақ ғалабаси" билан табриклаганлар.

Шавкат Мирзиёевнинг ўзи, хабарларга кўра, сайловнинг расмий натижалари эълон қилиниши ортидан Тошкентдаги "Ўзэкспомарказ"да 5 мингга яқин тарафдорлари қаршисида чиқиш қилган.

Жаноб Мирзиёев сайловчиларга фаол иштироклари учун миннатдорчилик билдирган ва сайловолди дастурини ҳаётга тадбиқ этишга ваъда берган.

Якшанба куни у пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманида рафиқаси ва оила-аъзолари билан бирга овоз берган эди.

'Нодемократик сайловлар'

Сайловларни кузатган Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти овоз бериш жараёнларини "нодемократик" дея танқид қилган.

Тошкентда ўтган матбуот анжуманида ОХҲТ нинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси миссияси раҳбари Питер Тейлор сайловларда рақобат бўлмаганини таъкидлаган.

"Сайлов кунида жиддий қонун бузилишлари, жумладан, сайлов варақаларини овоз бериш қутисига ноқонуний ташлаш ҳоллари қайд этилди", дея Питер Тейлорнинг сўзларидан иқтибос келтирган "РИА-Новости" агентлиги.

ОХҲТ бу йил ўз тарихида биринчи марта Ўзбекистондаги сайловларга тўлақонли кузатувчилар ҳайъатини юборганди.

Ташкилот бундан аввалги сайловларни ҳам нодемократик ва эркин эмас, деб баҳолаган.

Кутилган натижа

Яхши ташкиллаштирилган ва қаттиқ хавфсизлик чоралари остида ўтган мухолифатсиз сайловларда жаноб Мирзиёевнинг ғалабасига ҳеч ким шубҳа қилмаган.

Таҳлилчилар қўйган асосий савол унинг қанча фоиз овоз олишида эди.

Марҳум Ислом Каримов 1991 йил декабридаги илк сайловларда 87 фоиз, ундан кейинги сайловларда эса 90 ва 95 фоиздан кўпроқ овозларни олиб келган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи XDP
Image caption Ҳатамжон Кетмонов сайловда ўзи учун овоз берган

Охирги уч ойда вақтинча Президент вазифасини бажариб келган Мирзиёев сайловолди ташвиқотларида ўзини Либерал-демократик партия номзоди эмас, балки марҳум Ислом Каримовнинг сиёсий вориси ва "фарзанди" дея тақдим этган.

У сайловчилар билан учрашувларда аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш, ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш ва ҳокимият вакилларини халқ олдида ҳисоб беришга мажбурлаш сингари ваъдаларни берган.

Сайловлар куни Би-би-сига гапирган маҳаллий фаоллар ўтган уч ойда аҳоли турмушида сезиларли ўзгариш юз бермагани, аммо одамларда умид пайдо бўлганини айтишган.

Фарғоналик журналист Баҳодир Элибоевнинг сўзларига кўра, "оддий одамлар Каримовдан бошқа одам ҳам Президент бўлиши мумкинлигига ишона бошлаганлар".

Уларга кўра, Бош вазирнинг Виртуал қабулхонаси одамларни ҳокимиятга арз қилиб, муаммоларни ечиш мумкинлигига ишонтирган.

Ўзини сайлади

Марказий Сайлов Комиссиясининг маълум қилишича, иккинчи ўрин 3,73 фоиз овоз билан Мирзиёвга "рақиб" номзодлар орасида энг машҳури Ҳатамжон Кетмоновга насиб этган.

Халқ-демократик партиясидан номзод Кетмонов якшанба куни Тошкентдаги сайлов участкасида "ўзи учун" овоз берганини айтган.

Бу ҳақда Россиянинг "РИА-Новости" агентлиги хабар тарқатган.

Журналистларнинг "ўзингиз учун учун овоз бердингизми?" деган саволига жаноб Кетмонов "ҳа", деб жавоб берган.

2000 йилдаги Президент сайловларда унинг салафи Абдуҳафиз Жалолов рақиби Ислом Каримовга овоз бергани учун АҚШ Давлат Департаменти воизи томонидан кулги қилинганди.

"Адолат" Социал-демократик партияси Наримон Умаров 3,46 фоиз, "Миллий тикланиш" партияси номзоди Сарвар Отамуродов эса 2,35 фоиз овоз олган.

Рақиб номзодларнинг биронтаси ҳам амалдаги ҳукумат ёки Президент вазифасини бажарувчини танқид қилишмаган.

Улар аҳолининг электр ва газ тақчиллиги каби долзарб муаммоларини ечиш юзасидан аниқ ваъдалар ҳам беришмаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар