Ўзбекистон яна бир бор мавқеини очиқлади

Ўзбекистон Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Расмий Тошкент 4 декабр кунги президент сайлови ортидан ҳам, "ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блок ва альянсларга қўшилмаслиги"ни халқаро минбардан туриб маълум қилди.

Бу сўзлар бу гал Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов оғзидан янгради.

"Ҳукумат тепасига янги президент келса ҳам, Ўзбекистон ўзининг бетарафлик сиёсатини давом этдиради", - дея баён қилган Абдулазиз Комилов ЕХҲТ мамлакатлари ташқи ишлар вазирларининг кенгашида қилган чиқишида.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг Гамбургда яна бир бор таъкидлашича, "Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блоклар ва альянсларга қўшилмаслик, ўз ҳудудида чет эл ҳарбий базаларини жойлаштирмаслик, ўз ҳарбийларини чет мамлакатларга жўнатмаслик борасида қатъий қарор қабул қилган".

Унинг бу сўзлари мамлакат Бош вазири ва муваққат президенти Шавкат Мирзиёев ғолиб чиққан сўнгги президент сайловидан тўрт кун ўтиб янграган.

Шавкат Мирзиёев эса, Ислом Каримов вафотидан бор-йўғи бир ҳафтача ўтиб, ҳали муваққат президент экан, ташқи сиёсатда бундан буёғига ҳам унинг "концепциясига содиқ қолишлари"ни баён қилган.

Ўша пайтда мамлакат Бош вазири ҳам бўлган Мирзиёевнинг бу сўзлари Ўзбекистон Олий Мажлиси палаталарининг 8 сентябр кунги қўшма мажлиси чоғида янграганди.

Марҳум Ислом Каримов бошқаруви даврида эса, Ўзбекистон Россия етакчилигидаги ёки расмий Москва катта таъсирга эга турли минтақавий иттифоқ ва ташкилотлардан имкон қадар ўзини четга тортиб келган.

Президент Каримовнинг вафотига қадар, расмий Тошкент Россиянинг президент Владимир Путин ташаббускори бўлган Оврўосиё ва Божхона Иттифоқига қўшилиш таклифига ҳам рўйхушлик бермаган.

Аксарият Марказий Осиё давлатларидан фарқли равишда, ўз ҳудудида Россиянинг бирор бир ҳарбий базасига мезбонлик қилмаган.

Аммо, шундоққина биқинида бўй кўрсатган вазиятдан жиддий хавотирда экани боис, АҚШ бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг Афғонистонда Толибон тузумининг қулатилиши билан якун топган 2001 йилги амалиётлари манзарасида Америка ва Германия ҳарбийларига ўз базаларидан фойдаланишга изн берган.

Орадан тўрт йилча ўтиб, 2005 йилги Андижон воқеалари юзасидан тутган мавқеи сабаб, Ғарб билан алоқалари совуркан, Америка ҳарбийларини ўз ҳудудидан чиқариб юборган.

Олмония эса, Термиз аэропортидаги ўз ҳарбийларини дастаклаш учун очилган марказни фақат ўтган йилга келиб ёпишга қарор қилганди.

Президент Ислом Каримов ҳали ҳаёт экан, НАТО 2014 йилнинг май ойида Ўзбекистон пойтахти Тошкентда ўзининг бюросини очган.

Бу НАТОнинг Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларини йўлга қўйиш мақсади билан изоҳланганди.

Аммо яқинда НАТО Тошкентдаги ваколатхонасини келаси йил апрел ойида ёпиш қарорида эканини маълум қилган, бунга " сиёсий эмас, янги бюджетлари билан боғлиқ омиллар сабаб экани"ни билдирганди.

Лекин

Шавкат Мирзиёевнинг ҳали муваққат президент этиб тайинланишининг ўзиёқ турли сиёсий доираларда расмий Тошкентнинг бундан буёғига Россияга анчайин мойил ташқи сиёсат олиб боришига оид тахминларга сабаб бўлган.

Улар айни ўринда Шавкат Мирзиёевнинг асли ўзбекистонлик миллиардер, Россиянинг энг бадавлат одамларидан бири бўлган Алишер Усмонов билан қудалик ришталарига эга экани омилига диққат қаратишганди.

Алишер Усмонов Россия Президенти Владимир Путиннинг яқин ҳамкорларидан бири ҳисобланади, худди шу манзарада, кўплаб йирик ҳомийлик ишларини ҳам амалга ошириб келади.

Таъкидлаш жоиз, марҳум Ислом Каримов даврида Алишер Усмоновнинг Ўзбекистон сиёсий ҳаётига алоқадорлиги тўғрисида бирор бир маълумот кузатилмаган.

Аммо президент Каримов вафоти ортидан, унинг Ўзбекистонга устма-уст ташрифларини айрим таҳлилчилар Россия раҳбариятининг сиёсий таъсирини ошириш ҳаракати сифатида ҳам баҳолашган.

Айни шу мазмундаги хабарлар манзарасида Алишер Усмоновнинг матбуот хизмати расмий раддия билан чиқиш даражасига борган, "кўп маротаба билдирилганидек, унинг Ўзбекистон сиёсий ҳаётида иштирок этмаётганлиги"ни баён қилганди.

Россия Президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга сўнгги сафари марҳум президент Ислом Каримовнинг қабрини зиёрат қилиш учун шу йил 6 сентябр куни Самарқандга қилган "шахсий ташрифи"га тўғри келган.

Самарқандга қилган сафари чоғида унга ўша пайтда Ўзбекистон муваққат президенти бўлган мамлакат Бош вазири Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлик қилган.

Россия матбуоти ўшанда президент Путин ҳамроҳига Ўзбекистон Россияга "энг ишончли шерикдек ишониши мумкин"лигини айтгани ҳақида ёзган.

Владимир Путин, бундан ташқари, Россия билан Ўзбекистоннинг ҳамкорлиги давом этишини таъкидлагани ҳам маълум бўлганди.

Оммавий-ахборот воситалари эса, бунга жавобан Шавкат Мирзиёевнинг "...биз сиз ва Ислом Каримов узоқ йиллар давомида бунёд этиб келган кўприкни ривожлантиришда давом этамиз", - деб айтган сўзларидан ҳам иқтибос келтиришганди.

Табрик

Воқеаларнинг худди шу каби ривожи манзарасида Россия Президенти Владимир Путин Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистон президенти сайловидаги ғалабаси билан табриклаган илк хорижий давлат раҳбари бўлган.

Ўзининг телефон мулоқоти чоғида Мирзиёевни Россияга таклиф қилган ва унинг бу "таклифи мамнуният билан қабул қилинган".

Ўз ўрнида, Россия президентининг ёлғиз телефон мулоқоти билан чекланмай, Шавкат Мирзиёевга табрик телеграммаси йўллагани ҳам маълум бўлган.

Бу икки давлат раҳбарининг "...икки томонлама алоқаларга доир барча соҳаларда ҳамда долзарб халқаро ва минтақавий масалалар бўйича ишончли, очиқ ва конструктив давлатлараро мулоқотни изчил давом эттириш ва жадал ривожлантиришга қатъий тайёр эканликлари" ҳам маълум бўлганди.

Куни-кеча эса, "Известия" нашри Ўзбекистон янги сайланган президенти Шавкат Мирзиёевнинг илк давлат сафари айнан Россияга бўлиши ҳақида ёзди, буни "Ўзбекистон ҳукуматидаги юқори лавозимли манба" тасдиқлаганини ҳам билдирди.

Аммо бу хусусда, ҳозирча, Ўзбекистондан бирор бир расмий маълумот имконли эмас.

Россия эса, Владимир Путиннинг навбатдаги бошқаруви даврида собиқ Шўро давлатларини яна қайта "ўз таъсир доирасига олиш", шу жумладан, минтақадаги гео-сиёсий қизиқишларини жиддий назарда тутган ҳолда, Марказий Осиёда ҳам ўз "манфаатларини парваришлаш" ҳаракатига тушиб қолган.

Россиянинг минтақадаги асосий гео-сиёсий рақиби бўлган Америка Қўшма Штатларининг ҳалича расман қасамёдга келтирилмаган республикачи президенти Дональд Трамп эса, афтидан, Тошкентга ўз табрикларини йўллашга шошилмаётган кўринади.

Аммо Дональд Трамп ўзининг сайловолди кампанияси чоғида Ўзбекистонни назардан қочирмаган, "ўзбекистонликларни ҳам Америкага киритмаслик"ка чақирганди.

Трампнинг Ўзбекистонни эҳтимолий террорчилар етиштириб бераётган давлатлар сафига қўшиши ижтимоий тармоқларда ўзбекистонликларнинг ғазабнок муносабатларига сабаб бўлган.

Аммо бу - республикачи номзоднинг Америка янги президенти этиб сайланмасидан аввал, сайловолди тарғибот амалиётлари чоғида янграган сўзлари эди.

Дональд Трамп шу йилнинг 8 ноябр куни бўлиб ўтган АҚШ президент сайловида демократчи рақиби Ҳиллари Клинтонни ортда қолдириб, ғолиб чиққан.

Ўша пайтда Ўзбекистон муваққат президенти бўлган Бош вазир Шавкат Мирзиёев орадан икки кун ўтиб, 10 ноябр куни Дональд Трампни сайловдаги ғалабаси билан қутлаган.

Ўзбекистоннинг АҚШ билан стратегик шерикчилик муносабатлари барқарор ривожланаётганини таъкидлаганди.

Эски-янги ташқи сиёсат

Агар, Шавкат Мирзиёевнинг Тошкентда қилган 8 сентябр кунги чиқишига таянилса, "Ўзбекистон ташқи сиёсатда бундан буёғига ҳам Каримов концепциясига содиқ қолади", "қўшилмаслик сиёсатини давом этдиради".

Ўзбекистон ташқи сиёсатининг энг устивор йўналишларидан бири эса, ўзаро миллий манфаатлари боғлиқ бўлган Марказий Осиё минтақаси бўлиб қолаверади.

Аммо, қолган МДҲ давлатлари назарда тутилганда, Шавкат Мирзиёев биринчи навбатда Россия билан ҳар икки мамлакат манфаатларига жавоб берувчи, минтақа хавфсизлигига хизмат қилувчи икки томонлама шартнома ва келишувлар асосида ўзаро алоқаларини тараққий топтириш ва мустаҳкамлаш ташқи сиёсатларининг муҳим қирраси бўлишини ҳам таъкидлаган.

Лекин, худди шу манзарада, АҚШ билан ҳар томонлама манфаатли ва конструктив ҳамкорлик масаласи ҳам Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида муҳим аҳамият касб этиб қолаверишини баён қилганди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг Гамбургда айтишича, "Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий йўналиши бу - қўшни Афғонистондаги мавжуд можаролар шароитида Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни сақлаб қолиш, минтақани изчиллик билан ривожланаётган ҳудудга айлантириш бўлади".

Хабарларга кўра, Гамбургдаги учрашувда Ўзбекистондан ташқари, Қозоғистон, Тожикистон ташқи ишлар вазирлари, АҚШ Давлат котиби Жон Керри ҳамда Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг вакиллари иштирок этишган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.