Иномжон Усмонхўжаев: 'Мирзиёев туфайли оқландим'

Image caption Усмонхўжаев 1983 йилдан 1988 йилгача Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари лавозимида ишлаган

Ўзбекистон Олий Суди мамлакатнинг собиқ раҳбари Иномжон Усмонхўжаевни реабилитация қилиш тўғрисида қарор чиқарган.

Иномжон Усмонхўжаев билан суҳбатни Youtube каналимизда томоша қилинг

Бу ҳақдаги қарор нусҳасини фарғоналик ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашев ўзининг Фэйсбукдаги саҳифасида эълон қилган.

Унда айтилишича, СССР Олий Суди жиноят ишлар бўйича судлов коллегиясининг 1989 йил 27 декабрда чиқарган Иномхон Бузрукхўжаевич Усмонхўжаевга оид ҳукми бекор қилиниб, жиноят иши Ўзбекистон Жиноят кодексининг 83 -моддаси 1-бандига асосан тугатилган.

Иномжон Усмонхўжаевнинг Фарғонадаги манзилига йўлланган расмий мактубга 2016 йил 18 ноябр санаси қўйилган.

Усмонхўжаев 1983 йилдан 1988 йилгача Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари лавозимида ишлаган.

У "пахта иши"да айбланиб, 1988 йил 12 январида Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг биринчи котиби лавозимидан бўшатилган ва 1989 йил 27 декабрида 12 йилга озодликдан маҳрум этилган.

1990 йилда қамоқдан озод этилган.

86 ёшли Иномжон Усмонхўжаев Би-би-си билан қисқа мулоқотида 25 йил муқаддам соғлиги туфайли қамоқдан озод этилгани, аммо ҳозирга қадар оқланмаганини айтди.

У ҳозирда Фарғонадаги ота уйида қарилик нафақасига яшаётгани, давлатдан ўтмишдаги хизматлари учун ҳеч қандай имтиёз ва махсус нафақа олмаслигини айтди.

Маълум бўлишича, Иномжон Усмонхўжаев марҳум президент Ислом Каримов даврида ўзининг оқланишини сўраб, кўп бор мурожаат этган, аммо унинг аризалари жавобсиз қолдирилган.

У сўнгги бор шу йилнинг сентябрида Президент аппаратига мурожаат қилган ва Олий Суддан оқлангани ҳақида жавоб олган.

Би-би-си билан суҳбатда у Президент этиб сайланган Шавкат Мирзиёевга телеграмма йўллаб, ўз миннатдорчилигини изҳор қилганини билдирди.

Бу Иномжон Усмонхўжаевнинг 1988 йил январида Ўзбекистон раҳбарлигидан олинганидан буён матбуот билан илк мулоқотидир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар